Ҳар томчиси қадрли

55

Шу боис мамлакатимизда иқлимнинг глобал ўзгариши натижасида кузатилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида ресурсларни бошқариш, уларнинг ҳисоботини юритиш ҳамда соҳадаги муносабатларини янада такомиллаштириш, шунингдек, обиҳаётдан тежамли ва самарали фойдаланиш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган анжуманда бу ҳақда батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, айни вақтда вазирлик тизимида фаолият кўрсатаётган 33 мингдан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилиб, обиҳаётнинг ҳар томчисини қадрлаш, исроф қилмаслик, ундан унумли фойдаланиш учун ҳаракат қилмоқда.

Президентимизнинг “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида республика бўйича туманларда 161 та сув хўжалигининг махсус хизмати бўлимлари ташкил этилган.

Туман Бандликка кўмаклашиш марказлари билан келишиб, малака талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирда ишсиз бўлган 4241 нафар фуқаро ишга қабул қилинган.

Сув хўжалигининг махсус хизмати томонидан республика бўйича 3 миллион 409 минг гектар майдонга хизмат кўрсатиб келинмоқда. Бугунги кунгача истеъмолчиларга сув етказиб бериш бўйича 73 минг 349 та шартнома тузилган.

Шу йилнинг апрель-май ойлари давомида истеъмолчиларга қарийб 6 млрд. 268 млн. куб метр сув етказиб берилган бўлиб, истеъмолчилар билан апрель ойида 73 минг 349 та, май ойида 71 минг 554 та далолатнома расмийлаштирилган.

Бу эса ўз ўрнида 73 минг 349 та истеъмолчи олган сувнинг ҳисоб-китоби юритилаётганидан далолат беради ва йил якуни билан солиқ идораларига истеъмолчиларнинг қанча сув олганлиги тўғрисида аниқ маълумотлар шаклланишига имконият яратилади.

Жойлардаги махсус хизматлар билан сув истеъмолчилари ўртасида 68 минг 194 та кундалик ҳисоб журналлари юритилиши йўлга қўйилди.  Истеъмолчилар ўртасида сувнинг аниқ ҳисоб-китоби юритилишини таъминлаш мақсадида шу кунга қадар 24 минг 165 та истеъмолчининг сув олиш қулоқлари жиҳозланди. Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Умуман олганда, мазкур қарор соҳадаги муносабатларни юритишда муҳим дастуриламал бўлаётгани соҳа ходимлари томонидан эътироф этилди.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди. Хусусан, журналист Шарофиддин Тўлагановнинг таъкидлашича, сув истеъмоли, жумладан, исрофгарчилиги бўйича аҳолининг хабардорлигини янада ошириш керак. Бу, ўз навбатида, одамларни огоҳликка чорлаш, обиҳаётнинг ҳар томчисини қадрлашга ундайди.

Фарида ТЕМИРОВА,

Азиза АКТАМОВА,

ЎзДЖТУ талабалари