Амударёнинг икки томонида жойлашган Ўзбекистон ва Афғонистон ён қўшни мамлакатлар ҳисобланади. Бу икки халқ асрлар оша ягона маданий-цивилизацион маконда яшаб келади. Уларни азал-азалдан ўхшаш тиллари, умумий муқаддас дини ва муштарак маънавий қадриятлари бирлаштириб туради. Ўзаро савдо-содиқ ва ижтимоий алоқалар ўтган асрнинг 20-йилларида ҳам давом этган. Зиёлиларга муҳтож бўлган пайтларида эса олиму муаллимларимиз афғонларнинг ёнида туриб беришган. Жумладан, етук маърифатпарвар Абдулла Авлоний бу диёрда маориф вазири бўлиб ишлаган, кейинчалик собиқ Иттифоқнинг Ҳиротдаги мухтор элчиси сифатида хизмат қилган. Таниқли зиёли Муҳаммадшариф Сўфизода эса аввал ушбу мамлакат маориф вазири ўринбосари, сўнгра унинг Туркистондаги элчихонасида тилмоч вазифасини бажарган. Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин.
Энг муҳими, давлатларимизнинг яхши қўшничилик муносабатлари ҳозир ҳам давом этмоқда. Биз эса бугун 1979-1989 йилларда Афғонистонда рўй берган воқеалар ҳақида Давлат хавфсизлик хизматининг Фахрийлар кенгаши аъзолари, истеъфодаги полковниклар Худойберди СОҲИБОВ ва Суннатилла МИРЗАЛИЕВ билан суҳбатлашишни лозим топдик.
– Худойберди Соҳибович, мулоқотимизни ҳарбий тарихчи сифатида сиз бошлаб берсангиз.
– Афғонистон мавзуси ҳар доим Ўзбекистон учун долзарб бўлиб келган. Давлатларимизнинг геосиёсий жойлашуви уларни бир-биридан айро кўришга монелик қилган. Мовароуннаҳр, Туркистон, Турон заминида чегаралар ҳаминқадар бўлган. Ўзаро борди-келдилар, қуда-андачилик, олимлар, зиёлилар, ижод аҳлининг ҳамкорлиги доимий йўлга қўйилган. Қолаверса, ушбу мамлакат шимолида яшайдиганларнинг аксариятини ўзбеклар ташкил этади. Ёки айтайлик, яқин-яқингача Ўрта Осиё давлатлари деганда, Афғонистон ҳам тушунилган. Дунё жўғрофиясида у ушбу минтақанинг тўла қонли аъзоси саналган.
Афғонистон ҳукумати СССР тузилганини 1919 йилдаёқ биринчилар қатори эътироф этиб, Англияни ва ўз замонасининг бошқа илғор давлатларини доғда қолдиради. 20-йиллар охирида Омонуллохон танг аҳволга дучор бўлганида Қизил армия ҳам унга ёрдамга шошади. Новаторлиги ва ташаббускорлиги билан Афғонистон тарихида чуқур из қолдирган бу ҳукмдор инқилобий ўзгаришларни амалга оширган. Жумладан, унинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатда кўпхотинлилик ва вояга етмаган қизларни турмушга узатиш таъқиқланади, аёлларнинг чачвон ёпиниб юришлари бекор қилинади. Алалоқибат диний маъмурият подшоҳнинг бундай ислоҳотларига қарши исён кўтаради ва мамлакатда оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаради.
1927 йили Москва Омонуллохон ҳукуматини 12 та аэроплан ва артиллерия қуроллари билан таъминлайди. Келаси йили Англия разведкаси Ҳабибулло бошчилигида жангари гуруҳ тузиб, мамлакат шарқида катта қўзғолон уюштиради. Афғон мусулмонлари Омонуллохонни шариат арконларини бузишда айблашади ва Ҳабибуллони подшоҳ деб эълон қилишади. Омонуллохон 1929 йили мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади.
Афғонистоннинг Москвадаги элчиси Набихон ва Ташқи ишлар вазири Сиддиқхон СССР раҳбари Иосиф Сталинга мурожаат этиб, шошилинч ҳарбий ёрдам сўрашади. Кўп ўтмай коммунистик партия Сиёсий бюроси Қизил армия қўшинларини Афғонистонга киритиш юзасидан қарор қабул қилади. Икки минг кишилик чекланган қўшинга Кобулдаги совет ҳарбий атташеси, фуқаролар уруши қаҳрамони Виталий Примаков раҳбар этиб тайинланади. У Рағиббей лақаби билан ташкилий ишларни бошлаб юборади.
15 апрелда Афғонистоннинг Термизга яқин заставасига 6 та аэроплан воситасида қўққисдан ҳаводан берилган зарба афғон қўшинларини шошириб қўяди. Примаков бошлиқ ҳарбий отряд Амударёдан ўтиб, ушбу мамлакат ҳудудига бостириб киради. Қандаҳорга қочган Омонуллохон советлар билан келишувга мувофиқ, Кобулга қайтади. Май ойида совет аскарлари сони яна 400 нафарга кўпаяди. Жангларда Омонуллохон тарафдори бўлган 500 нафар ҳазорий ҳам фаол қатнашади. Амалиётлар муваффақиятли давом этаётган шундай бир пайтда Омонуллохон кутилмаганда мамлакатни ташлаб, Европага қочиб кетади. Ўзи билан давлат ғазнасидаги бойликларни ҳам олиб кетади. Алқисса, СССРнинг Афғонистонда жангларни давом эттириши ўз моҳиятини йўқотади.
– Демак, 1979 йил воқеалари учун тарихий сабоқ бор экан-да!
– Мен СССР чекланган ҳарбий қўшинлари контингентини Афғонистонга киритиш билан боғлиқ сиёсий қарор қандай қабул қилингани тафсилотларига тўхталиб ўтирмайман. Лекин шуниси аниқки, юқори мартабали айрим ҳарбий қўмондонлар унга қарши чиқишган. Чунки, совет тарихчилари оқлашга ҳарчанд уринишмасин, бу уруш мазмунсиз ва мантиқсиз эди. Эҳтимол, шу сабабдандир, Ҳафизулла Аминни қатл этишга, Бабрак Кармал раҳбарлигидаги ҳукуматни тузиш ва Афғонистонга қўшин киритишга доир ҳужжатлар марказий идорада ҳам, Кобулдаги резидентурада ҳам йўқ қилиб юборилган.
Афғонистонга қўшин киритиш масаласи бир кунда ёки бир кечада Сиёсий бюро йиғилишида ҳал этилган деган гаплар ҳам асоссиз. Туркистон ҳарбий округи СССР Мудофаа вазирлиги Бош штабининг ёпиқ директивасига биноан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон республикалари маҳаллий аҳолиси ҳисобидан махсус отряд шакллантиришни ёз пайтидаёқ бошлаб юборади. 1 августда махсус вазифаларни бажарадиган 154-отрядни тузиш ишлари тугалланади. Кейинчалик у «Мусулмон батальони» номини олади.
Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ)нинг махсус гуруҳлари ва 154-отряд 28 декабрга ўтар кечаси Афғонистон раҳбари Ҳафизулла Аминнинг Кобулдаги қаттиқ қўриқланадиган Тож-Бек саройига ҳужум уюштиришади. «Шторм — 333» деб номланган бу махсус ҳарбий амалиёт атиги 30-40 дақиқа давом этади. Амин бошчилигидаги Афғонистон Халқ демократик партиясининг таниқли намояндалари, ҳарбийлар ва маҳаллий аҳоли вакилларининг баъзилари бемаврид ўлим топади. Афғон ҳукумати илтимосига кўра, Савр инқилоби ҳимояси учун киритилган совет қўшини бу ўлкада ўн йил қолиб кетади.
– Сизнингча, Ҳафизулла Аминнинг ҳаёти қайси қилмишлари учун бундай фожиали якун топди?
– ДХҚнинг истеъфодаги полковниги, раҳматли дўстимиз Турдиали Масутов билан ушбу мавзуда кўп суҳбатлашганмиз. Қолаверса, у ҳаётининг сўнгги йилларида ёзган «Қил устидаги қисмат» асарида бу ҳақда батафсил сўз юритган. Чунки 1979 йилнинг сўнгги кунларида у ДХҚнинг Афғонистондаги махсус бўлинмалари раҳбари генерал Юрий Дроздовнинг ёрдамчиси бўлган ва таржимонлик қилган.
Сирасини айтганда, Афғонистонда «сарой ўйинлари» доимо бўлиб турган. 1933-1973 йилларда уни бошқарган Зоҳиршоҳ тахтдан ағдарилгач, ўрнига амакиваччаси Муҳаммад Довуд ўтиради ва мамлакатни республика, деб эълон қилади. 1978 йил 27 апрелда эса Нурмуҳаммад Таракий уни ўлдириб, давлат бошлиғи ва бош вазир лавозимларини эгаллайди. Бабрак Кармал давлат раҳбари ўринбосари, Ҳафизулла Амин бош вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланади. Афғонистон демократик республика мақомини олади.
Савр инқилоби собиқ Иттифоқ ташаббуси билан рўй бермаган, аксинча, у туфайли Москва олдида кўплаб муаммолар пайдо бўлган. Афғонистон эса салкам олтмиш йиллик тинч-барқарор ва яхши қўшни эди, бироқ барча кўрсаткичлар бўйича анча қолоқ бўлиб, унда феодал ва ярим феодал муносабатлар ҳукм сурарди. Ҳар бир қабила қадимги аждодлари турмуш тарзига хос анъаналар асосида ҳаёт кечирарди. Боз устига, Савр инқилоби жамият ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборадиган том маънодаги революция эмас, оддий сарой тўнтариши, ҳокимият алмашинуви эди, холос.
Асл касби журналист бўлган Нурмуҳаммад Таракий илк бор 1963 йили Москвада бўлган ва коммунистик ғоялардан руҳланиб, 1965 йилда халқ демократик партиясини тузган эди. Ҳафизулла Амин унинг советлар томонидан тахтга келтирилганини ҳечам ҳазм қилолмасди. Шу боис Таракийга қарши очиқ-ошкора душманлик сиёсатини бошлаб юборади, фитналар уюштиради. Партия ичида юзага келган парокандаликдан унумли фойдаланиб, 1979 йил сентябрида ҳукмронликни қўлга киритади. У ҳатто СССР раҳбари Леонид Брежневнинг Таракийни ўлдирмаслик ҳақидаги мурожаатномасини ҳам назарга илмай, қабиҳ режасини амалга оширади.
Афғонистондаги вазият мушкуллашганидан далолат берувчи яна бир далил. Савр инқилобидан кейин Адольф Дабс АҚШнинг Кобулдаги элчиси этиб тайинланади. У бир ярим йил ичида Ҳафизулла Амин билан 14 марта учрашади. 1979 йил 14 февралда эса террорчи гуруҳлар томонидан ўлдирилади.
– «Совуқ уруш» даври деб аталган ўша оғир дамларда СССР ва АҚШ ўртасида ҳам рақобат мавжуд эди. Буни босқинчиликка сабаб қилиб кўрсатиш мумкинми?
– Тўғри, ХХ асрнинг 70-йиллари охирида бу давлатларнинг ўзаро муносабатлари ёмонлашди. Коммунистик партия Сиёсий бюроси Афғонистонга кириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу билан собиқ Иттифоқ Афғонистондаги ҳарбий вазиятни бошқариб, Жанубий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқни ўз назоратига олишни мўлжаллади. НАТО эса Вашингтон талаби билан 1979 йил 12 декабрь куни Европада ўрта узоқликка учадиган 572 та ракетани жойлаштириш тўғрисида қарор чиқарди. Шу тариқа СССР ва НАТО ўртасида маълум маънода баланс – тенглик таъминланиши фараз қилинганди.
– Боя ўзингиз тилга олган Мусулмон батальони ҳақида батафсилроқ тўхталсангиз…
– У «Зенит», «Гром» жанговар отрядлари сингари Тож-Бек саройини ишғол қилишда муҳим ўрин тутганини тарихчилар эътироф этишади. Ўша кезлар бу батальонга СССР махсус хизматининг Кобулдаги жанговар кучи сифатида қаралган. Унга номзодлар обдон сараланган. Чирчиқ шаҳри атрофидаги Озодбош ҳарбий дала полигонида ўзбек, тожик ва туркман аскарлари жиддий синовдан ўтказилган. Аввало, уларнинг жисмонан бақувватлиги ва сиёсий эътиқодига, фикрлаш доираси ва тез мустақил қарор қабул қилишига эътибор қаратилган. 5000 дан зиёд йигит кўрикдан ўтказилиб, 540 нафари танлаб олинган. Барчасидан соқолини ўстириши талаб қилинган. Улар нега бундай тайёргарлик кўришаётганини билишмаган.
Майор Т.Холбоев қўмондонлигидаги юз кишидан иборат қаҳрамон батальон Тож-Бек саройига биринчилардан бўлиб бостириб киради. «Шторм»нинг илк куни 10 нафар ҳарбий хизматчи вафот этади, 34 киши яраланади. Шунингдек, ДХҚ ходимларидан ўн нафари ҳалок бўлади. 1700 дан зиёд афғон зобити ва аскари асирга олинади.
СССР Олий Совети Президиумининг ёпиқ қарорига биноан, 1980 йил апрелида 400 га яқин ДХҚ ходими орден-медаллар билан тақдирланади. Мусулмон батальонининг етти нафар зобити – Х.Холбоев, А.Сатторов, В.Шарипов, Р.Турсунқулов, М.Байхамбаев, А.Жамалов ва Сахатовлар Ленин орденига лойиқ кўрилади.
– Демак, Ҳафизулла Амин мағлуб этилишида ўзбек жангчиларининг ҳам хизматлари катта бўлган.
– Ҳақиқатан ҳам, Ватанимиз ва ватандошларимиз афғон урушига салмоқли ҳисса қўшганлар. Аввало, Тошкент вилоятидаги Чирчиқ ва Тузел, Сурхондарёдаги Кокайти аэропортлари ўша пайтлар фақат Афғонистон учун хизмат қилган. Кунига юзлаб жанговар ва фуқаролик самолётлари дарё ортига тинимсиз қатнаган. Термизда Амударё устига 1982 йили куриб битказилган кўприк эса ўн йил мобайнида махсус режим асосида фаолият юритган.
Бундан ташқари, афғон урушида қарийб 65 минг нафар ўзбек йигити қатнашди. Улардан 5 минги жанговар амалиётлар жараёнида ногирон бўлиб ёки турли хасталикларга чалиниб қайтди, бир қанчаси бедарак йўқолди, 1512 нафари бемаврид жон берди. Ўзбекистон Афғонистонда вафот этганлар сони бўйича Россия ва Украинадан кейинги ўринни эгаллади. Аниқроғи, ҳалок бўлган совет аскарларининг 10 фоизи ўзбек йигитлари эди. Умуман олганда, ўн йил давомида 620 минг ҳарбий хизматчи Афғонистонга юборилди. Шундан салкам 15 минг нафари жангларда қурбон бўлди, 54 минг нафарга яқини яраланди.
– Афғон томонидан ўлганлар сони бўйича ҳам маълумот борми?
– Афғонистон президенти Нажибулло 1988 йил июнида БМТ Бош ассамблеясидаги чиқишида ўн йил мобайнида аскарлар, хавфсизлик идоралари ходимлари ва тинч аҳоли орасидан 243900 минг киши вафот этганини, уларнинг 35700 нафари аёллар, 20700 нафари 10 ёшга тўлмаган норасидалар эканлигини таъкидлади. Шунингдек, 77 мингдан зиёд ярадорларнинг 17 мингини аёллар ва 1 мингга яқинини болалар ташкил этганини эслатиб ўтди.
Афғон урушида ўлганларнинг жами сони ҳақида ҳозирча аниқ далиллар йўқ. Матбуотда уларнинг сони 1 миллиондан кўп деган тахмин илгари сурилган. БМТ маълумотларида 640 минг афғон фуқароси ҳалок бўлгани қайд этилган.
– Афғон урушидан қандай хулосалар чиқариш мумкин?
– У иккала томонга ҳам моддий-маънавий жиҳатдан катта талафот келтирди. Айниқса, СССРнинг сиёсий обрўсига анча путур етишига, иқтисодиёти ўнглаб бўлмас даражада зарар кўришига сабабчи бўлди. Сабаби, Афғонистонга қўшин киритиш масаласига енгил-елпи қаралди, мамлакатдаги сиёсий вазият, афғон армиясининг куч-қудрати етарлича ўрганилмади, мухолифатга хориждан келадиган ёрдамлар ҳисобга олинмади.
Энг ачинарлиси, бу қирғинбарот туфайли жаҳон барқарорлиги ҳам дарз кетди. АҚШнинг Афғонистондаги харажатлари 1 триллион долларни ташкил этди. Аммо у инфраструктура ёки маданий иншоотлар барпо этишга сарфланмади. Устига-устак, ўша даврда наркотик моддалар савдоси авжига чиқди. 2003 йили Кобулда унга қарши курашадиган 3-4 та халқаро ташкилот ва бир нечта маҳаллий идора бор эди. Шунга қарамай, бу оғунинг савдоси бир неча бараварга кўпайди.
Советларнинг бу калтабин қилмишидан фойдаланган АҚШ ўзининг қўпорувчилик ҳаракатларини кучайтириб, экстремизм «эскпорти»ни йўлга қўйди. Собиқ Иттифоқнинг ҳарбий қудратини, иқтисодий салоҳиятини тезроқ барбод қилиш, халқаро обрўсини тушириш учун бор кучини сарфлади.
– Шу ўринда бошқа найрангларга ҳам мисоллар келтира оласизми?
– Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси З.Бжезинский хотираларида ёзилишича, СССРнинг Афғонистонга босқинидан сўнг – 1980 йил январь ойида мужоҳидларга ёрдам кўрсатиш бошланган. Бу расмий хабар. Норасмий маълумотга кўра эса, Президент Жимми Картер 1979 йил июль ойидаёқ совет режими тарафдорларига қарши турган афғон мухолифатчиларга кўмак беришга аҳд қилган. Зеро, 1979 йил ниҳоясида Сан-Антонио махсус базасидан йўлга чиққан, мингта қурол ва талай ўқ-дорилардан иборат илк карвон Исломободга етиб келади. Разведка хизматлари уларни дарҳол мужоҳидларга тарқатади. Сўнгги ўн йилда бундай ёрдамларнинг кети узилмайди…
З.Бжезинский бир манбада «Энди Москва ўз бошига Вьетнам ботқоғини «совға» қилиш имконини яратди. Советларнинг ўн йиллик уруши охир-оқибат бу давлат тугатилишига хизмат қилади», деб ёзганди. 1998 йили Франциянинг «le Nouvel Observateur» нашри мухбирлари саволларига жавобан «Советлар Афғонистонга кириши учун АҚШ томонидан провокацион ҳаракатлар амалга оширилмаган», дея баёнот берганди.
– Навбатдаги саволларим Суннатилла Мирзалиевга. Устоз, сиз беш йил Кобул резидентураси масъул ходими сифатида хизмат қилгансиз. Шу асно шўро ҳукумати вакилларининг Афғонистоннинг беш раҳбари – Муҳаммад Довуд, Нурмуҳаммад Таракий, Ҳафизулла Амин, Бабрак Кармал ва Нажибулло билан ҳамкорлигининг гувоҳи бўлгансиз, баъзан уларнинг суҳбатларида қатнашгансиз. Бинобарин, ушбу мамлакатни яхши биласиз. Хўш, ўша машъум давр ҳақида бугун нималар дея оласиз?
– Тарихдан аёнки, Афғонистонга, айниқса, унинг шимолий минтақаларига АҚШ, Англия, Олмония ва бошқа айрим мамлакатлар вақти-вақти билан кўз олайтириб туришган. Айни чоғда, СССРнинг Афғонистонга таъсирини сусайтириш пайида бўлишган. Ўтган асрнинг 70-йилларида ҳам шундай ҳолат такрорланди. Махсус хизматлар идораларига АҚШнинг Ўрта Осиё давлатларига яқин ҳудудлардаги ҳарбий режалари ва уларнинг амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида маълумотлар келиши кўпайди. Махфий ҳужжатларда бу мамлакат Ўрта Осиё заминида Менделеев жадвалига киритилган барча кимёвий моддалар борлигига қизиқиш билдираётгани мунтазам қайд этиларди.
Ҳафизулла Амин АҚШда ҳарбий таълим олган, янаям аниқроғи, Американинг «одами» эди. У 1957 йилда Колумбия университетининг магистрлик даражасини битирган, 1962-1965 йиллари таҳсилни давом эттириб, докторлик илмий даражасини олган. Шунингдек, Америкадаги ёш афғонлар марказининг лидери бўлган. Махсус хизматлар бундай қулай имкониятдан яхшигина фойдаланишлари табиий эди.
Ҳафизулла ўлимидан кейин унинг сейфида сақланган шахсий ҳужжатлари икки қопга жойлаштирилиб, резидентурага олиб келинди. Бу сирли қоғозлар таҳлилида мен ҳам қатнашганман. Унинг ён дафтарчасидаги ёзувлар орасида Вашингтонга тегишли телефон рақамлари борлигини кўрганман.
Ҳафизулла Аминнинг шахси сўнгги йилларда, айниқса, давлат тепасига келгач, афғон халқига аниқ таҳдид солаётгани қабул қилинмас ҳолат эди. Бора-бора у мол-дунёси билан АҚШга қочиб кетишга, банк ҳисобрақамларини номаълум томонларга кўчиришга, қимматбаҳо шахсий буюмларини Японияга юборишга тайёрланаётгани тўғрисида турли гаплар тарқала бошлади. Уларни умумлаштириб, Ҳафизулла Амин советларга қарши деган хулоса чиқариш мумкин эди. Мен Кобулда ишлаган кезларим унинг АҚШ Муваққат ишлар вакили Брюсь Амшутц билан тез-тез учрашиб туришига оид хабарлар жиддий ташвиш уйғотаётганди.
– Бу маълумотлар қай усуллар билан тўпланарди?
– Кўпсонли душман жангарилари тўғрисидаги разведка маълумотлари асосан ДХҚнинг хориждаги разведка бўлинмалари ва Бош штабнинг Бош разведка бошқармаси (ГРУ) томонидан жамланарди. Бундан ташқари, афғон армиясида ҳамда Афғонистоннинг бошқа тизимларида ишлаётган ДХҚ ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари – маслаҳатчилари ҳам бу ишга жалб этилгандилар.
Кобулда ДХҚнинг резидентураси фаоллик кўрсатган. Бу мамлакатнинг давлат хавфсизлиги хизмати ва ҳарбий аксилразведка тизимларида совет маслаҳатчиларининг ўрни беқиёс бўлган. Уларнинг асосий вазифаси 40-армияни аниқ разведка маълумотлари билан таъминлашдан иборат эди. Пойтахтда эса разведка маркази тузилган бўлиб, жамики маълумотлар унда тўпланар ва махсус таҳлилий гуруҳ зарур хулосалар чиқариш билан шуғулланарди. Натижаларга кўра эса, қайси минтақага кўпроқ куч ташлаш керак, қайси жойларга артиллериядан ҳужум қилиш, фитна ёки кутилмаган ҳужумлар уюштириш сингари режалар ишлаб чиқиларди. Бунинг учун маълумотлар ўта долзарб, ишончли ва амалиётларни кечиктирмай амалга ошириш учун қулай бўлиши талаб этиларди. Аммо уларнинг умри қисқа бўларди. Чунки жанглар ва уларнинг тактикаси мунтазам равишда ўзгариб турарди.
– Ҳойнаҳой, уруш чоғи бу маълумотлар хонада ўтириб тўпланмагандир?..
– Бунинг учун афғонлар орасидан урушга қарши бўлганлар ёлланар, бизнинг нафақат Афғонистон ичида, балки қўшни давлатларга чегарадош ҳудудларда ҳам ҳамкорларимиз бўларди. Маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишга эса ниҳоятда тажрибали ходимлар жалб этиларди. Бу ишда баъзан хато-камчиликларга ҳам йўл қўйилар, режалар ҳар доим ҳам бирдек муваффақиятли бажарилавермасди.
Уруш шароитидаги мураккаб вазифаларимиздан бири бизга иш берадиган, маълумот тўплашга уқуви бор кишиларни танлаб олиш эди. Аммо минглаб одамлар орасидан советларга хайрихоҳларни топиш осон кечмасди. Шунингдек, разведка учун зарур маълумотлар билан ишлайдиган ҳамкорни қидириб топишга тўғри келарди. Ёлланганлар билан учрашувлар қоронғи тушгач, хилват жойлардаги махсус хоналарда ўтказиларди. Уларнинг ҳар томонлама хавфсизлигини таъминлаш бизнинг зиммамизга юклатилганди. «Меҳмон» кузатиб юборилгач, маълумотлар қайта ишланиб, тонг саҳарда раҳбариятга етказиларди. Хуллас, разведкачилар фаолияти ҳам аскарларнинг жангоҳлардаги курашидан кам бўлмаган.
– Сизларнинг муваффақиятли фаолият юритишингизга кимлар кўпроқ халақит берган?
– Афғонистонда Гулбиддин Ҳикматиёр, Бурҳониддин Раббоний каби бошқа сиёсий партияларнинг лидерлари ҳам бор эди. Уларнинг ҳомийлигида қарийб юз минг кишини сафига бирлаштирган уч мингдан зиёд мужоҳидлар отряди тузилган. Ҳар қайси гуруҳнинг ўз хавфсизлик хизмати мавжуд бўлиб, аксилразведка фаолиятини юритган. Қолаверса, бу ерда АҚШ ва Ғарб давлатлари коалициясининг махсус хизматлари ҳам иш олиб боришган. Мен уларнинг фаолиятини ҳам анча фаол эди, деб баҳолаган бўлардим.
80-йиллар бошида Ғарб коалицияси чет эллардан форс, турк, ўзбек тилларини биладиган мутахассисларни консуллик ишларига жалб қила бошлаган. Эрон, Туркия, Саудия Арабистони ва бошқа мусулмон ўлкалар консуллари билан кўришиб туришга тўғри келган. Ўша вақтлар Кобулда 90 дан зиёд хорижий давлатнинг ваколатхоналари бўлган.
– Ўн йиллик уруш афғонлар қалбида жароҳати битмас оғир дард бўлиб қолди. Бу давр хусусидаги мухтасар хулосангиз қандай?
Мен бу урушни асло ёқламайман. Аммо яна бир ҳақиқатни айтаман: Афғонистонда биздан кейин мактаблар, касалхоналар, йўллар, саноат корхоналари қолди. Тўғри, вақт ўтиши уларнинг аксарияти йўқ бўлиб кетди, мавжудларидан эса афғонлар ҳозир ҳам фойдаланишмоқда. Энг муҳими, совет аскарлари, айниқса, ўрта осиёликлар афғонларда илиқ таассуротлар қолдирди. Мен уларнинг баъзилари билан ҳалигача кўришиб-хабарлашиб тураман.
Бироқ эски ва бугунги Афғонистон ўртасида катта фарқ бор. 1979 йилгача бу давлатда ҳаёт нисбатан осойишта, сокин ва барқарор эди. Завод-фабрикалар фаолият кўрсатар, ишчилар уй-жой билан таъминланганди. Бозорларга фақат сара маҳсулотлар чиқариларди. Ўқувчилар дарсдан кейин истироҳат боғларида дам олишарди. Ҳозир бу мамлакатда вазият қандайлигини ҳаммамиз биламиз.
2020 йил 29 февраль куни Доҳа (Қатар)да Афғонистон ислом амирлиги, яъни Толибон билан АҚШ ўртасида НАТО қўшинларини афғон ҳудудидан олиб чиқиш бўйича битим имзоланди. Хўш, афғонлар билан йигирма йил ёнма-ён яшаган халқаро коалиция ортидан бу заминда хотирада сақланадиган нима қолди? Бундан-да ажабланарлиси, СССР ўн йилдан сўнг ўз аскарларини тўққиз ойда Афғонистондан олиб чиққан бўлса, америкаликлар йигирма йилдан кейин бу ҳудуддан қанча вақтда чиқиб кетгани ўзингизга маълум. Собиқ Президент Д.Трампнинг айтишича, АҚШ у ерда жами қиймати 85 миллиардлик замонавий қурол-аслаҳа ва техникаларни қолдириб кетган…
– Афғонистоннинг келажагини қандай тасаввур қиласиз?
– Ўтган асрнинг 20-йилларига қадар Ўрта Осиё халқларининг ҳаёт тарзида, маънавияти ва маданиятида фарқ бўлмаган. Тарих дарсликларини, адабиёт намуналарини варақласак, ҳаммаси кўзгудагидек аён бўлади. Беруний бобомизнинг қабри Ғазнада, Алишер Навоийники Ҳиротда, Бобур Мирзоники Кобулда ва ҳоказо… Бу алломаларимиз бир замонлар ўша жойларда яшаганлар, ижод қилганлар ва у ерларни обод гўшаларга айлантирганлар.
Афғонистонда Ғарб ва Шарқни ўзаро туташтирувчи қадимий бозорлар ҳам бўлган. У Буюк Ипак йўлининг энг самарадор қисми ҳисобланиб, савдо-сотиқ кенг ривожланган. Бу мамлакат ҳудудида турли-туман ер усти ва ер ости табиий бойликлари мавжуд. У Марказий ва Жанубий Осиё давлатларини ўзаро боғлаб турадиган катта транспорт-коммуникация имкониятига ҳам эгадир. Афғонистон ҳудудидан ўтувчи «Мозори Шариф – Қобул – Пешовар», «Туркманистон – Афғонистон – Покистон» сингари бир қатор халқаро трансчегаравий лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шубҳасиз, минтақа давлатлари учун анча самарали бўлади. Бунинг учун эса бошқа давлатлар Афғонистонни тинч қўйиши, унинг ички ишларига ғараз мақсадларда аралашмаслиги, барча манфаатдор томонлар унинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви учун кўмаклашиши лозим.
Зеро, тинч-осуда юртда кенг кўламли лойиҳалар амалга ошади, ер ости бойликлари қазиб олинади, ўзаро манфаатли борди-келдилар яхши йўлга қўйилади. Қолаверса, афғон халқи табиатан меҳнаткаш, тадбиркорлик соҳасида бой тажрибага эга. Уларга зарур шароит ва қулайликлар яратиб берилса, янги Афғонистонни кашф этиш мумкин.
Аброр Ғуломов,
дипломат-журналист
