4800 та китоб

30

Мактабга китоб совға қилиш ниятида йўлга чиққан ижодкор ўзи таҳсил олган даргоҳнинг бугунги ҳолати ва аҳволини кўриб ачинди. Мактаб кутубхонаси, деб аталадиган хонада бир нечтагина китоб бор эди, холос. Газета-журналлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Тошкентдан олиб келинган 4800 та китобни эса бу кутубхонага жойлаштириб бўлмасди.

Китобларни укасининг уйи­да қолдириб, пойтахтга қайтишни ният қилган ижодкорнинг миясига ҳоким билан гаплашиш ­фикри келди ва вилоят ҳокимлиги рақамини излаб, тезда ­топди. Гўшакни кўтариб, ўзини ҳоким ёрдамчиси деб таништирган йигит:
– Ҳокимга бирон хизмат бор эдими, айтаверинг! – деди.
– Йўқ, ҳеч қандай хизмат йўқ. Шунчаки ҳоким билан сўрашиб кетмоқчи эдим. Юқори лавозимларда бир неча йил ишлаб, вилоят ҳокими билан мажлисларда ёнма-ён ўтириб, бирор марта ҳокимга илтимос қилмаганман, ҳеч нима сўрамаганман.
– Яхши, сизни тушундим. Ҳоким ҳозир мажлис ўтказяпти. Сиз ҳақингизда у кишига айтаман ва сизга қўнғироқ қиламан.
Бир неча соат ўтгач, уяли телефон жиринглади. Гўшакдан «Ҳоким сизни сўраяпти» деган овоз келди. Ижодкор: «Мен ҳозир туманда эдим, қандай бораман?», деди. «Келаверинг, сиз турган жой ҳокимиятдан узоқ эмас, 15 минутда келасиз» деди ҳоким ёрдамчиси. Ярим соатга қолмай ҳоким ва ижодкор учрашишди.
– Мен яхши ниятда ўзим таҳсил олган мактабга 5000 тага яқин китоб олиб келгандим. Мактабнинг аҳволи жуда оғир, кутубхонани эса кутубхона деб ҳам бўлмайди. Шу мактабнинг таъмирига бир қарашсангиз…
Ҳоким кимгадир қўнғироқ қилди:
– Тумандаги 4-мактабнинг аҳволи қандай?.. Тезда ҳужжатларни тайёрлаб, кейинги йилга дастурга киритинглар, мактабни ремонт қиламиз…
Ижодкор ҳокимга миннатдорлик билдириб, қисқа мулоқотдан хурсанд бўлиб, пойтахтга қайтди.
Бу орада мактабга 4800 та китоб совға қилиниши ҳақида гап-сўзлар тарқади. Аммо, жой йўқлиги боис, китоблар янги бино битгач, мактабга совға қилинишидан ҳам ҳамма хабардор бўлди. Мактабни тугатиш арафасидаги 11-синф ўқувчилари «Китоблар биз битиргач олиб келинадими, нима, биз ўқимай кетамизми?» деб эътироз билдиришди. Шу ўқувчилар ташаббуси билан битта хона жорий таъмирланиб, китоблар мактабга олиб келинди. Ижодкорнинг укаси кутубхонага битта гилам совға қилди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб, мактабда таъмирлаш ишлари ­бошланди. Вилоят ҳокими мактабни бориб кўрмоқчи бўлди. Буни қарангки, мактабга бориш йўли, маҳалланинг аҳволи ҳам яхши эмасди.
«Вилоятда «Обод қишлоқ» дастури доирасида 73 миллиард сўм маблағ тежаб қолинган. Пулни шу маҳаллага йўналтирамиз». Бу хабар тез орада маҳаллага ёйилди. Демак, энди маҳалла учун «Обод қишлоқ» учун нима зарур бўлса, ҳаммаси қилинади.
Ҳа, қишлоқдаги бир мактабга 4800 та китоб совға қилинди. Ўқувчи-ёшлар бундан жуда мамнун. Бизга янгича фикрлайдиган ҳокимлар керак ва улар бор.
Мен ижодкордан эшитганларимни қисқача баён қилдим. Мактаб таъмири тугаса, қишлоқ обод бўлса, бир бормоқчиман. Шу гўшадан фоторепортаж тайёрлаб, ўқувчилар билан бўлишмоқчиман. Шунинг учун бу қайси вилоят, туман, маҳалла эканини ҳам, ижодкорнинг кимлигини ҳам ҳозирча ёзмадим.
Вилоят ҳокими ҳам, ўзи ўқиган мактабга китоб совға қилган ижодкор ҳам барака топсин!

Амрулло КАРИМОВ,
ЎзДЖТУ Медиа ва коммуникация факультети декани,
журналист