Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2022 йил 14 мартдаги ҳал қилув қарори билан Барно Фозилованинг ишга тиклаш масаласида қилган даъво аризаси қаноатлантиришсиз қолдирилди.
Шундан сўнг Барно Фозилова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилди.
Ўрганишлар ўтказилгач, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори Барно Фозилованинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судига фуқаронинг номидан апелляция инстанциясига шикоят аризаси киритди.
Суд давомида «Асака банк» АЖ томонидан Барно Фозиловага нисбатан муддатли меҳнат шартномаси тузиш ва муддатли меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида чиқарилган буйруқларда қонун бузилиши ҳолатлари ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2022 йил 14 мартдаги ҳал қилув қарорида ҳолат тўлиқ ўрганилмагани меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан етарлича далиллар ва қонунлар билан исботлаб берилди.
Юқоридагиларга асосан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 12 майдаги ҳал қилув қарорида фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2022 йил 14 мартдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, «Асака банк» АЖнинг Барно Фозилова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, Барно Фозилова ўз ишига тикланди.
Унга иш берувчи томонидан етказилган маънавий зарар учун 5 миллион сўм, мажбурий прогул вақти учун 21 миллион сўм миқдорида пул маблағлари ундирилиши белгиланди.
Мансуржон УСМОНОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат
ҳуқуқ инспектори
