Конституция халқчил бўлиши керак!

87

Мамлакатимиз ўтган давр ичида катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бунга кўзланган мақсадлар холис, марралар юксак, танлаган йўлимиз тўғри экани, халқимизнинг иродаси, матонати ҳамда меҳнатсеварлиги сабаб десак, адашмаган бўламиз. Демак, Конституциямиз халқчил бўлиши, унда асосий қоида қилиб халқ манфаатлари устунлиги белгиланиши лозим.

«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил устуворлик касб этиши, бунинг учун эса нималарга эътибор қаратишимиз лозимлиги Бош қонунимизда ўз аксини топиши керак.
Жумладан, давлат органлари фаолиятининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш; қурилишлар, йўл қурилиши масалаларида аҳоли яшаб турган уй-жойларга уларнинг розилигисиз зарар етказмаслик; яратилган боғлар, дарахтзорларни турли баҳоналар билан вайрон қилмаслик; эҳтиёж­манд оилаларга маблағ ажратилганда, уларнинг тирикчилигига етадиган меъёрни белгилаш; энг кам ойлик маошнинг миқдорини белгилашда бир оиланинг тирикчилигига етишини назарда тутиш; бола тарбияси учун таътилда ўтирган аёлларнинг барчасига ишлаш ёки ишламаслигидан қатъи назар, маблағ ажратиш; эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг бепул даволанишига имконият яратиш, бепул даволаган хусусий касалхоналар учун солиқ имтиёзлари бериш;
– Меҳрибонлик уйлари, эҳтиёжмандларга хайр-эҳсон қилган тадбиркорлар учун солиқдан имтиёзлар бериш;
– ёлланма ишчи, мардикор сифатида ишлаётганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш чораларини белгилаш каби масалаларга эътибор қаратиш муҳимлиги инобатга олиниши керак.
Янги Ўзбекистонда – жамият ислоҳотлар ташаббус­кори бўлган заминда фуқароларимизнинг таклиф ва фикрларини ўрганган, қайта-қайта муҳокамага қўйган ҳолда халқчил Конституция яратмоғимиз керак. Токи, у бугунги кунимизга эмас, келажак авлодларимизга ҳам хизмат қилсин.

Муборак АҲМЕДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати