Қуббатул ислом мақомини ким ҳимоя қилади?!.

147

– Устоз, сиз қизил арчани ҳеч кўрганмисиз? – деди Зокир ахлоқий тарбия бўйича маъруза ўқиётган ўқитувчиси гапини дафъатан бўлиб.
Мавзуга мутлақо дахли йўқ бу саволдан таажжубланган муаллим ўқувчисига пичинг аралаш танбеҳ берди:
– Сен ўзингни ботаника дарсида ўтирибман, деб ўйлаяпсан, шекилли. Дарсни тинглаш ўрнига нималар ҳақида хаёл сураяпсан?

– Кечирасиз, устоз, аммо саволим фанингизга жудаям тааллуқли, – Зокиржон шундай дея, синфхона деразасидан кўриниб турган истироҳат боғи томонга ишора қилади. – Анави арчаларга бир қаранг, ҳаммаси қизил рангда-ку…
Ўқитувчи аввалига унинг гапини тушунмади, ҳатто ташқарига нигоҳ ташлаб, ям-яшил дарахтлар орасидан қизил арчани излаб ҳам кўрди. Сўнгра бир-бирининг пинжига суқилганча боққа кириб кетаётган ёшларга кўзи тушиб, ичидан қиринди ф бўлди. Ўқувчисининг коса тагида нимкоса қабилидаги саволига дарҳол жавоб топа олмаганидан мулзам бўлди. Кейин беихтиёр «Уятдан… уятдан қизарган арчалар», дея пичирлади. Бу калимани у шивирлаб айтган бўлса-да, шогирдларининг барчаси эшитди…
Кунда-кунора Бухоро шаҳридаги «Фавворалар майдони» номли боғни оралаб ўтаман. У бундан сал олдин қайта таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилгани кўзни қувонтиради. Хиёбондаги ноёб манзарали дарахтлар киши қалбига завқ бағишлайди. Аммо охирги пайтларда бу дам олиш мас­кани йигит-қизларнинг учрашув жойига айланганига, улар бир-бирининг пинжига суқилиб, номақбул хатти-ҳаракатлар қилишаётганига гувоҳ бўламан. Боғ ҳудудида одоб-ахлоқни ҳирсу ҳавасга алмаштирган ғўр йигит-қизлар тобора кўпайиб бораётганидан қаттиқ ташвишланаман.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тақдим этган маълумотларга қараганда, қонунчилигимизда бундай ножўя ҳаракатларни жиловлаш бўйича бирон-бир қатъий жавобгарлик белгиланмаган. Диний идора вакилларидан муносабат сўраганимизда, улар ҳеч қайси дин ахлоқсизликка изн бермаслигини, муаммони ижобий ҳал этиш учун барча бирдек жон куйдириши зарурлигини эслатишдан нарига ўтишмади.
Аслида бундай ахлоқсизликлар фақат Бухорода эмас, мамлакатимизнинг бошқа вилоят-шаҳарларидаги истироҳат боғларида ҳам бот-бот рўй бераётгани кўпчиликка аён. Энг ачинарлиси, баъзан табаррук зиёратгоҳлар ҳудудида ҳам қўлтиқлашиб юрган ёки қучоқлашиб ўтирган ёшларга кўзимиз тушади.
Эҳтимол, эркин демократик давлат барпо этиш жараёнида бу янглиғ бетаъсир қоидаларга ҳам кўникишимизга тўғри келар. Аммо улар туфайли шариф шаҳар, қуббатул ислом деган улуғ мақомга муносиб муқаддас гўшаларимиз обрў-эътибори ва мавқеини, миллий қадриятларимизни оёқости қилмаслигимиз, билъакс, уларни ҳимоя қилиш чораларини кўришимиз керак. Қолаверса, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни Бухорога жалб этиш ишлари жадал давом этаётган бир пайтда айрим ёшларимизнинг беҳаё қилиқлари мусулмон зиёратчилар ҳафсаласини пир қилмаслиги чораларини кўришимиз шарт!

Дилдора ИБРОҲИМОВА,
«ISHONCH»