– Ҳар доим туман марказидаги дўкондан ун оламан, – дейди чироқчилик Дўстмурод Янгибоев. – Қозоғистондан келтирилган буғдойни тегирмондан чиқариб сотишади. Тарозиси тўғри – бир қоп маҳсулот вазни роппа-роса 50 килограмм! Нони юмшоқ чиқади, ёз иссиғида қотиб қолмайди. Охирги марта бу ердан бир қоп унни 275 минг сўмдан олгандим. Яқинда 343 минг сўм бўлибди, қарийб 70 минг сўмга қимматлашибди. Сабабини буғдойнинг нархи ошгани билан боғлашди…
Дўстмурод аканинг гапидан сўнг дўконларни айландим. Қаранг, бир ой муқаддам 215 минг сўм бўлган уннинг нархи 265 минг сўмга чиқибди. Қозоғистоннинг биринчи навли уни 350 минг сўмдан 385 минг сўмгача сотиляпти. Олий навлиси эса 420 минг сўмга кўтарилибди. Сотувчилар буни буғдой биржада сотилаётгани билан изоҳлашди.
Ўзбекнинг дастурхони нон билан тўкис. Биз ҳатто ошга ҳам нон қўшиб еймиз. 4-5 кишилик оила ойига бир-бир ярим, 6-8 кишилик оила икки қопгача ун ишлатади. Демак, бугунги кунда улар ун сотиб олиш учун аввалгидан 100-150 минг сўм кўп маблағ сарфлашмоқда.
Одатда ҳар қандай маҳсулот нархи янги ҳосил пишиб етилиб, омборлар тўлиб-тошганда пастлайди. Хўш, бу йилги ғалла ҳосили қандай? Биз ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Косон туманидаги айрим фермер хўжаликларида бўлдик.
– Бу йил ҳудудимиздаги 60 та фермер хўжалиги 1437 гектар ерга ғалла эккан, – дейди «Косон» ҳудуди раиси Абдулло Умидов. – Режа 5245 тонна ҳосил олиш. Сув танқислиги кузатилса-да, апрель-май ойларидаги қисқа муддатли ёмғирлар, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетмагани сабабли ғаллаларимиз яхши бош олди. Шунга кўра, гектаридан ўтган йилгидан 8-10 центнер кўпроқ, аниқроғи, 35-40 центнердан ҳосил кўтаришни мўлжаллаб турибмиз. Баъзи фермер хўжаликларида бу кўрсаткич 50 центнердан ошиши кутилмоқда. Фермерлар ўриб-йиғиб олинган ғаллани «Санжарбек Нажим ўғли» кластерига топширишади. Улар бу йил буғдойнинг ҳар килосини бултургига нисбатан икки баравар қимматига – 3000 сўмданга сотишади. Шунга яраша яхшигина даромад орттиришади.
Биз ўрим-йиғим отряди учун дала шийпонида ҳамма шароитлар яратилгани, ишчиларга нонушта, тушлик, кечки овқат берилаётганига гувоҳ бўлдик. Бу қулайликлар ва иш унумидан комбайн операторларининг кайфияти чоғ. Жумладан, ёрдамчи оператор Лазиз Нарзиев бир кунда 10 гектар майдондаги ғаллани ўриб, хирмонга ўртача 40 тонна ҳосил тўкаётган экан.
«Санжарбек Нажим ўғли» ғаллачилик кластери раҳбари Нажим Отаназаровнинг айтишича, фермерлар уруғлик, техника ва ўғит харажатларини қайтаришдан ташқари, яхшигина фойда ҳам кўришади. Масалан, 40 гектар ерда деҳқончилик қилаётган «Омон ўғли Аброр» фермер хўжалиги ҳосилдорликни 40 центнерга етказиб, жами 160 тонна ҳосил олиш ниятида. Агар бир кило дон 3000 сўмдан ҳисобланса, жами 480 миллион сўм кирим бўлади. Ундан харажатлар чиқариб ташланса, фермер тахминан 300 миллион сўм миқдорида соф фойда кўриши мумкин. Режадан ортиқ ҳосилни эса хоҳласа кластерга сотади, хоҳласа ўз режалари асосида ишлатади. Ишчиларига ойлик қилиб бериши, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга баҳоли қудрат кўмак кўрсатиши ҳам мумкин.
Долзарб ўрим-йиғим даврида касаба уюшмалари ҳам четда тургани йўқ. Чунончи, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасининг Косон тумани кенгаши фаоллари далаларда бўлиб, миришкорлар аҳволидан хабар олишяпти. Қолаверса, фермерларнинг 87 нафар фарзанди айни кезларда Шаҳрисабздаги «Зебунисо» оромгоҳида ҳордиқ чиқаришмоқда.
Умид қиламизки, далалардан йиғиб олинаётган ҳосил мўл бўлиши ҳозирда осмонга сапчиётган ун ва дон нархи пасайишига олиб келади…
Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»
