Тутаётган умрлар

88

Шифохона эшиги ёнида бир аёл ўксиб-ўксиб йиғларди. Негадир тўхтаб қолдим: балки ёрдамим тегар, ҳеч бўлмаса, тасалли берарман?..
Аёлнинг ҳасрати бир олам эди. Турмуш ўртоғи шу ерда даволанаётган экан. Ташхис жуда оғир – қизилўнгач саратони. Ҳозиргина шифокорлар у сўнгги кунларини яшаётганини айтишибди. Бу хабарни кўтаролмаган аёл дарвозадан чиқибди-ю, қаёққа борарини билмай, йиғлаб ўтирган экан.

– Ҳаммасига кашандалик сабаб, мана шу сабаб, – дея аёл яна йиғлай бошлади…
Беихтиёр унинг қўлига қарадим: тамаки. У ҳам чекаётганди…
– Шунчаки сиқилишдан, – деди аёл дилимдаги саволни тушунгандай, – ўрганиб қолганман. Биз ҳаммамиз чекамиз. Ўғлим ҳам, қизим ҳам…
Бу ҳолат, менимча, жамиятдаги кашандалик билан боғлиқ барча жиҳатларни очиб бера олади. Шундай. Саломатлик учун ўта хавфли экани аллақачон исботлангани ва хавфлилиги бот-бот таъкидланаётганига қарамай, жамият ҳамон кашандалик иллатидан воз кечолмаяпти. Мана исботи: айни пайтда жаҳонда 2 миллиард нафардан ошиқ кашанда бор.
Халқаро тамаки етиштирувчилар уюшмаси маълумотларига кўра, дунёнинг 125 давлатида 4 миллион гектар ерга тамаки экилади. Бу сайёрамиздаги экин майдонларининг 1 фоизидир.
ЖССТнинг қайд этишича, бир йилда дунё бўйлаб 5,5 триллион дона тамаки ишлаб чиқарилади. Ҳисоб-китоб­ларга кўра, бир кеча-кундузда сайёрамиз бўйлаб 15 миллиард дона сигарет сотиб олинади. Бунинг учун кунига ўртача 1,3 миллиард АҚШ доллари сарфланади.
Бу ҳақда маълумотларни таҳлил қилар эканман, бир далил дилимни ранжитди. Гап шундаки, дунё кашандаларининг ёши тобора «ёшариб» бормоқда. Ривожланган давлатларда 18 ёшдан, ривожланаётган мамлакатларда 15, қолоқ давлатларда эса ҳатто 13 ёшдан чекишга ружу қўйиш авжида. Кашандалар сафига ҳар йили 80-100 минг нафар ­вояга етмаганлар қўшилади. Уларнинг ҳар ўнтасидан 8 таси келажакда бу иллатдан қутулолмаётгани инобатга олинса, мазкур хавф тобора глобал аҳамият касб этаётганини кўриш мумкин.
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар сонияда (10 йил аввал бу кўрсаткич 12 сонияга тенг бўлган) бир киши, 1 йилда эса 6,4 миллион киши кашандалик оқибатида орттирилган касаллик туфайли вафот этмоқда.
… Бугун тамаки чекаётган кишини кўрсам, кўз олдимга касалхона олдидаги ўксиб-ўксиб йиғлаётган аёл келади. Қўлида эса сигарета – тутаётган умр…

Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«ISHONCH»