Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида конституциямизга ўзгартиришлар киритиш бўйича ташкил этилган комиссия фаолияти қизғин кечмоқда.
Мамлакатимизда «истеъмол саватчаси» ва «яшаш минимуми»ни белгилаш масаласи энг кўп муҳокама қилинаётган, тез-тез кун тартибига чиқаётган мавзу эканини ҳисобга олиб, ушбу тушунчаларнинг Конституциямизда акс этиши муҳим, деб ҳисоблайман.
Бу билан нимага эришилади? Келинг, шу масалага атрофлича тўхталайлик.
«Истеъмол саватчаси» муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товар ва хизматларнинг энг кам тўплами ҳисобланади. Бу борадаги минимал меъёрлар тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни (истеъмол саватчасининг қиймат баҳосини) белгилаш учун асос бўлади.
Соддароқ айтганда, «истеъмол саватчаси» бир инсон ёки оила учун маълум бир вақтга, масалан, бир ойга энг керак бўладиган озиқ-овқат, дори-дармон каби ҳаёт учун зарур воситалар ва хизматлар ҳисобланади.
Одатда, «истеъмол саватчаси» уч қисмдан иборат бўлади. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар (кийим-кечак, пойабзал, дори-дармонлар) ва коммунал, транспорт, маданий-маърифий хизматлар учун харажатларни қоплашга ойига қанча сумма зарурлиги ҳисобга олинади. «Яшаш минимуми» миқдори эса «истеъмол саватчаси» қийматига асосан белгиланади.
Агарда бу масала ўз ечимини топса, аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар ҳаётий эҳтиёжларни таъминлашга етарли миқдорда бўлади. Турмуш фаровонлиги янада ошади, аҳолининг ҳаёт тарзи юксалади.
«Истеъмол саватчаси» ва «яшаш минимуми» тушунчаларининг Конституцияда мустаҳкамланиши бу борада алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилишига, уни амалга ошириш механизми белгиланишига асос бўлиб хизмат қилади. Ижтимоий эҳтиёжманд тоифани ҳимоялаш нуқтаи назаридан ишларни тизимли амалга оширишга катта йўл ва имконият очиб беради.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
