Сўнгги йилларда божхона органларини ислоҳ этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, контрабанда ва бошқа жиноятлар ҳамда божхона қоидаларининг бузилишига қарши курашишда узоқ йиллик тажриба ва замонавий методларга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Шу асосда тизим фаолиятига янги самарали шакллар жорий қилинмоқда. Бунинг яққол далилини Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятида ҳам кўриш мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий кинология хизматини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида 1996 йил 24 октябрда минтақамизда ягона бўлган Миллий кинология маркази ташкил этилганди. Бугунги кунда юртимизда кинология соҳасига берилаётган эътибор ва яратилаётган шароит туфайли у алоҳида йўналиш ва фан сифатида шаклланди.
Марказга 2008 йилда Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий кинология маркази мақоми берилган.
Яқинда пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи»да Ўзбекистон Халқаро полиция ассоциацияси ва Давлат божхона қўмитаси Миллий кинология маркази билан ҳамкорликда идоралараро “ХИЗМАТ ИТЛАРИ – 2022” кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси Миллий кинология маркази, Миллий гвардия, ДХХ Чегара қўшинлари, ДХХнинг “Бургут” питомникларида етиштирилган жами 100 дан ортиқ хизмат итлари қатнашди.
Мусобақа шаклида ташкил этилган кўргазмада хизмат итларининг сезгирлик, чопқирлик, соғломлик ва зотдорлик даражаси баҳоланди. Кинология хизматлари ўртасида наслчилик ишларини ривожлантириш, хизмат итларини етиштириш ва парваришлаш борасида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга урғу берилиб, кинология хизматлари ходимлари ва мутахассислари ўзаро тажриба алмашишди.
–7 йилдан буён Лабрадор зотли Лоран лақабли хизмат итига қарайман, – дейди Миллий кинология маркази хизмат итлари бўйича мутахассиси Муҳаммаджон Ғоибов. – Лоран жуда ақлли, сезгир ва чаққон. Ҳатто кайфиятимни ҳам жуда яхши пайқайди. Бошида нотаниш итнинг характерини ўрганиш учун 4 ой вақт кетади. Уларнинг яхши натижага эришиши учун аввало тоза-озодалигига, ўз вақтида овқатланишига, гельминтациялаш ва вакцинациялаш кабиларга эътибор қаратиш лозим. Бундан ташқари, ўз вақтида овқатлантириш, творог, тухум, гўштли маҳсулотлар ва донли маҳсулотлар бериб бориш зарур. Тоза-озода парвариш қилиниб, соғлом бўлган кучук энг сезгир ва ақлли бўлади.
Кўргазмага кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар жалб қилинди. Бундан мақсад, уларга кинология соҳасининг аҳамиятини яқиндан тушунтириш, келажагимиз эгаларида она табиатга, ҳайвонларга нисбатан меҳр ҳиссини кучайтиришдир.
–Биз фарзандларимиз билан ушбу тадбирга келдик, – дейди юртдошларимиздан бири Музаффар Илашов. – Агар болаларни ёшлигидан ҳайвонот олами ва табиат билан яқиндан таништириб, улар билан дўстона алоқа ўрнатишни йўлга қўйсангиз, болалар жониворларга ва она табиатга нисбатан меҳрли бўлиб улғайишади. Бугун турли зотга мансуб кучукларнинг чиқишини томоша қилиб, фарзандларим маданий хордиқ чиқаришди, шу билан бирга жониворлар ҳақидаги билими ҳам бойиди. Бундай кўргазмалар аҳоли ва ёш авлод тарбиясига ҳам ижобий таъсир қилади.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда божхона органларини ислоҳ этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, контрабанда ва бошқа жиноятлар ҳамда божхона қоидаларининг бузилишига қарши курашишда узоқ йиллик тажриба ва замонавий методларга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Шу асосда тизим фаолиятга янги самарали шакллар жорий қилинмоқда.
Ўтган давр мобайнида Кинология марказида таълим тизими халқаро стандартлар асосида сифат жиҳатидан янгиланди, ўқув жараёнларининг амалиётга йўналтирилганлик даражаси ошди. Янги ахборот ва педагогик технологиялар кенг жорий этилмоқда.
Миллий кинология маркази ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар устидан назорат қилиш ва жиноятларнинг олдини олиш бошқармасининг “Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ўртасида халқаро ҳамкорлик” дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унинг доирасида ўтган йиллар давомида 15 маротаба минтақавий ўқув курслари ташкил этилган.
Ўқув курсларида Афғонистон, Арманистон, Эрон, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизстон, Туркманистон ва Тожикистон Республикасининг 182 нафар кинологлари ўқитилиб, 182 бош хизмат итлари тайёрлаб берилган.
Миллий кинология маркази томонидан ўтган йиллар давомида мамлакатимизнинг нафақат Давлат божхона қўмитаси таркибий тузилмаларида, балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат олиб бориш учун 6 мингдан ортиқ кинологлар ўқитилиб, хизмат итлари тайёрлаб берилди.
Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимизда кинология соҳасига берилаётган эътибор, яратилаётган шароит туфайли у алоҳида йўналиш ва фан сифатида шаклланди.
Тадбирда кўргазмани ташкил этишда яқиндан ҳамкорлик кўрсатган Ўзбекистон Халқаро полиция ассоциацияси, Ўзбекистон кинология федерацияси ҳамда «Ғалаба боғи» маъмурияти ва бош ҳомий – “ЗООПЛАНЕТА” ташкилотлари раҳбарларига иштирокчилар номидан алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch.uz”
