Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига қараганда, айни пайтда ер юзида 1 миллиарддан ортиқ одам ортиқча вазнга эга. Уларнинг 650 миллион нафари катталар, 340 миллион нафари ўсмирлар ва 39 миллион нафари болалардир.
Семизликнинг хавфли тарафи шундаки, у ўз ортидан ўнлаб хасталикларни «эргаштириб» келади. Масалан, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти, инсульт, гипертония хасталиги, сурункали вена қон-томирларининг етишмовчилиги, холецистит ва ўт-тош касаллиги, артритлар, остеохондроз ва остеоартрозлар, умуртқа поғонаси чурралари, жигарнинг ёғли дистрофияси ҳамда онкологик хасталиклар айнан ортиқча вазн сабаб юзага келиши мумкин. Юрак-қон томир касалликлари эса дунёдаги ўлимларнинг энг асосий сабабчиси бўлиб, унинг ривожланиши бевосита семизлик билан боғлиқ. Буни, табиийки, тиббиётчилар яхшироқ тушунтиришади. Биз шунчаки умумий манзарани тасаввур қилишингиз учун келтириб ўтяпмиз.
Биласиз, илгарилари семизлик ҳақида гап кетса, ушбу касалликни Америка, Мексика ёки қайсидир ривожланган ғарб давлатларига хос муаммо деб қарардик. Лекин бугун ҳеч қайси мамлакат ундан холи эмас, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам. Бу борада юртимиздаги вазият жиддийлигини Президентимиз яқинда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотда келтирган рақамлар ҳам тасдиқлайди: «Афсуски, тўғри овқатланмаслик ва ҳаракатсизлик оқибатида бугунги кунда аҳолимизнинг 75 фоизида ортиқча вазн борлиги, 30 фоизида эса холестерин ва қон босими юқори экани, барчамизни ўйлантириши керак», деди давлат раҳбари.
Чиндан ҳам, бу ҳаммамизни, бутун жамиятни ўйлантириши керак бўлган муаммо. Унинг кўламини ҳис қилиш учун эса статистикани бир четга суриб туринг-да, шунчаки кўча-кўйда одамларга яхшилаб разм солиб кўринг: олдингиздан ўтган ҳар учта кишидан камида биттаси қорин қўйганига гувоҳ бўласиз. Балки сал ошириб юборгандирман, аммо деярли аҳвол шундай, семизлар сафи сезиларли даражада кенгайган. Чунки аксариятимизнинг юриш-туришимиз, еб-ичишимизда деярли тартиб йўқ. Масалан, кўпчилигимиз машинада ишга келамиз, офисда, компьютер қаршисида соатлаб ўтирамиз, бу орада тушликка чиқиб, босиб ош, норин, сомса ёки қозон кабоб еймиз, тўқ қоринга келиб яна ўтириб, ишимизни кечгача давом эттирамиз. Кун охирлаб, уйга машинада йўл оламиз. Оқшом соат 20-21 ларда тўйиб ёғли овқат тановул қиламизу, ёнбошлаб ё телефон «титкилаймиз» ёки телевизор кўрамиз. Баъзиларда ярим кечаси бориб музлаткичдан бир нималар олиб ейдиган одат ҳам бор. Қани бу ерда тартиб? Қолганига ҳафта ўрталари ёки охирларида танишлар давраси, чойхоналар қўшилади. Энди у ерлардаги овқатларнинг калорияси қандайлигини сиз яхши биласиз.
Асосий муаммо бу ерда еб-ичишда ёки давраларда эмас, қайси вақтда овқатланишу ундан кейинги ҳаракатсизликда. Хўш, нима учун тушлик пайтида ёки кечки овқатдан сўнг ярим соатга сайр қилишга вақт топмайсиз? Нима учун эрталаб туриб, бир оз бадантарбия қилмайсиз? Кўпчиликка шу саволни берсангиз, «вақт қаерда унга?» дейди. Лекин чойхонага, зиёфатларга, албатта, вақт топилади.
Мен мазкур мақола ҳақида ўйлаб юрганимда кўп танишларимни кузатдим, улар билан соғлом турмуш тарзи ҳақида суҳбатлашдим. Шундай хулосага келдимки, биз, кўпчилигимиз, чиндан ҳам, бу борадаги дунёқарашимизни, одатий ҳаёт тарзимизни ўзгартиришимиз керак экан. Мисол учун, бир дўстим яқинда Корея Республикасида бўлиб қайтди. Сафар таассуротларини сўрадик. «Ҳаммаси зўр бўлди, фақат овқатдан жуда қийналдим. Корейслар нуқул қайнатилган таом еркан. Ишонсангиз, қайтиб келган кунимоқ тандир гўштдан роса «туширдим». Қўй ёғи, қўй гўштига ош қилдириб едим. Бор экан-ку, девордим», дейди. Мана, сизга жайдарича гап, одатий ҳаёт тарзи. Ваҳоланки, корейслар ҳам, японлар ҳам соғлом турмуш тарзига, соғлом овқатланишга энг яхши амал қиладиган миллатлар сирасига киради. Улар менюсида салатлар, кўкатлар, қайнатилган таомлар асосий ўринда туради. Ёғли, қовурилган овқатлар деярли истеъмол қилинмайди. Фақат бугина эмас, корейс ва япон халқи жисмоний тарбия машқларини ҳам кундалик одатга айлантирган. Ҳеч бўлмаганда юришга чиқади. Шунинг учун ҳам улар узоқ умр кўриш статистикасида яхши поғоналарда қайд этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев, мана, бир неча йилдирки, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш ҳақида куюниб гапиради, камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш оқибатларидан огоҳлантириб келади, жамият ўзгариши кераклигини таъкидлайди. Юқорида пандемиядан энг кўп ортиқча вазнли одамлар азият чекди, дедик. Қарангки, давлат раҳбари ҳали коронавус тарқалмаган вақтдаёқ, 2018 йилнинг 9 ноябрида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ортиқча вазн муаммосини кўтарган эди ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини, соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш ва бу орқали касалликлар профилактикасини кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берганди. Кейин қатор ҳужжатлар қабул қилинди, тиббиёт тизими имкониятлари сезиларли даражада мустаҳкамланди. Қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди.
Лекин асосий гап барибир ҳар кимнинг ўзида. Агар дунёқараш, муносабат ўзгарса, «саломатлигим, биринчи навбатда, ўзим учун керак», деган хулоса чиқарилса, кўп нарса ўзгариши аниқ.
Аслида касалликларнинг олдини олишнинг энг камхарж ва самарали йўли айнан соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятига амал қилишдир. Ўйлаб кўринг, тренажёр олишингиз шарт эмас, бирорта залга пул тўлаб қатнаб юришингизга ҳам ҳожат йўқ. Шунчаки кун давомида юриш учун камида ярим соат вақт ажратасиз ва тўғри овқатланасиз – тамом, бошқа ҳеч нима керак эмас. Сайр қилишга истасангиз йўл бўйларини, хоҳласангиз, хиёбонларни танланг. Жой муаммо эмас. Масалан, пойтахтда бўлсангиз, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри биноси ён-атрофини билсангиз керак, жуда сўлим ва соя-салқин маскан. Эътиборлиси, охирги вақтларда ушбу ҳудуддаги йўлаклар бўйлаб сайр қиладиганлар сафи сезиларли даражада кенгайди. Айниқса, тушлик вақтида юришга чиққанлар кўп учрайди. Аксарияти расмий кийинган, бўйинбоғ таққан кишилар. Бу шу яқин манзилда асосан маъмурий бинолар, давлат идоралари жойлашганидан бўлса керак. Улар ўзлари учун шундай анъанани йўлга қўйишгани ибратлидир. Чунки бир жойда узоқ ўтириб ишлайдиганларга айни мана шундай 20-30 дақиқалик сайр кони фойда: ҳам саломатлик мустаҳкамланади, ҳам кайфият яхшиланади. Натижада ишдаги унумдорлик ошади.
Шу ердан салгина наридаги Симпозиумлар саройи ёнида ҳам ажойиб ландшафтга эга йўлаклар бор. Бу манзилда ҳам сайр қиладиганлар учрайди. Ёки «ЦУМ» ёнидаги боғни олинг. Тушликдан кейин бу ер ҳам юраётганлар билан тўлади. Умуман, истак ва хоҳиш бўлса, қулай жойни топиш муаммо эмас.
Иккинчи масала – тўғри овқатланишни йўлга қўйиш. Бу борада таниқли мутахассис фикрларига эътибор қаратсак.
– Буюк аллома Ибн Сино «Тиб қонунлари» китобида «Кимки ўз соғлиғини сақламоқчи ва мустаҳкамламоқчи бўлса, овқатланиш тартибига, истеъмол қилинаётган таомнинг сифатига, миқдорига, истеъмол қилиш вақти ва унинг ҳазм бўлиш жараёнига асосий эътиборни қаратмоғи лозим», дея таъкидлаган, – дейди тиббиёт фанлари доктори Гули Шайхова. – Семизлик – инсон организмида моддалар алмашинувининг сурункали бузилиши натижасида тўқималарда ортиқча ёғ йиғилиши ҳисобланади. Бунинг олдини олиш учун эса парҳезли овқатланишга аҳамият қаратиш зарур. Бу кунлик углеводлар ва қисман ёғларни камайтириш ҳисобига энергетик қиймати паст таомномани тайинлашдир. Бунда семизлик даражаси, беморнинг ҳолатига қараб қувватга бўлган индивидуал эҳтиёж 20-50 фоизга камайтирилади.
Парҳезда оқсилли маҳсулотлар 400-500 граммдан кам бўлмаслиги лозим. Ҳазми осон қандларни менюдан чиқариб ташлаш зарур. Шунинг ҳисобига углеводларни кунига 100-200 граммгача кескин камайтириш мумкин.
Халқимиз нонни жуда севиб истеъмол қилади. Лекин парҳезда ушбу неъматни кунига 100-150 граммгача, керак бўлса, 50 граммгача камайтириш ёки бутунлай чиқариб ташлаш тавсия қилинади. Шакарнинг ўрнига эса асал (30 граммгача) ёки қанд ўрнини босувчи бошқа маҳсулотлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Рациондаги ёғ миқдори 80 граммгача камайтирилади. Масалан, овқат тайёрлаш, салатлар, винегретлар ва ҳоказоларга 30-40 граммгача ўсимлик ёғлари қўшиш етарли. Бундан ташқари, кун давомида 1,5-2 литр тоза сув овқатланиш оралиғида истеъмол қилинса, моддалар алмашинувига қулай шароит яратилади, бу эса, ўз навбатида, организмдан шлакларнинг чиқиб кетишига ёрдам беради.
Ош тузини чеклаш. Бунда овқат деярли тузсиз пиширилади, тановул пайтида бирозгина туз қўшилади. Шунингдек, овқат рационидан алкоголли ичимликларни, гўштли, балиқли, қўзиқоринли ўткир қайла ва шўрва, дудлама, тузламаларни чиқариб ташлаш зарур. Таомга зираворлар, мурч, хантал, ерқалампир ва бошқаларни қўшмаслик керак.
Кунига 5-6 марта овқатланиш ва шу оралиқда ҳўл мева ва сабзавотлардан тайёрланган салатларни истеъмол қилиш фойдалидир.
Эрталабки жисмоний тарбия интизом, ирода, уюшқоқлик, меҳнатсеварлик, юксак ақлий эътиқод ва бошқа жисмоний аҳамиятга молик қимматли фазилатларни шакллантиради. Организмнинг биологик қийматини оширади. Шу боис кунига 1,5 ва 2 соат юриш тавсия қилинади.
Шу ўринда Саъдий Шерозийнинг қуйидаги мисраларини келтириб ўтишни истардим:
Кўп ема, оғзингдан чиқиб кетмасин,
Оч юрма, заифлик жондан ўтмасин.
Овқатдан танага келади лаззат,
Аммо ортиқчаси келтирар заҳмат.
Қисқаси, ўз соғлиғингизга бефарқ бўлманг. Тўғри овқатланинг ва доимо ҳаракатда бўлинг.
Шавкат ОРТИҚОВ,
журналист
