Сафар Остоновнинг сўнгги кунлари

460

ёки хориждаги ўзбек журналистидан ғамгин хотира

1

…9 июнь куни устоз вафотига бир йил тўлди. Бир йилдирки, у киши ҳақида ҳеч нарса ёзолмайман. Аниқроғи, ёзсам, қийналаман, дилим оғрийди. Шунинг учун ҳам ёзишга қўлим бормайди. Аслида, бу – нотўғри фалсафа. Шу йўл билан одам ўзини ўзи овутиб, энг яқин кишиси билан ўтган ёруғ ва мунаввар кунларини ёд этиш ва қийналиш азобидан, нурли хотиралар изтиробидан қочиш учун ҳам баъзан шундай баҳоналарни ўйлаб топади.
Лекин барибир ёзиш керак. Бир инсон бу ­дунёга келиб, 74 йил умр кўриб, чин дунёга равона бўларкан, унинг ҳаётда қолдирган изи, сўзи ва ўзи ҳақида албатта ёзиш керак.
Устоз мен учун оғам ва отамдек азиз ва қадрли инсон эди. У киши билан шунча йил яқин сирдош ва дилдош бўлиб, бирор марта ҳам ёмон ва ҳақоратли сўзини эшитмадим. Ёвли ва қаҳрли кўзини кўрмадим. Бировнинг дилини оғритиб, бурнини қонатганини билмадим. У киши одамга ҳамиша майин бир табассум, ажиб бир меҳр ва самимиятга йўғрилган ширингина нигоҳ билан боқиб турарди…

2

Кимнингдир назарига тушиб, кўтарилиб кетганимда, устоз биринчи бўлиб табриклаган эди. Яна айрим ғанимлар ғазабига учраб, қамалиб чиққанимда ҳам биринчи бўлиб уйимга одам юборган ва кимнингдир наҳорги ошига таклиф қилиб, кўнг­лимни кўтарган ҳам устоз бўлганди.
Дарвоқе, ўша ош ҳақида. У даврларда қамалган бўлсанг, вақти келиб қамоқдан чиқсанг ҳам, одамлар сени кўриб, юз метр нарига қочиб кетарди. Ҳеч ким остонангга йўлай олмас эди. Йўласа – қамаларди. Ёзувчи Нурали Қобулнинг бир гапи бор: «Худо ургандан эмас, пошшо ургандан қўрқ»! Ўша давр кайфияти ва руҳиятини яққол кўрсатадиган, янаям аниқроқ айтсак, сиёсий ҳаёт табиатини шундоққина очиб берадиган, яхши ва топиб айтилган гап бу. Ана шундай дилтанг ва рутубатли кунларнинг бирида эрталаб уйимиз олдига келиб тўхтаган хизмат машинасидан тушган ҳайдовчи мени устоз йўқлаётганларини, қандайдир тўй ошига боришимиз лозимлигини айтиб қолди. Бу менинг – қон ва тер ҳиди анқиб турган тор ва зах тергов камераларидаги тутқунликда чеккан ноинсоний азоб-уқубатларимдан кейин озодликка чиққач, илк бор эшитган энг яхши сўзим ва биринчи марта меҳмонга таклиф этилишим эди. Қамалганимдан кейин биринчи маротаба яна хизмат машинасига чиққандим ўшанда.

Устоз мени одатдагидек меҳр ва самимият билан илиқ кутиб олди. Худди ҳеч нарса бўлмагандек, гўё мен давлат раҳбарининг амри билан қамалмагандек яхши муомала қилди. Анча вақтдан буён бундай соф инсоний муомалани кўрмаганим учунми, ғалати бўлиб кетдим. Тошкентдаги тўйларнинг довруғи ўзингизга яхши маълум. Кутилмаганда тўйхонада қуда томондан келганларга совға-салом топшириш ва тўн кийдириш маросими бошланиб кетди. Президент девони мулозими деб эълон қилинган устоздан сўнг, не тонгки, микрофондан менинг номимни ўқиб қолишди: «Исмат Хушев даврага таклиф этилади!» Шўх ва шодон қаҳқаҳалар янграб турган базми жамшид бир лаҳза сукутга чўкди. Ўша тўйда елкамга ёпилган зарбоф тўн менинг бу дунёда ҳали яшашга ҳақли эканимга берилган оқ фотиҳа ва умр йўлларимга ёқилган «яшил чироқ» мисол кейинги ҳаётимни тамомила изга солиб, нурлантириб юборди. Устознинг менга мутлақо алоқаси бўлмаган тўй ва қуда-андалар рўйхатига номимни атай киритиб кўрсатган бу ажиб илтифоти бетакрор ва улуғ бир яхшилик бўлиб, юрагимда умрбод яшаб қолди…

Устознинг бу марҳамати ёқдими, кўп ўтмай, кўтарилиб кетдим. Яна бош муҳаррир этиб ­тайинландим. Бу дунёда яна раҳбар бўлиш ҳам мумкин экан. Раҳбар бўлсанг, яна устозинг ва дўстинг ҳам кўпаяркан. Ҳаётнинг номардлиги шундаки, уларнинг аксариятидан эҳтиром ва ҳурмат ўрнига жафо, меҳру садоқат ўрнига жазо оларкансан.
Лекин мен бугун ҳикоя қилмоқчи бўлган устоз­дек ўз укалари ва шогирдларига бир умр ғамхўр ва меҳрибон, содиқ ва садоқатли бўлиб қолиш хислати ва фазилати ҳаммага ҳам насиб этавермаскан. Ана шундай аламли ва армонли туйғулар оғушида қоларканман, меҳр-мурувватга зор қалбим дарду ҳасратларга йўғрилган ажиб бир айрилиқ ва ҳижрон куйини чалгандек бўлади. Бу дунёни жуда эрта тарк этган акам, онам ва отамни соғиниб, изтироб чекаман. Юрагимда йиғилиб қолган ўксик туйғуларим, ҳис-ҳаяжонларим, пушаймон ва армонларим бош кўтаради. Етимлигим ёдимга тушиб, бу номард ва нобакор, бемеҳр ва бешафқат дунёда бутунлай ёлғиз қолганимни беихтиёр сезиб қоламан. Лекин ҳаёт давом этади. Фарзандлар бор, яшаш керак. Дарвоқе, биз устоз ҳақида гаплашаётган эдик…

3

…Хорижга ҳижрат қилиш – муҳожирликка кетишдан олдин акам ва фарзандларим билан устознинг ишхонасига бориб хайрлашдим. «Кетишга қарор қилибсиз-да, Исмат»…
Собиқ «Инқилоб хиёбони», ҳозирги Амир Темур майдонидаги Матбуотчилар уйининг бешинчи қаватидан пастга тушиб, мен билан хайрлашаркан, устознинг кўзларида беихтиёр ёш жилваланди. Буни сездирмасликка ҳаракат қилиб, ёнида ўзи билан бирга тушган редакция фотомухбирига қараб, «Расмга ол!» деб имо қилди. Сўнг аввал ўғилчам, кейин қизалоғим ва ниҳоят мени бир-бир бағрига босаркан: «Ҳали яхши кунлар келади ва Сизлар албатта Ватанга қайтасизлар!» деб комил ишонч билан айтди ва қучоқлаб хайрлашди. Лекин негадир кўзларини олиб қочди…
4
Устоз айтган яхши кунлар келиши ва менинг Ватанга қайтишим оз эмас, кўп эмас, роппа-роса 12 йилга чўзилди. 12 йил мен Ватандан узоқда, мусофир юртларда сарсон ва саргардон бўлиб юрдим. Сиёсий муҳожирликнинг аччиқ ва тахир нонини еб, бегона ва ёт ўлкаларда умргузаронлик қилдим.
Устоз билан хайрлашганда эндигина 3-4 ёшда бўлган фарзандларим хорижда ўсиб улғайди, балоғат ва камолот пиллапояларига етди, олий ўқув юртларида талаба бўлди. Мен она Ватанимга ­қайтганда ўт ва оловли йигитлик даврим ўтиб кетган, бедард ва бетакрор ёшлигим умрим армонига айланиб улгурган эди. Бу номард ҳаётнинг яхши-­ёмони, пасту баландини кўриб, оғир, босиқ бўлиб қолган сокин ва мўйсафид дамларим эди. Энди қадамимдан ўт чақнамасди. Ақли кирса, ҳушёр бўлиб яшашга ўрганиб ё кўникиб қоларкан одам.
Устоз билан яна ўша машҳур «Сквер – инқилоб хиёбони» – Амир Темур майдони ёнидаги «Матбуотчилар-32»да – у киши узоқ йиллардан бери бош муҳаррирлик қилиб келаётган «Ўзбекистон овози» газетаси редакциясида учрашдик.
Орадан 12 йил ўтиб кетганига қарамай, устоз ҳануз ўша-ўша – ўзгармаганди. Қадди-қомати келишган, яхши ва дилкаш, самимий кўринишларини сақлаб қололган эди. Котибаси Шаҳло деган қизга юрфак биқинидаги «Уголок»дан табака олиб келишга пул бераркан, ораси икки қадам бўлса-да, «Шофёр билан бориб келинглар» деб меҳрибонлик қилади. Дам олиш хонасидаги музлаткичдан ул-бул нарса олиб столга қўяркан, ҳали очилмаган коньякка ишора қилиб, «Шуни энди очамиз» деб мулозамат кўрсатади. Боягина таҳририят йиғилишида ўз ходимларига нисбатан қаттиққўллик билан ўта талабчанлик қилаётган устозимиз энди тамомила самимий ва меҳмондўст бир инсонга айланиб қолганини кўриб, ажиб ҳайратларга ошно бўламан, ҳавасим келади…

5

Дарвоқе, устознинг «Ўзбекистон овози»даги кабинети ҳақида. У киши бу муқаддас даргоҳда неча йил раҳбарлик қилган бўлса, кабинети ҳақиқий маънода «иккинчи уйи»га айланган эди. Шанба, якшанба кунлари ҳам у киши ишхонасида бўларди. Газеталар биносида навбатчилик қиладиган қўриқлаш хизмати ходимлари ҳам бунга аллақачон кўникиб қолган эди. Устоз қишин-­ёзин, йил ўн икки ой ишда бўларди. Дам олиш кунлари ҳам у кишини излаганлар ишхонадан топишарди. Буни «газетний корпус»даги ҳамма журналистлар биларди…
Дарвоқе устоз­нинг оиласи ҳақида ҳам тўхталиб ўтишим керак. Умр йўлдоши Жамила опа ва фарзандлари, хусусан, қалби дарё ўғли Бахтиёржонни қаттиқ ҳурмат қиламан, қадрлайман. Баъзан ака билан бирга уйига бориб қолганимда, Жамила янгам мени жуда яхши кутиб олар, чиройли меҳмон қилиб, иззат-ҳурматимни жойига қўярди. Сафар ака қирқ йил газетада ишлаб, давлат мулозими ва бош муҳаррир бўлиб, Тошкентдан бирорта дурустроқ ҳовли олишни ўйламади. Оиласи ва болалари у кишидан буни жуда кўп илтимос қилишганини яхши биламан. Лекин устоз журналист ёки муҳаррирлик маоши билан бири икки бўлмаслигини яхши биларди. Тадбиркор ва пулдор танишлари, дўстлари кўп эди. Ёрдам сўраса, улар қарашарди, гапи ерда қолмасди. Лекин устоз буни ўзига эп кўрмай, бир умр «ҳовлилик»мас, «дом»лик бўлиб яшаб ўтди. Оила аъзолари даврасида янги уй-жой ва рўзғор ташвишларидан гап очилса, бошқа баҳоналар тўқирди…

6

Мен ҳар гал Ўзбекистонга борганимда, аэропортдан тўғри уйга бориб, жомадонларимни қўйган заҳоти, устозга «Ака, мен келдим!» деб телефон қилардим. У киши ўша заҳотиёқ менга машина юбориб, ҳузурига чорлар ва яна котибасини шофёр билан бирга «Уголок»ка жўнатарди. Ўзи эса музлаткич­­да асраб қўйган ноз-неъматларини столга қўйиб, ҳар галгидек «С приездом!» дея машваратни бошлаб юборарди. Менинг Канададан келганим ўша заҳотиёқ бутун редакцияларга тарқалар, ҳамкасбларим Исмат Хушевнинг чет элдан келганини «Ўзбекистон овози» бош муҳаррири қабулхонаси котибасидан билиб, сўнг буни бошқа ҳамкасбларига тарқатарди…

7

…2021 йилнинг 9 июнь куни Тошкентдан Торонтога устознинг 1-давлат касалхонасида кутилмаганда вафот этгани ҳақидаги шум хабар етиб келди. Бу фожиа мени тамомила гангитиб қўйди. «Бўлиши мумкин эмас! Устоз ўлмаслиги керак эди?!» деган бир-бирига қарама-қарши саволлар миямда чарх урар, ақлу ҳушим эса мени тарк эта бошлаган эди.
Мен устоз билан кейинги икки ойда деярли ҳар куни, баъзан бир кунда беш-олти маротаба гаплашиб турдим.

8

…2021 йилнинг 10 апрель куни устоз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, Самарқанддаги «Зарафшон» газетаси бош муҳаррири, сенатор Фармон Тошев, «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррири Салим Дониёров, «Қишлоқ ҳаёти» газетаси бош муҳаррири Чори Латипов, «ХХI asr» газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалил,«Ishonch» ва
«Ishonch-Доверие» газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси ­раиси Олимжон Ўсаров, «Маҳалла» газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Абдусатторовлар билан бирга Фарғонага бориб, ўзбек ва рус тилларида чиқадиган вилоят ҳокимлиги газеталари бош муҳаррири, таниқли журналист Муҳаммаджон Обидовнинг 70 йиллик юбилейида иштирок этади.

Устознинг ўша сафар чоғи поезддаги бедор фурсатлари ва бемор ҳолатлари ҳақида Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалил «Ўша сафар давомида устоз негадир жуда ҳорғин ва тушкун кайфиятда эди. Олдингига ўхшамасди. Поездда ҳам ўтиролмай, ётиб кетди. Қайтгунича Тошкентдан қўнғироқ бўлди ва маҳзун тортиб қолди» деган эди…
Устоз Фарғонадан қайтиб келган куннинг эртасигаёқ Зангиотадаги шифохонага ётқизилади. Мен устозга Канададан деярли ҳар куни телефон қилардим. Касалхонага тушганидан кейин эса бир кунда беш-олти марталаб гаплашиб турдик. Оллоҳ ҳаққи-ҳурмати айтишим керак, Зангиотада устозга жуда яхши қарашди. Депутат бўлганлари учунми, ҳар қалай, телефонларини олиб қўйишмади. Орадан роппа-роса 18 кун ўтиб, 30 апрель куни у ердан «Сиз энди соғломсиз!» деб кетишга рухсат беришади.
Мен оилам билан бирга Канадада ковидга чалиниб, салкам икки ярим – уч ой муддат ётиб даволанган эдим. Устозга эса атиги ўн саккиз кунда бўлди, тузалдингиз деб, уйига жавоб бериб юборганларини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Демак, лаънати хасталикнинг енгилроқ формаси экан, тезда тузалиб чиқибди-да, деб ўйладим…

9

Лекин менинг бу қувончим узоққа чўзилмади. Орадан бир ҳафта ўтиб, 6 май куни устоз энди Зангиотага эмас, балким 1-ҳукумат шифохонасига олиб кетилади. Ўтказилган тиббий текширув хулосалари у кишида яна ўша лаънати касаллик асоратлари борлиги аниқланади. 6 майдан шифохонага келтирилган устозни 17 май куни бу ердан ҳам «тузалдингиз» деб, яна уйига жавоб беришади.
Балким ўша пайтда ковидга чалинган мулозимлар Ўзбекистонда ҳаддан зиёд кўп бўлгандир, шифохонада жойлар етишмагандир. Лекин устоз иккинчи маротаба касалхонадан уйига чиққанидаги у кишининг руҳий вазиятидан бироз хабардор эдим. Касалхонадан чиқиш арафасида «Кайфиятим жуда яхши. Нафас олишим жойида, мадорсизлигим йўқолди» деган устоз орадан бир кун ўтар-ўтмас, оғир-оғир нафас олиб, асабийлашиб: «Менга жавоб беришди, Исмат, ҳозир уйдаман» деган эди.
Орадан уч кун ўтиб, 20 май куни устоз яна ўша касалхонага олиб келинган. Бир ҳафта, ўн кунда оёққа туриб, анча ўзига келган. Бир гал ҳатто ҳовлига чиқиб, гулзор олдидаги скамейкада ётиб, мазза қилиб қуёшда тобланганларини айтиб берган эди ўзлари телефонда.
Биз ҳар куни гаплашиб турардик. Устоз ҳар куни бўлган воқеаларни айтиб турарди.
Палатага кутилмаганда берухсат кириб келган ишчи кийимидаги бир йигит ҳе йўқ, бе йўқ, палата эшигининг ғичирлашини тўғрилайман деб, болғаларини ишга солиб, узоқ муддат «устачилик» қилиб, асабини бузгани-ю, бир оқшом ярим тунда палатани ювиб, тозалаган фаррош негадир эшик ва деразани ланг очиқ қолдириб кетганигача ҳаммасидан хабардор эдим. Ёмони шуки, елвизак туфайли қаттиқ шамоллаб қолади ва йўтали кучая­­ди. Бу ҳам етмагандек, ёшгина бир ҳамшира келиб, балғам олишим керак экан сиздан, кучаниб йўталасиз энди деб, кўп қийнайди.
Бу гапларни эшитиб, Канададаги врач қўшнимдан ковидга чалинган ва ўпкаси шамоллаган бемордан мажбурий балғам олиш мумкинми, деб сўрадим. Ундан, йўқ, бу унинг ўлимини тезлаштиради, деган жавобни эшитиб, ҳайрон бўлгандим…
Хуллас, турли хил сабаблар туфайли аҳволи баттар ёмонлашади. 2021 йилнинг 9 июнь куни устоз 1-ҳукумат касалхонасининг ертўласида жойлашган реанимация бўлимида бу ёруғ оламни тарк этади…

10

Мен Канададан Ўзбекистонга 2021 йилнинг 14 июнь куни етиб келдим.
Аэропортдан тўғри устоз қабрини зиёрат қилиш учун «Минор» қабристонига бордик.
Устоз билан ҳамиша яхши муносабатда бўлган ва у кишини жуда ҳурмат қилган буюк шоиримиз Абдулла Ориповнинг шундай шеъри бор:
Ким қанча қувмасин сенинг ортингдан,
Бир сиқим тупроқни кўрсатдинг охир.
Бу қабристонда ётган устоз ростдан ҳам бир сиқим тупроққа айланиб қолган эди…

11

– Дадамнинг олдига бориб, уни таний олмадим. Бир кун олдин борганимда жуда яхши эди, – деди қабристонда устознинг кенжа ўғли Бахтиёр кўзлари тўла ёш билан. – Бир кунда ҳам одам шунчалар ўзгариб қолиши мумкинми? «Бахтиёр, мен чарчадим, туни билан ухлолмадим, кроватга ётолмадим, ётсам – юрагим осилиб тушгандай бўляпти. Уни худди биров тортиб, чўзиб, тилка-пора қилаётгандай оғрияпти, ётолмаяпман, ўтирсам, сал яхшиман» дедилар. Худди ўша пайтда, Исмат ака, сиз Канададан телефон қилиб қолдингиз. Ниманидир сизга айтмоқчи бўлди. Лекин қийналиб, айтолмади. Кейин гаплашамиз деб телефонни қўйди…

12

…Тошкентдаги сафарим тугаб, Канадага кетишдан олдин Юнусободдаги устоз ётган қабристонга бориб, яна зиёрат қилдим. Сўнг Бахтиёрга телефон қилиб, хайрлашдим.
– Майли, укажон. Энди отанг қайтиб келмайди. Оллоҳ ҳузурига кетди. Аянгни, акангни ва опанг­­ни асра, жиянларингга ўзинг бош бўл, улардан хабар олиб тур. Бу ҳаёт шунақа бешафқат экан…
…Тошкентни тарк этарканман, Торонтога етарканман, самоларда ўтган 16 соатлик бетиним парвоз давомида устознинг маъюс ва ўйчан чеҳраси кўз ўнгимдан нари кетмади…

 

Исмат ХУШЕВ,
«Дунё ўзбеклари» мустақил
интернет-газетаси
бош муҳаррири

2022 йил, 26 апрель – 26 май. Торонто шаҳри, Канада.