Комилликка фикрлаш орқали эришилади…

119

Чингиз Айтматовнинг суратини бир филология фанлари номзодига кўрсатиб, «Бу киши ким?» деб сўрадим. Аслида самимий ҳазиллашиб, суҳбатни Айтматов оламига бурмоқчи, унинг ўзбек тилида нашр этилган «Қиёмат» ва «Охир замон нишоналари» романлари хусусида фикр алмашмоқчи эдим. Олим суратга боқиб, ўйга толди. Мен эса «Нега устимдан куляпсиз, шундай улуғ одамни танимайманми?» деб хафа бўлади, деган хаёлда хижолат торта бошладим. Аммо…

Афсус, узоқ давом этган сукут елка қисиш билан тугади. Бу ҳолатни кўрган иқтисодчи дўстимиз: «Э, бу Чингиз Айтматов-ку, бўриларни классик тас­вирлаган…» дея ҳайронлигини яшириб ўтирмади. Ортидан «Ака, шу одамни танимасангиз, нима қилиб юрибсиз?» деб суҳбатдошимизни ўсал қилди.
Албатта, бу шунчаки таъна эмас, балки аччиқ ҳақиқат! XX асрнинг улуғ мутафаккири, машҳур ижодкорини филолог танимаса, уят! Шундан келиб чиқиб, юрагим қатида бир неча йиллардан буён ниш отаётган армон ҳақида ёзишга жазм этдим.
Хўш, биз нега бугун кам китоб ўқиётирмиз?
Одамзод ўзини оқлашга устаси фаранг. Бозор иқтисодиёти, турмуш ташвишлари, югур-­югурлар, кўпдан кам бўлмаслик ғами, техникавий тараққиёт, компьютер замони, вақт тиғизлиги ва ҳоказолар.
Кечагина мук тушиб, энг оғир дамларда ҳам шам ёруғида китоб ўқиган ёки ёзганларнинг турмуш ташвишлари, орзу-умиди, қорин ғами, бола-чақа қайғуси йўқмиди? Бор эди! Керагича эди! Аммо эртага нима бўлишини билиш, дунёни ­англаш, оламни гўзал кўра олиш, келажакни соғиниб, улуғ ниятлар ушалиши йўлларини топиш, эътиқоди ва иродасини тоблаш учун авлодлар китоб ўқирди, ўқий олмагани ҳикмат тингларди, ҳеч бўлмаса, меҳмонхонадагиларнинг ибратли ҳикматига сомеъ бўларди.
Кексалар ҳамда ёшлар зиддияти бу табиий ва абадий ҳодиса. Ёшлар кексаларни янги даврни ва ўзларини тушунмасликда айблашади. Катта авлод эса «Ёшлар бузилиб кетаётир», деб қайғуришади. Аслида иккала авлодда ҳам ўзига хос хато ва камчиликлар бор. Катталар кичиклар тарбиясига жиддий қарай олмайдилар, уларни ортларидан эргаштиришга куч, ирода, етарли билим, ибрат тополмайдилар. Ёшлар эса китоб ўқимай, демакки, мушоҳада қилмай, рост-у ёлғонни, гуноҳ-у савобни фарқлай олмай, фақат ташқи кўринишни, яхши кийинишни, яхши ейиш ва қулай шароитларда яшашнигина чин саодат деб биладилар.
Ҳолбуки, ота-боболарнинг улуғ маънавий мероси, сабоқ ва ибрати борки, энг олий бахт – комилликка сабру қаноат, шукр, илм ва ҳалимлик, маърифат ва маданият орқалигина эришиш, чин маънода замонавий бўлиш мумкин.
Европалик машҳур ёзувчи Стефан Цвейг ­фикрича, икки кашфиёт инсоният тараққиётини беҳад тезлаштириб юборди. Биринчиси – ғилдиракнинг, иккинчиси эса китоб босишнинг кашф қилинишидир. Ҳодисалар моҳиятига чуқурроқ қарайдиган бўлсак, иккала ихтиро ҳам инсон дунёқарашини кенгайтириши, уни бошқалар яратган моддий ва маънавий билимлардан хабардор этиши билан аҳамиятлидир.
Зеро, одамзод ғилдирак сабабли товуқ каби ўз катагида тухум босиб ўтиришдан халос бўлиб, дунё айланиш, бошқа халқларнинг тараққиёт даражаси ва унинг сирлари билан танишиш, ўзига ва ўз ҳаётига чет нигоҳ билан қараш – бошқалар кўзгусида ўз ҳаётини кўриш имконига эга бўлди. Китоб шарофати билан эса, шуларнинг барчасини ўтирган жойида ўз тасарруфига кирита олди. Демак, бугун китоб ўқишга вақт тополмаётган замондошимизни унинг ғилдирак кашф қилинмасдан олдин яшаган ибтидоий боболарига қиё­с­ласак, бу ташбеҳ унчалик асоссиз бўлмайди.
Ўша замондошимиз эса истар-истамас бўлса ҳам бир нарсани сўрашга, эътироз билдиришга ҳақли: «Хўш, китоб деганда нима назарда тутилади ўзи? Мен, ахир, вақтли матбуотни, ўз соҳамга оид айрим нарсаларни яккам-дуккам бўлса ҳам ўқиб тураман-ку! Ўз соҳамнинг пири бўлиш учун, ўзимни замонавий, маданий ҳисоб­лаш учун шу етарли эмасми?..»
Йўқ, азиз асрдошимиз, етарли бўлмаса керак. Бир эътиборли ўқитувчим бот-бот «Мен бадиий асар ўқимаган одамни одам ҳисобламайман» дейишни канда қилмасди. Жумла салгина қўполроқ бўлса-да, замирида аччиқ ҳақиқат мужассамлигини эътироф этмасликнинг иложи йўқ.
Энди қандай китобни ўқиш керак, деган саволга китоб сўзининг аниқловчисини бироз кенгайтириб, адабий-бадиий, фалсафий, дидактик, тарихий, диний… деб жавоб бериш мумкин. Аммо, бугунги пойга замонида бунча кўп турдаги битикларни ўқиш оғирлик қилишини ҳисобга олсак, фақат бадиий адабиётнинг ўзидан ҳам турли «илмий» китоблардан олинадиган фойданинг 80-90 фоизини бемалол олиш мумкин. Эхтимол, бу ерда «фойда» сўзи унча келишмас, аммо XXI аср одамига бадиий асардан ҳаёт ҳақида, одамлар ҳақида олинажак билимлар, маънавий-­эстетик баҳрани унинг қалбига яқин айнан шу сўз орқали етказиш мақбулроқ.
Агар шамоллаганда аспирин деган дори асқатишини болалик кезларим «Гулхан» журналида босилган бир ҳикояча орқали билиб олганимга ишонсангиз, сиз бадиий асарнинг амалий аҳамиятини реал тасаввур қилишингиз ҳам мумкин. Агар бу далилнинг устига китобларда ёзилган, инсониятнинг фозил фарзандлари қайд этган қуйидаги эътирофларни қўшсак, манзара янада ойдинлашади: «Менда космик парвозларга интилишни машҳур фантаст ёзувчи Жюль Верн пайдо қилган эди. У миям фаолиятини шу соҳага йўналтирган» (К.Циолковский). «Санъат асарлари туфайли шахсан мен ўзимни олий даражада бахтли ҳис қиламан… Достоевский менга ҳар қандай олимдан, Гауссдан ҳам кўпроқ маънавий бойлик беради» (А.Эйнштейн, Нобель мукофоти лауреати). «Адабиёт – ҳаёт дарслигидир» (Чернишевский).
Бухоролик шоир Исроил Субҳоний китобнинг маънавий-маърифий, қолаверса, моддий аҳамиятини қуйидаги ­сатрларда ғоят ишонарли ифодалаган:

Агар юрагингни нокас бандалар
Булғаса, ўртаса ва этса ғорат,
Қодирийни ўқи – «Ўткан кунлар»у
«Меҳробдан чаён» – бу руҳий таҳорат.

Бугунги тараққиёт интернет, компьютер, телевизор, калькулятор сингари қулайликларни майдонга чиқарди. Булар тезкор XXI аср кишисининг ишини енгиллатиш, вақтини тежаш учун зарурий нарса-ҳодисалардир. Аммо бу каби «фикрий ялқовлик» элчилари энг яқин дўст, сирдош ва фикрдош бўлиши мумкин бўлган, тирик инсон нафаси уфуриб турган КИТОБ ўрнини эгаллашга даъвогарлик қилаётир. Ҳатто бизнинг замондошимиз маънавий ҳамдард бўлган, инсонни минг йиллардан буён жаҳолатдан қутқариб келаётган китобни мияни текин ва тайёр нарсаларга даъват этувчи машиналарга алмаштиришга ҳам улгурди.
Инсон ўзини ўзи таҳлил этиши оғир. Аммо ўзига шафқатсизроқ шахс ­­хато-камчиликлардан тез хулоса чиқариб, вақтни бой бермай, нимаики ютқазилган бўлса – ўрнини тўлдиришга, нимаики унутилган бўлса – уни тиклаб, авайлаб-­асрашга, ўз руҳий оламини гўзаллаштиришга шошади. Агар биз 70 йил яшаб, кунига 8 соат ухласак, умримизнинг 24 йили уйқу билан ўтар экан. Ундан кундалик турмуш ташвиш­ларига кетадиган ўртача 3 соатни олиб ташласак, яна 8,5 йили ҳавога совурилар экан. Демак, ҳаётимизнинг атиги 37,5 йилигина ўзимизни камолотга етказиш, руҳият иқлимларини гўзаллаштириш учун қолар экан. Бу жуда кам! Юрак орқага тортиб кетадиган даражада кам! Шу боис боболар беш кунлик, баъзан ҳатто тўрт кунлик дунё деб сизу бизни огоҳлантиришган.
Дарвоқе, ўтаётган умр – улуғ огоҳлик. Биз ўз тарихимизга, аслимиз ва ўзлигимизга жиддий ҳамда чуқур назар солиб, ўзимиз билан шафқатсизларча, виждонан рўбарў бўлмас эканмиз, эрта учун, авлодлар учун нурли из, ибрат, мерос, маънавий таянч қолдира олмаймиз.
Азиз замондош! Қалб кўзимизни очиб, бебаҳо маънавий неъмат – китоб мутолаасига, мушоҳада тилсимига қайтайлик. Негаки, чин ҳақиқатга, чин бахту саодатга, ҳақиқий комилликка фикрлаш орқали эришилади.

Илҳом ҒАНИЕВ,
филология фанлари доктори