Ўзбек курашининг тарихи қадим-қадимларга бориб тақалади. Асрлар оша қанчадан-қанча полвонлар эл-юрт довруғини дунёга таратган. Бу ўринда 1247-1326 йилларда яшаб ўтган хивалик шоир ва мутафаккир, Эрон ва Ҳиндистонда донг таратган полвон Паҳлавон Маҳмудни эслашнинг ўзи кифоя.
Энг муҳими, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган кураш ҳозиргача халқ орасида юксак даражада қадрланади. Чунки у билан шуғулланган ёшлар жисмонан соғлом-бақувват, иродали, эпчил, мард ва жасур бўлиб вояга етадилар. Қолаверса, барчасининг руҳи тетик, зеҳни ўткир, ақли расо бўлади.
Масалага шу жиҳатдан ёндашганда, курашнинг белбоғли тури ҳам миллий қадриятларимиздан бири саналади. Биз шуни назарда тутиб, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республакисида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, мамлакат ва жаҳон чемпиони, қатор халқаро турнирлар ғолиби Аъзамжон ШОКИРЖОНОВ билан спортнинг, жумладан, курашнинг ёш авлодни тарбиялашдаги ўрни ҳақида суҳбатлашдик.
– Аъзамжон ака, хабарингиз бор, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини 33 фоизга етказиш вазифаси белгиланган. Бунда белбоғли курашни аҳоли ўртасида янада кенгроқ тарғиб қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этиши мумкинми?
– Албатта! Чунки белбоғли кураш ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган том маънодаги миллий спорт туридир. Яқин-яқинларгача вилоятларда, чекка қишлоқларда тўйлар, халқ сайиллари усиз ўтмаган. Қолаверса, тошкентлик Дилмурод Рўзиев, наманганлик Рустам Умаров, фарғоналик Обидали Мавлонов, Шерзод Раҳимов, Зоҳид Ортиқов, хоразмлик Замира Аҳмедова, Раҳматжон Шомуродов, қорақалпоғистонлик Бибигавҳар Пўлатбоевалар ушбу курашнинг довруғини бутун оламга ёйиб, жаҳон чемпиони бўлишган.
– Аслида, ота-оналар ва кексалар ёшлар учун ҳақиқий йўлбошчи ва устозлардир. Бугунги кунда биз шу ишончни оқлаб, уларни тўғри йўлга етаклай оляпмизми?
– Қишлоқдан шаҳарга келган йигит-қизлар қалбида фахр уйғотадиган қандай ҳис-туйғулар пайдо бўлади? Кафе-ресторанлар, интернет-клублар, бир-биридан чиройли, бежирим автоуловлар, ҳашаматли уйлар, башанг кийинган одамлар… Сиртдан қараганда, уларнинг барчаси кишини ўзига жалб этади, аммо ботинан назар солганда, ёш авлодни асосан маишатга, кайф-сафога чорловчи воситалар бўлиб чиқади. Эҳтимол, сиз фарзандингизга қимматбаҳо уяли телефон олиб берарсиз, қурбингиз етса, енгил машина совға қиларсиз. Лекин булар унинг тарбиясида нечоғли ўрин тутади?..
Ёки айтайлик, интернетга қизиқувчи дилбандингиз ундан билимини бойитиш, ақлини чархлаш йўлида фойдаланса-ку, хўп-хўп, лекин тайини йўқ ва узлуксиз давом этадиган эҳтиросли ўйинларга, бадиий ва ғоявий савияси паст, кишини боши берк кўчага бошловчи томошаларга ружу қўйса-чи?.. Менимча, бунинг оқибати қандай якун топишини кўпчилик ота-оналар жуда яхши билишади. Бас, шундай экан, улар ҳеч қачон зурриётлари таълим-тарбиясига бефарқ бўлмасликлари керак!
– Навқирон авлодни зарарли одатлар ва фожиали иллатлардан қутқариш учун нималар қилиш зарур, деб ўйлайсиз?
– Серқуёш заминимизда азал-азалдан кураш ва кўпкари каби эл суйган мусобақалар ўтказиб келинади. Улар очиқ осмон остида ва кенг ялангликларда уюштирилади. Бир вақтлар турли-туман беллашувлар, томошалар ва сайиллар тўйларимизга ҳам файз бағишлаган. Бундай тадбирларда Аҳмад полвон, Хўжа полвон каби кучли инсонлар фаол қатнашиб, эл орасида катта обрў-эътибор қозонишган. Ёшлар эса халқимизнинг елкаси ерга тегмаган ўғлонлари билан беҳад фахрланишган ва дилларида шу полвонлардек бўлиш орзуси жўш урган.
Хўш, ҳозирги ўғил-қизларимиз-чи? Уларнинг аксарияти кимларга ҳавас қилиб, кимларнинг изидан боришяпти? Баъзилари данғиллама уй-жойи, қўша-қўша машинаси бор, тунни кафе-ресторанларда ўтказадиган бойваччаларга ўхшагиси келмаяптими?..
Бу саволларнинг жавоблари турлича бўлиши мумкин. Қандайлигидан қатъи назар, биз ёшларни улар ҳавас қилса ва ортидан эргашса арзийдиган маънан ва жисмонан бақувват, элпарвар юртдошларимиз билан изчил таништириб боришимиз керак. Бунинг учун талай ишларни амалга оширишимиз, жумладан, муқаддам диёримизда яшаган ва худди шундай фазилатларга эга бўлган аждодларимиз ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратишимиз лозим. Хуллас, ёшларни жисмонан бардам-бақувват, маънан етук-баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш чораларини кўришимиз шарт.
– Гапингиздан англашимча, спорт кишининг маънавиятини ҳам юксалтирар экан-да?..
– Одатда, биз спорт инсонни фақат жисмонан бақувват қилади деб ўйлаймиз. Аслида эса у руҳиятимизга ҳам сезиларли таъсир ўтказади ва маънан тетик-мағрур бўлишимизга хизмат қилади. Дунёдаги энг йирик илмий тадқиқот маркази ҳисобланган Мейо клиникасида ўтказилган текширишлар натижасига кўра, ҳафтасига уч марта ярим соатгина жисмоний ҳаракатда бўлган инсонда ҳаётнинг руҳий зарбаларига чидамлилик, ўзига ишонч ва ғурури ортади, мақсад сари интилувчанлиги, ғайрати ва атрофидагиларга хайрихоҳлиги кучаяди.
Албатта, саломатлик деганда, фақат вужуд бақувватлигини тушунмаслик керак. Агар одам маълум даражада жисмоний ҳаракатда бўлмаса, кучсизлана бошлайди. Озгина ақлий меҳнатдан ҳам толиқадиган, тез-тез чарчайдиган бўлиб қолади. Айнан шунинг учун кейинги пайтларда аҳоли ўртасида юрак қон-томир касалликлари, бош ва бўғин оғриқлари кўпаймоқда. Буларнинг барчаси камҳаракатлилик, бир жойда узоқ ўтириш, пиёда юришга эриниш оқибатларидир.
– Сўнгги йилларда олий таълим тизимида жисмоний тарбия дарслари кескин камайтирилди. Сиз бунга қандай қарайсиз?
– Ҳозир олий ўқув юртларида фақат биринчи босқич талабаларига ярим йилча жисмоний тарбия машғулотлари ўтилади, тамом-вассалом! Кейинги босқичларда спорт билан шуғулланиш ёки шуғулланмаслик ёшларнинг ўз ихтиёрига қўйиб берилган.
Назаримда, бу – нотўғри усул. Аслида, олий таълим муассасаларида жисмоний тарбия билан шуғулланиш мажбурий бўлиши, аввалгидек жисмоний тарбия соатларининг узлуксизлиги таъминланиши керак. Талаба неча йил ўқиса, шунча вақт жисмоний тарбия билан мунтазам шуғуллансин. Энди ўзингиз холисона айтинг, талаба маърузани уйқусираб ўтириб тинглаганидан кўра, кўзлари чақнаб турган ва тетик ҳолда эшитгани минг карра афзал эмасми?..
– Ҳозир юртимизда белбоғли курашни кенг оммалаштиришга нималар халақит беряпти?
– Спортнинг ушбу тури бўйича машғулотлар ёки мусобақалар ўтказиш учун ҳашаматли заллар, катта стадионлар шарт эмас. Қир-адирлар ва яйловлар уларнинг вазифасини бемалол ўтайверади. Бироқ бизнинг олдимизда турган асосий тўсиқлардан бири мусобақаларни ташкиллаштиришга юқори ташкилотлар томонидан ижозат берилмаслиги ёки рухсат беришнинг роса чўзилишидир. Аниқроғи, спортнинг белбоғли курашни янада оммалаштиришга моддий қийинчиликлардан кўра маъмурий чекловлар кўпроқ тўсиқ бўляпти.
– Спортнинг олимпиада ўйинлари таркибига кирадиган ва кирмайдиган турларини ажратишади. Бу нечоғли тўғри?
– Баралла айта оламан: жудаям нотўғри муносабат! Устига-устак, белбоғли кураш Олимпиада ўйинлари сирасига киритилмаган. Шуни баҳона қилиб, милоддан аввалги даврда шаклланиб улгурган бу спортга ўгай кўз билан қараш адолатдан эмас. Чунки асрлар оша миллий қадриятларимизнинг узвий бўлаги бўлиб келган белбоғли кураш том маънода халқ спортидир. Уни назар-писанд қилмаслик миллий қадриятларимизни менсимаслик билан баробардир!
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
суҳбатлашди.



