Ёрилгин тош, ёрилгин,
Усмонжонни кўрайин,
Дийдорига тўяйин…
Бу сатрларни Холамбиби Мулла Охун қизи, яъни аввал ҳам охир ёд этуримиз Усмон Носирнинг онаси пичирлаб айтган.
Ҳа, Усмонжони ёнидан кетгач, ҳаёти қўрқинчли тушдек ўтди. Бу қўрқинчли тушда ҳадсиз саҳроаро оч бўрилар увиллар ва шу оч бўриларнинг ўртасида қўлига олов – шеърлар кўтариб чопаётган бир диловар йигит – унинг якка-ю ягона ўғли Усмон гавдаланарди. Холамбиби аяни шу қўрқинчли тушда ҳам ўғли шеърлари ила қутқарар эди. Шеърлар – олов, оловдан эса бўри қўрқади. Уларнинг ягона душмани шу оловдир.
Бу қўрқинчли тушда Усмон Носирнинг тагига сув қўйган жами сотқинлар пана-панада айшу ишрат қиладилар. Холамбибининг синиқ чеҳрасини кўришлари билан терс ўгириладилар, қалт-қалт титрайдилар.
Туртиниб, қоқилиб уйга қайтаётган муштипар ёнидан инсофли одамларгина шивирлаб ўтадилар:
– Илоё, эсон-омонгина эшигингиздан кириб келсин.
– Худо хоҳласа, Усмонжон оқланади.
– Ўкинманг, бу кунлар ҳам ортда қолади.
Холамбиби бирдан сергак тортади, умидвор юрагида нимадир ялт этади.
Тўғри, унинг сўнгги кунлари фақат илтижо билан, кутиш билан ўтди.
Урушларга кетганда,
Ёрилгин тош, ёрилгин,
Бунчалик куймасмидим,
Ёрилгин тош, ёрилгин.
Келармикин куйганим,
Болажоним – суйганим,
Ёрилгин тош, ёрилгин.
У кеча-ю кундуз «Ёрилтошлар»га илтижо қилди. Тошлар ёрилмади. Тош юракли одамлар ундан қочдилар. Охир бир куни онанинг юраги ёрилди:
«Агар мен ўлсам, оғзимни ерга қаратиб ётқизинглар, ичимдаги ҳамма қонлар оқиб кетсин, токи, қабримга ҳам қонга тўлиб бормайин».
* * *
Наманган вилоятида донғи кетган Маматхўжа домла 54 ёшда вафот этди. Орқасида Усмонни – бир ярим яшар гўдагини қучганча Холамбиби қолди.
Холамбиби. Оқ сариқдан келган, доим паст товушда гапирадиган тортинчоқ келинчак бу пайтда 28 ёшда эди. Унинг ой юзларини кўриш қариндош-уруғдан бошқага насиб этмаган. Чунки у домланинг аёли эди.
Унинг кейинги ҳаёти Носирҳожи Масодиқ ўғлига боғланган экан… Никоҳ ўқилаётган пайтда Носирҳожи Холамбибининг ўғлини тиззасида олиб ўтириш учун домладан рухсат олди. Уч ярим яшар Усмонжон энди унга ҳақиқий ўғил бўлди. Бундай мурувват ва меҳрга зор Холамбибининг кўзлари ёшланди.
Носирҳожининг онаси Ҳошияхон ая ниҳоятда мулойим, ипак товушли Холамбибини «Ўрик келиним» деб атарди. Ўрик келин бу даргоҳда савод чиқарди, отинча бўлди. Форс ва араб тилларини мукаммал ўрганди. Беш овсин бир ҳовлида аҳил-иноқ яшардилар. 1918-1928 йиллар орасида Носирҳожи 7-Туркистон ўқчи бригадасида хизмат қилаётгани туфайли оиласини Қўқонга кўчириб келди.
Уларнинг оиласи Қўқонда учтага кўпайди. Учаласи ҳам қиз. 1918 йил Равзахон, 1922 йил Роҳатхон, 1926 йилда Инобатхон дунёга келди.
Холамбиби 6 яшар Усмонга форс-тожик тилини ҳам ўргатди.
Носирҳожи ўғли Усмоннинг ҳеч қачон шаштини қайтармаган. Ниҳоятда ҳалол бу инсон форс, араб тилини мукаммал билиб олган ўғлини мактаб-интернатга ўқишга жойлади. Бу ерда Усмон рус тилини ўрганди.
103 ёшда Носирҳожи Масодиқ ўғли оламдан ўтди. Умри давомида у Усмоннинг ўгай ўғил эканини тасаввур ҳам этмаган. Яна шуни тасаввур этмаганки, унинг ўғли ўзбек адабиётида юлдуз бўлиб порлаши ва Усмон номининг ёнида ўзининг ҳам номи, яъни Усмон Носир бўлиб тарих саҳифаларига ёзилажагини…
1936 йилда Усмон Носир онаси ва сингилларини Қўқондан Тошкентга «Чақар» маҳалласига кўчириб келди. Бу пайтда Усмон Носирнинг номи шеърият аҳлига таниш эди.
«Аяжон, нега сен овқат пиширсанг, ҳамиша ширин бўлади. Сени қўлинг ширин-да, аяжон. Аяжон, сени ҳидлай, ҳидингни яхши кўраман», дея эркаланаётган Усмоннинг сочини силаб Холамбиби ҳайрон бўларди. Ким айтади буни шоир деб, бу ёш гўдак-ку. Кейин ўз боласидан ўзи уялиб, тортиниб сўрайди: «Ўғлим, шаҳарлик қизга совчи юборамизми ё қишлоқлик қизга?»
Шунда Усмон яйраб кулиб, ҳазил билан жавоб беради:
– Қишлоқлик қизга-да, аяжон. Фақат сочи этаги билан баробар бўлсин.
Бу гапларга Холамбиби маҳлиё бўлиб қоларди ва тасаввурида ўша ҳайдар соч, киприги узун, қоши камон, кўзлари чўлпон келин, ўзидан ҳам баттар тортинчоқлик билан ҳовлисида юргандек бўларди. Энтикиб қўярди. Ҳеч ким йўғида келин учун йиққан сарполарини кўздан кечириб, яқин орада эгасига топшираман, деб ўйларди.
Усмон уйга ҳеч қачон бир ўзи кириб келмаган. Доим ўртоқлари билан келиб: «Аяжон, овқатинг тайёрми», деб сўрар, алламаҳалгача ўртоқлари билан ўтириб, кейин ёлғиз ўзи тонггача бир нарсаларни ёзгани ёзган эди. Холамбиби ҳеч қачон ўғлининг ёзувларини титмаган. Бу ёзувлар, бу таржималарда қандайдир улуғлик борлигига у ҳамиша ишонган.
У содда ва хокисор аёл эди. У ўғли ноҳақ қамалган она қайси маҳкамага мурожаат қилиши, қайси инсофсизнинг ёқасидан олиши кераклигини билмас эди.
У муқаддас китоб – Қуръони Каримда ёзилганидек, рисоладаги хотин эди. Шу қадар тоза эдики, болаларининг уст-бошларини қайта-қайта ювиш, ҳар кеч дазмоллаш, оёқ кийимларини ёғлаш, ҳатто иссиқ пайтавагача ямаш билан машғул бўларди. Айтишларича, Холамбиби ая уйига меҳмон бўлиб келган Усмоннинг ўртоқларининг пойабзалларигача тозалаб қўяр экан.
У саводли отинча эди. Саводли аёлларнинг ҳаммасини ҳам ўша пайтда отин деб аташмас эди. У ўзгаларга ҳеч қачон дарду ҳасрат қилмаган. У мурувватталабликдан жирканар, сотқинлардан кўз ёшларини ҳам қизғанар эди.
У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ўғлидан хат келгандан кейин борди. Ўғлининг уюшмада қолиб кетган асарлари ва «Умрим қамоқда ўтса ҳам Ўзбекистонда ўтсин» деб ёзган сатрлари онаизорни бу ерга етаклаб келди. Бу ерда зор қақшатадиган зарбага дуч келди:
«Кетинг! Мен Ватан хоинининг онаси билан гаплашишни истамайман. Ўғлингиз жувонмарг бўладиган бола эди».
Бу ҳақорат Холамбибининг кўз олдини хиралаштириб юборди. У пиллапояда қоқилиб-йиқилиб тушди. Энг пастки зинага ҳолсиз ўтирганча умрида биринчи марта «илоё…» деб қарғади.
1937 йил 14 июлда «Чақар» маҳалласидан НКВД миршаби Мунсуров томонидан олиб кетилган Усмон Носир 1943 йилда оқланди. Аммо 1944 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида яна қораланди. Бу оқлов ва қораловлар Холамбиби аяни ўтдан олиб, сувга ташларди.
Уни соғинч қийнарди. Соғинмайдиган боламиди унинг Усмони ахир! Табиат ўғлига ҳеч нарсани аямай берган эди: муҳаббатни, нафратни, ҳуснни, сезгирлик ва ҳалоллик, вазминлик ва чўрткесарликни… Хуллас, йигит зотига зарур бўлган ҳамма фазилатлар унда мужассам эди. Энг муҳими, у ватанпарвар эди.
* * *
Дарвоза тақиллайди. Холамбиби жонини ҳовучлаб дарвозага томон юради:
– Кимсан, эй меҳмон, қандай хабар билан келдинг?
– Уйингизни тинтув қилгани келдик.
– Майли, менга деса уйни бузиб, тупроғигача тинтув қилинглар. Фақат боланг ўлди, деган шум хабарни олиб келмасангиз бўлди.
Дарвоза тақиллайди. Холамбиби дарвоза томон юради:
– Кимсан?… Фақат боланг ўлди, демасанг бўлди.
Махси ковуш кийиб, оқ рўмол ўраб,
Илтижо қилурман қиблага қараб:
Мендек яна борми тутдек тўкилган,
Ёлғиз боласининг умрини сўраб.
Садағанг кетайин, азиз меҳмоним,
Кел, сабр косам қонларга тўлди.
Жонимни ипакдек йўлингга тўшай,
Боланг ўлди, – дея келмасанг бўлди.
Кел, хабар келтиргил азиз меҳмоним,
Кел, илҳақ юрагим қонларга тўлди.
Тиригимда келгин, майли, ўлсам кел,
Усмон ўлди, дея келмасанг бўлди.
Шарқ аёлларининг кўнгли шундай оқки, ул кўнгилдан дунёни безаш учун бисёр оқ гуллар тўкилади. Ва бу оқ гулларнинг илдизи қуримасдир. Усмон Носирнинг қабри Камеровада эканини унинг жияни, шоира Нодира Рашидова аниқлади. Муқаддас қабрдан келтирилган тупроққа таъзим учун бораётган ҳар бир зот «Ёрил тош»нинг ичидан чиққан оқ гулнинг ҳидлари – шеърларидан баҳраманддир.
Бу шеърлар Холамбиби аянинг кўзлари каби ёшлуғдир. Бу шеърлар Холамбиби аянинг этаклари каби тоза ва тавофга лойиқдир. Бу шеърлар Холамбиби аянинг этаклари мисоли ўзига чўзилган жирканч қўлларни шамолида йиқитгувчидир.
Муҳтарам дўст, сиз Усмон Носирнинг қабрига оқ гуллар қўяётиб ўйланг, сизнинг бу эъзозингиздан шоҳ Машраб юртида яна бир мунгли қабр шод бўлади. Ул гуллар юрти Наманганда кўз юмган Холамбиби Мулла Охун қизининг қабридир.
«Аям, бу дунёга бир фаришта мисол келиб кетдилар, айтадиларки, аёл киши қийинчиликларни енгган сари фариштага айланиб бораверар экан. Шу гап рост бўлса, аяжоним ҳар куни фариштага айланганлар. Раҳматли олдиндан айтганидек, ичига қон тўлиб кетган экан. Улар Наманганда ўз оналари жон берган супада оғзидан қон отилиб оламдан ўтди». (Холамбиби аянинг қизлари Роҳатхоннинг хотираларидан).
«Бувим умрининг охирги кунларида китоблардан қўрқадиган бўлиб қолган эдилар. Мен китобдан бош кўтармай қолсам, «Болагинам, сен ҳам тоғангдек китобга ўчсан, сени ҳам тоғангдек қийнамасалар эди, қўй, жонимга оғриқ солма, кел, ундан кўра Фузулийдан ўқиб бера қолай» дер эдилар. Шунда: «Вой, бувижон, Фузулий ҳам китобни яхши кўрган-ку», десам, «Қандоқ қилай, болажон, китобни яхши кўрган одамнинг душмани ҳам кўп бўлар экан» деб кўз ёши қилардилар.
Усмон тоғамнинг юраги онасиникига ўхшаш, кўринишлари бувимнинг уруғлариникига ўхшаш бўлган. Бувимнинг айтишича, Усмон Носир туғилгач, қирқ кун эммаган, энди ўлади деган кунларидан эма бошлаган. У ҳаётда ҳам энди ўлди деган кундан бошлаб ўлмаслигини исбот қилиб кетди. Иншооллоҳ, абадий шундай бўлгай». (Усмон Носирнинг жияни Нодира Рашидова хотирасидан).
Мен бу ёзувларни баҳорда, Рамазон ҳайити куни, тонгда қоғозга туширдим. Бу тонг Тошкентдаги Жомий масжидида Қуръони Карим янграмоқда эди. Имон келтирдимки, субҳ – саболари аро бу саҳар бир-бирини кўришга зор кетган икки инсоннинг руҳи: Усмон Носир ва Холамбиби аянинг руҳлари учрашди.
Кўз ўнгимда ипакдек мулойим, осойишта одим босувчи, ўрик гулидек нафиса, Холамбиби ая сиймоси намоён бўлди.
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими
