Ва, ҳам, гоҳ, агар, аммо, лекин, бас, мободо, модомики… Бу каби гапда боғловчи ёки кириш сўз бўлиб келувчи арабий, форсий сўзлар тилимизда талайгина.
Хўш, улар ўзлашмасдан бурун уларнинг вазифасини бажарган соф туркча сўзлар бўлганми?
Албатта, бўлган. Кошғарий бобомиз турк тилини – «араб тили билан икки улоқчи от сингари тенг пойга қилиб, ўзиб кетаётган турк тили» – деб таърифлаган. Чиндан ҳам, қадимги туркий битикларни ўқиганда минг йил бурунги туркий тил бошқа тиллардан сўз олишга эҳтиёжсиз, ҳар қандай фикр, ҳис-туйғуни ифодалашга қодир бой тил бўлганига гувоҳ бўласиз.
«Ма» ўрнида «ҳам»
Бошқа тилдан сўз олиш – баъзан тилни бойитади, баъзан эса, афсуски, ўзлашган сўз тилда илгари бор бўлган сўзни сиқиб чиқаради. Келинг, гапни асли форсча бўлган «ҳам» боғловчисидан бошлайлик. Бу сўз ўзлашмасдан бурун тилимизда айни шу маъно ва вазифада қўлланилган: «ма», «йэмә», «-да» каби боғловчилар бўлган. «Қутадғу билиг»дан мисол:
«Элиг айды уқтум бу сөзни ЙЭМӘ», –
Маъноси: «Элиг – ҳукмдор айтди: Бу сўзларни ҲАМ уқдим». Яъни, мазкур сатрда «йэмә»сўзи «ҳам» маъносида келган. Ҳозирги ўзбек тилида у фақат «яна» шаклида ва маъносида ишлатилади, аммо қозоқ, қирғиз тилларида «жана» ҳозир ҳам «ва», «ҳам» ўрнида қўлланилади.
Яна мисол:
«Бу Айтолды күндә йэтурди тапуғ,
Элиг МА ачығ БИРЛӘ ачты қапуғ», –
Маъноси: «Бу Ойтўлди кунда хизматда бўлди, элиг (ҳукмдор) ҲАМ марҳамат БИЛАН эшигини очиқ тутди«. «Элиг МА» – «элиг ҲАМ», яъни қадимги туркийда «ҳам» маъносида «ма» боғловчиси фаол қўлланилган. Афсуски, кейинчалик бу сўз унутилиб, ўз ўрнини бутунлай «ҳам»га бўшатиб берди. Мазкур байтда келган иккинчи боғловчи «БИРЛӘ»ни ҳозир ҳам «билан» шаклида қўллаймиз, унинг «бирла», «бирлан» шакллари бироз эскирган, яъни, «билан» сўзи: «бир+ла+н – би(р)лан – билан» шаклида ҳосил бўлган.
Ҳамза ўз замонида «Бой ИЛА хизматчи» деб ёзганда «билан»га маънодош «ила» боғловчиси ҳам фаол истеъмолда эди. Афсуски, секин-аста бу сўз нутқимизни тарк этмоқда. «Ила» ҳам «билан», «ва», «ҳам» маъноларида қўлланилган қадимий туркий сўз. Югнакийнинг «Ҳибатул-ҳақойиқ» асаридан олинган: «ažun toldї ‘udvan ǯäfa ǯāvr ILĀ» («Очун, яъни дунё душманлик, жафо ва жабр БИЛАН тўлди») мисрасида ҳам «ILĀ» – «билан» маъносида келган. Бундан ташқари, қадимги туркий битикларда икки исм ўртасида келувчи «-ин» («-ун») қўшимчаси ҳам «ва, билан, ила (-ла)» маъноларида қўлланилган. «Қутадғу билиг»дан бир мисол: «Эрәж арзу нэъмат қүвәнчИН авынч», – «Ҳаловат, орзу, неъмат, қувонч ВА овинч». Ушбу мисрада «қүвәнчин авынч» сўзлари ўртасидаги «-ин» – «ва» маъносида келган. «Қутадғу билиг»дан яна баъзи мисоллар: «өкүнчүн сығыт» – «ўкинч ва йиғи», «урунчун» – «пора билан», «сақынчын тугуг» – «хафачилик ва алам билан» ва ҳоказо.
«Гоҳ» ўрнида «ара»
Асли форсча: «гоҳ» боғловчиси ўрнида илгари «ара» сўзи қўлланилган: «Ара бар болур-мэн ара йоқ болур», – «Гоҳо пайдо бўламан, гоҳо йўқ бўламан»; «Ара қылқы қыз-тэг қылынчы силиг», – «Гоҳо қилиқлари қизларникидек, нозу истиғноси мулойим» (ва ҳк).
«Қутадғу билиг»да «гоҳ» ўрнида ҳар доим «ара» сўзининг қўлланганлиги илгари бу сўз фаол бўлганидан дарак беради. Аслида, ҳозир ҳам бу сўзни ОРА-СИРА, яъни гоҳ-гоҳ ишлатамиз: «ора-сира томоғини қириб гапирди». Яъни, бу сўз ҳозирда «гоҳ-гоҳ», «баъзан» маъносида кўпроқ «ора-сира» ёки «ора-ора» шаклида қўлланади: «ора-ора келиб тур», – «гоҳ-гоҳ келиб тур».
Азу, ёки, ё
«Бэгсиг ЙА қулсығ киши», – «бекка ўхшаш ЁКИ қулга ўхшаш киши». «Ё», «ёки» боғловчилари ҳозир ҳам тилимизда фаол. Аммо қадимги туркийда шу маънодаги яна бир сўз – «азу» ҳам бор эди. «Девону луғотит-турк»да «азу»га шундай мисол келтирилади: «узум егил АЗУ қағин егил – узум егин ЁКИ қовун егин».
Абанг, қали, қалийсиз?
Форсчадан тилимизга ўзлашган «агар» («гар», «магар») шарт боғловчиси ўрнида қадимги туркийда: «абаң» («апаң») ва «қалы» сўзлари қўлланган. «Девону луғотит-турк»да: «абаң – агар», деб изоҳланиб шундай мисол келтирилади: «абаң сӭн барсасан – агар сен борсанг». «Қутадғу билиг»да ҳам бу сўз учрайди ва «апаң» шаклида транскрипция этилади: «Апаң тэгсә эмгәк йа қаḋғу сақынч», – «Агар меҳнат-машаққат ёки қайғу-алам юз берса».
«Қутадғу билиг»да «агар» маъносидаги иккинчи туркий сўз – «қалы» айниқса кўп учрайди. «Девону луғотит-турк»да бу сўз шундай изоҳланади: «қалї – қандай, агар, башарти». Яъни, «қалї» фақат «агар» эмас, балки «қандай, қачонки» каби маъноларни ҳам билдиради. Шу ўринда бу сўзнинг «қандай» маъноси ҳақида.
Ўзбек тилида «қандай»га маънодош «қалай» сўзи бор. Бу сўз баъзи шеваларда, ҳозир ҳам худди «Девон»да ёзилгани каби, «қалий» («қалийсиз?» – Тошкент шевасида) шаклида талаффуз этилади. «Ўзбек тилининг этимологик луғати»да «қалай» сўзига: «қандай» сўзининг сўзлашув нутқида «нд» товушларининг «л»га алмашган шаклига тенг», яъни «қандай»нинг талаффузга мосланган кўриниши қабилида изоҳланган. Бизнингча, «қалай», «қалий» шакллари «қандай»дан эмас, балки ундан ҳам олдинроқ мавжуд бўлган мазкур «қалї»нинг ҳозирги тилимизда сақланган шакли бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. «Девон»да шундай мисол келтирилади: «сӭн бу їшїғ қалї қїлдїң?» – «сен бу ишни қандай қилдинг?»
«Қутадғу билиг»да «қалї» кўпроқ «агар» шарт боғловчиси маъносида қўлланганлигини кўриш мумкин: «Қалы қорқмаса сэн күчүн қорқытур», – «агар қўрқмасанг сен куч билан қўрқитур».
Аммо, лекин, бироқ…
Ушбу боғловчилар ичида чин туркчаси «бироқ». «Қадимги турк тили луғати» («Древнетюркский словарь»)да ёзилишича, бу сўзнинг энг қадимги шакли «birök», кейинчалик сўзлашув нутқида «бироқ»қа айланган. Мутахассислар фикрига кўра, бу сўз «бир» ва кучайтириш қўшимчаси – «-оқ» («-ök») дан ясалган.
«Лекин» арабча шу маънодаги «лакин» ёки «лакинна» сўзининг ўзбекчалашган шакли. «Аммо» сўзи эса арабча «ъан» ва «мā» сўзларини қўшиш орқали ясалган. Бу сўз аслида маъноси ўзидан кейин келувчи сўзга мослашувчи ёрдамчи сўз бўлиб, «ан ма баъд…» каби ибораларда бошқа сўзга қўшимча сифатида ишлатилган. Шу боис, баъзи ўзбек шеваларида «аммо» ва «лекин» – «аммолекин» шаклида қўшиб айтилади. Кейинчалик бу ибора оғзаки нутқда қисқартирилиб, ўзбек тилида «аммо»нинг ўзи ҳам «лекин» маъносида ишлатила бошлаган.
Абдувоҳид ҲАЙИТ,
филология фанлари номзоди
