Йўқотилган ёшлик надоматлари

63

Зангиота туманидаги 24-сон тарбия колонияси мажлислар зали. Зал тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналари билан тўла… Бу ерда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг сайёр мажлиси ­ўтказиляпти.

Олти нафар тарбияланувчининг иши қайта кўриб чиқилиши керак…
Суд зали, ундаги муҳит дилларда аллақандай нохуш ҳисларни уйғотади. Кўнгилда оғриқли саволлар пайдо бўлади: бу ўспиринлар қандай жиноят содир этганки, озодликдан маҳрум қилинган? Боши берк кўчага кириб қолишларига сабаб нима?

…Судья Зафар Шаропов очиқ сайёр суд мажлисини бошлашдан олдин тарбияланувчиларни байрам билан таб­риклади. Мамлакатимизда инсон ­қадри йўлида олиб борилаётган хайр­ли ишларга алоҳида тўхталди.
– Фарзанд – ниҳол каби нозик, – деди Зафар Шаропов. – Ниҳолга ўз вақтида эътибор берилмаса, қийшиқ ўсади ёки қуриб қолади. Шу сингари болани ўз ҳолига ташлаб қўйишнинг оқибати ҳам аянчли якун топиши мумкин. Ўсмирларнинг жазосини енгиллатишдан кўзланган асосий мақсад битта – уларни тўғри йўлга қайтариш. Ишончим комил, суд қилинаётган олти нафар тарбияланувчи қилган ишидан пушаймон, тавба-тазарру қилган, содир этган жиноятининг салбий оқибатларини тушуниб етган. Буни жазони ўташ пайтида бир неча бор рағбатлантирилганидан ҳам билса бўлади.
Суд жараёни бошланди. Залга оғир сукунат чўмди. Зафар Шаропов дастлаб тарбияланувчи Амал Р. (17 ёш) Жиноят кодексининг қайси моддаси билан жазога ҳукм қилинганини ўқиб эшиттирди. Унинг аризаси мазмуни билан суд ҳайъатини таништирди. Масала муҳокама қилинди. Судланувчига охирги сўз берилди:
– Мактабда аъло баҳоларга ўқирдим, – дея гап бошлади Амал. – Оиламизда тез-тез етишмовчилик бўларди. Ота-онам бизни боқиш учун ўзини ўққа-чўққа урди. Бизга кўп вақт ажрата олмади. Ёшим улғайган сари ўқишдан кўнглим совиди. Кўчада санғийдиган одат чиқардим. Кейин ўғирликка қўл урдим. Ўрганиб қолдим. Бир куни қўлга тушдим. Ҳозир қилган ишимдан афсусдаман. Имконият берилса, энди бу йўлга қайтмайман. Ўқиб-ўрганаман, бирон касбнинг бошини тутиб, эл-юрт хизматида бўламан. Бу ерда мени соғинч азоби қаттиқ эзяпти, тутқунликдаги ҳаёт менга катта сабоқ бўлди.
Шу зайлда яна 5 нафар ўсмирнинг суд жараёни бўлиб ўтди.
Кейин, суд ҳукми ўқиб эшиттирилди:
…Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг ҳукми билан тарбияланувчилар – А.Р, Р.Қ, А.Г, Л.А., Ш.Н. ва З. М.ларга нисбатан қўлланилган озодликдан маҳрум этиш жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилсин ва улар бугуннинг ўзида 24-сонли тарбия колониясидан озод этилсин!
Сукунат чўккан зал қарсаклару ота-оналар йиғисидан ларзага келди…
…Бир аёл суд мажлиси бошланиб тугагунича боши эгик ҳолда ўтирди. Ҳеч кимга, суд ҳайъатига ҳам қарамади. Озодликка чиққанлар қаторида фарзандининг номи айтилганида эса ҳўнграб йиғлаб юборди. Суд жараёнидан сўнг ундан ўғли ҳақида сўрадим.
– Онани яратмасин экан, – дей­ди ўзини таништиришни хушламаган аёл. – Ҳеч ким боласининг ортидан шундай жойларга келмасин. Оилада ёлғиз ўғил бўлгани учун уни кўп тергамадик. Айтганини қилдик. Мактабда, кўча-кўйда биров билан ёқалашса, ёнига тушдик. Ўқитувчиларнинг огоҳлантиришига эътибор бермадик. Шўхликларини ёшликка йўйдик. Катта бўлса, қуйилиб қолар деб ўйладик. Аммо адашган эканмиз. Ўғлимнинг эркаликлари ва эътиборсизлигимиз шу ерга етаклаб келди… Афсус, вақтни ортга қайтариб бўлмайди. Уятдан бошимни кўтара олмаяпман. Энди фарзандимни бир зумга бўлса-да, ўз ҳолига қўймайман. Ҳар бир қадамини назоратга оламан. Токи ҳаётидаги энг катта хатоси шу бўлсин ва бошқа адашмасин!
Тарбия колониясидаги ўсмирларнинг биронтасини оқлаш ниятимиз йўқ. Қай бири калта ўйлаган, ­бошқаси кимнингдир таъсирига тушган, яна бири осон йўл билан кўпроқ пул топишни ўйлаган. Кимнингдир дунёқараши тор, кимдадир ирода бўш. Баъзи бировларини эса оилавий етишмовчилик, иқтисодий танглик шу кўйга солган…
Рўзимурод Қ. 17ёш ёшда. Унинг отаси йўқ. Онаси билан бир фермернинг шийпонида ижарада яшарди. Битта дўкондан 39 та телефон ўғирлагани учун озодликдан маҳрум этилган.
– Онамнинг қийналаётганини кўриб, чидаб туролмадим, – дея ўша кунларини хотирлайди Рўзимурод. – Ёрдам бериш ниятида шу жиноятга қўл урдим. Аммо онамга ёрдам бериш ўрнига уни баттар азобда қолдирдим. Онам бу дунёда фақат мени деб барча қийинчиликлар, азоб-уқубатларга бардош бериб келяпти. Мен эса уларга муносиб ўғил бўлолмаяпман… Мутасаддиларнинг муруввати туфайли жазодан озод бўляпман. Энди бу йўлга қайтиб қадам босмайман. Ўзимга шундай сўз бердим бугун…
Қандай сабаб билан содир этилмасин, жиноят ҳамиша жиноятлигича қолаверади. Ночорликдан жиноят содир этган одам нафақат ўзини, балки яқинларини ҳам оғир аҳволга солиб қўйгани қолади, холос. Рўзимурод бу аччиқ ҳақиқатни ўз тақдири мисолида англаб етганига ишонгинг келади…
Гарчи тарбия колониясида тарбияланувчилар учун барча шарт-шароит яратилган, ота-оналари узлуксиз хабар олиб турган, мутасаддилар ҳар байрам арафасида турли тадбирлар уюштириб, уларнинг кўнглини кўтараётган бўлса-да, тутқунликда ўтган бир кун минг кундек туюлаверади…
Ҳа, ҳаёт бешафқат. Бу қалин деворлар, тиканли симлар билан ўралган муассаса ҳатто кичик болаларни ҳам бир зумда каттага айлантириб қўяди.
Аччиқ тақдирлар билан танишар, надоматларга қулоқ солар экансан, оғир бир дард вужудингни қамраб олади. Беихтиёр нафасинг қисилади, колониядан тезроқ чиқиб кетгинг келади… Олти нафар ўсмир озод этилди-ку, дея таскин топгандек бўласан. Аммо фарзандининг «шўхлиги» туфайли юрагини алам-изтироб кемираётган, ўзини қўярга жой тополмаётган, кўзи ёшга тўла ота-оналарнинг ҳолати кўз ўнгингдан сира кетмайди. Улар гўёки «болаларимизнинг шу аҳволга тушишига биз сабабчимиз, гуноҳкормиз, кечиринг­лар», деяётгандек…
Аслида, ёшларнинг жиноятга қўл уришига биз ҳам қисман айбдормиз. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ, маҳалла оқсоқоли, фаоли, ҳоким, жамоат вакили сифатида айбдормиз. Колониядаги бу ёшлар бизнинг хатоларимиз, жамиятимиз азоблари, фожиалари… Бепарволигимиз, лоқайдлигимиз, ўзимиздан бошқани ўйламаслигимиз «меваси». Қоғозда ҳамма ишимиз беш. Амалда эса… баландпарвоз ҳисоботлару, ёлғон қарсаклар… Хўш, қачонгача сабаблар қолиб, оқибатлар билан курашамиз?!
Тарбияланувчиларга қараб, шундай хулосага келдим: юртимизда ўсмирлар, ёшларни тўғри йўлга бош­лаш, уларни уюштириш, бирон бир касб-ҳунарга йўналтириш, умуман, жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида кўплаб ташкилотлар тузилган ва тегишли қонунлар билан уларга аниқ вазифалар белгилаб берилган. Афсус­ки, улар асосий иш қолиб, қуруқ тадбирбозлигу қоғозбозлик билан шуғулланиб юрибди. Аччиқ бўлса-да, бу – ҳақиқат.
Токи жамиятда ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш учун жиддий киришилмас, амалий ишларга ўтилмас экан, ҳеч биримизнинг кўкрак кериб юришга, оғиз тўлдириб мақтанишга ҳаққимиз йўқ. Инчунун, тўқчилик, қаровсизлик, ва айниқса, етишмовчиликдан жиноятга қўл ураётган болалар жамиятни қаттиқ хавотирга солиши, ўйлантириши шарт! Акс ҳолда…
24-сонли тарбия колониясидан қайтарканман, хаёлдан мана шундай оғир ўйлар ўтди…

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»