Маош олмайдиган устозимга мактуб

73

Онам ҳақида ўйлаганимда ҳар доим ёдимга болалигимда ўқиган бир ҳикоят тушади.

Ҳикоятнинг мазмуни шундай эди. Бир Рафиқ исмли бола бўлади. У бир куни қилган ишларини ёзиб, онасига пул тўлашини, яъни укасига қарагани, нон келтириб бергани учун шунча пул, тўлашини ёзиб, стол устига қўйиб кетади. Мактабдан келиб қараса, пул турибди. Ёнида бир парча қоғоз ҳам. Қоғозда эса шундай ёзувлар бор.  “Рафиқнинг онасидан қарзи: 12 йилгача уни тарбия қилиш ҳақи  – 0. Унга кийимлар, овқат бергани ҳақи – 0. Ҳаммаси бўлиб – 0 сўм.

Шунда Рафиқ англайдики, она меҳри текин экан. Аммо уни ҳеч қачон узиб бўлмас экан.

Бугун мен университетда ўқиш жараёнида яна бир ҳикматни англаб қолдим. Она – инсон биринчи устози. Унга ҳаётда барча керакли нарсаларни ўргатган биринчи муаллим она бўлар экан. Ҳатто, кўпчилигимизга биринчи ҳарфни ҳам оналаримиз ўргатган.

Аммо қилган меҳнатларига ҳеч қачон ҳақ сўрамаган, таъна қилмаган. Буни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган. Тўғрими?

Яқинда ҳаётимида бўлган бир воқеа. Устозим магистратурада ўқийди. Шу кунларда диплом ҳимояси бўлди. Унга тайёргарлик кўриб юрганида, фарзандлари тарбиясига етарлича эътибор қарата олмади. Шу боис, мени ёрдамга чақириб турди. Мен устозимнинг қизчасига қараб турдим. Шу билан устозим илмий ишини ҳимоя қилди. Ниҳоятда хурсанд бўлди. Менга эса раҳмат айтди. Мен эса устознинг миннатдорлигидан миннатдор эдим.

Уйга қайтар эканман, яна хаёлимдан онам ўтди. Ҳаётдаги биринчи устозимнинг ҳақини қачон қайтараман? Ўзи онамнинг кўнглигини қачон олдим?

Маош олмаган ва олмадиган устозим, гўдаклигимдан туну кун меҳр берган, сабоқлари бир умрга татийдиган устозимнинг дуосини қачон оламан?

Сўнг онамга ушбу дилсўзларимни айтмоқчи бўлиб, телефонимни олдим. Аммо айта олмас эдим. Меҳримни ифодалашга сўзлар ожиз эди…

Телефонни очиб, СМС ёздим:

“Онажон, сизни яхши кўраман! Онажон, бизни барча инжиқлигимизга қарамасдан, барча эркаликларимизни кўтарганингиз учун раҳмат! Сиздан умрбод меҳр қарзман”.

Қизингиз

Сабина Отамуродова,

ЎзДЖТУ талабаси