Яқинда телевизорда бир кўрсатувни кўрдим: унда бир кишидан сўралганда, “мен нафақахўрман” деб жавоб берди.
Қайсидир газетада ҳам бир интервьюда мақола қаҳрамонини “нафақахўр” деб ёзибди.
Кейин ўзимча тенгдошларим орасида кичик сўровнома ўтказдим. Унда шундай савол қўйилганди: пенсия ва нафақанинг фарқи нимада?
Албатта, кўпчилик тенгдошларим иккиланиб қолишди. Мени ажаблантиргани шу эдики, уларнинг аксарияти иккиси бир маънони беради, деган жавоб эди.
Аслида қандай? Агар ҳар иккиси бир маънони берса, унда маошлар оширилиши ҳақидаги хабарларда “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида” деган жумлалар нега бўлади?
Бироз изланишлардан сўнг бунга аниқлик киритдик.
Пенсия қонунда белгиланган ёшга етганда етарлича иш стажига эга бўлган шахсларга тайинланади. Унинг миқдори иш стажига ва иш ҳақининг юқорилигига мутаносиб равишда белгиланади.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга кўра, етарлича иш стажига эга бўлган фуқаролар ва уларнинг оилалари пенсия олиш ҳуқуқига эга. Ушбу қонун билан давлат пенсияларининг қуйидаги турлари белгиланади:
- ёшга доир пенсия.
- ногиронлик пенсияси.
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси.
Нафақа эса иш стажига эга бўлмаган, меҳнат қобилиятини йўқотган шахсларга тайинланади. Нафақа миқдори давлат белгилаган қатъий миқдорда белгиланади.
Иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари қонунга биноан давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Уларнинг ижтимоий таъминоти Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарори билан тасдиқланган “Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом билан тартибга солинади.
Нафақаларнинг ҳам пенсия каби 3 тури бор:
- ёшга доир нафақа.
- ногиронлик нафақаси (болаликдан ногиронлиги бўлган шахслардан ташқари).
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланади.
Ҳақ тўланадиган иш бажараётган ёки бошқа даромад манбаига эга бўлган (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) шахсларга ёшга доир нафақа тайинланмайди. Иш стажига эга бўлмаган шахсга (болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналардан ташқари) ёшга доир нафақа меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандлари, қариндошлари ёки Оила кодексига мувофиқ уларни таъминлашга мажбур бўлган бошқа шахслар бўлмаган тақдирда тайинланади.
Ногиронлик нафақаси ногиронлик содир бўлган ҳолларда, ёшидан қатъи назар, иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тайинланади ва тўланади. Ишлаётган ёки ҳаёт кечиришнинг бошқа манбаларига (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) эга бўлган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинланмайди.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун бўйича давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари боқувчисини йўқотганлик нафақаси олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди. Шунингдек, ишсизлик нафақаси, ишдан бўшатиш нафақаси каби нафақа турлари ҳам мавжуд.
Ана энди билиб олдимки, пенсия билан нафақанинг фарқи катта.
Сабина Ғуломова,
ЎзДЖТУ талабаси
