Қоғознинг учинчи томони…

2625

ёхуд мутолаа ишончини мустаҳкамлаган ҳужжат

Кундалик ҳаётимизни қоғозсиз тасаввур қилиб бўлмайди – худонинг берган куни қоғоз ва ундан тайёрланган турли хил маҳсулотлардан фойдаланамиз. Масалан, тўлов ва харид чеклари, йўл чипталари, ёзув қоғозлари, турли товарларнинг ёрлиқлари, қутилар, ўрамлар, салфеткалар, пакетлар…

Хуллас, ҳамма жойда, яъни уйда, ишхонада, ошхонада, бозорда шу даражада кўп қоғоз ишлатиладики, одатда, бунга кўп ҳам эътибор беравермаймиз, ҳисобини ҳам олавермаймиз. Лекин шундай ташкилот ва корхоналар борки, улар бир куннинг ўзида тонналаб қоғозни «ямламай ютиб юборишади». Улар учун қоғоз кундалик эҳтиёж ва унинг ҳар бир грамми ҳам ҳисоб-китобли.
Шу десангиз, тонналаб қоғозни «кўрдим демайдиган» «юҳолар»нинг олд қаторида босмахоналар, нашриётлар ва албатта, даврий нашрлар туради. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан олинган маълумотда қайд этилишича, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, юртимизда 626 та газета, 539 та журнал ва 18 та ахборотнома-бюллетень рўйхатдан ўтган. Шунингдек, республикамизда 1611 та матбаа корхонаси ҳамда 262 та нашриёт мавжуд. Аммо айни вақтда уларнинг қанчаси қай даражада ­фаолият кўрсатаётгани ҳақида аниқ бир гап айтиш қийин. Чунки…
Ўзи шундоғам йилдан-йилга иқтисодий имконияти пасайиб бораётган қоғоз билан ишлайдиганларнинг бугунги аҳволи оғир эди. Негаки, қоғоз қимматлашиб кетган…
Масалан, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси шу йилнинг январь ойида бир килограмм офсет қоғозни 14 650 сўмдан, газета қоғозининг бир килосини эса 9 600 сўмдан сотиб олган. Қоғознинг нархи ошгани боис июнь ойида бир килограмм офсет қоғоз 22 000 сўмдан, бир килограмм газета қоғози эса 11 760 сўмдан олинган.
Эьтибор беринг, беш ой ичида офсет қоғоз нархи 7 350 сўмга, газета қоғози эса 2 160 сўмга oшган. Ҳалиям газета қоғозининг нархи майга нисбатан июнь ойида 240-250 сўмга ташлаган. Агар бугунги кундаги нарх-навони ўтган йилги билан таққослайдиган бўлсак, ўтган йили шу вақтда бир килограмм газета қоғози 5-6 минг (ҳозирда 11,5-12 минг) сўм, офсет қоғознинг бир килоси эса 8-10 минг сўм бўлган (айни вақтда 21,5-22 минг сўм).
Давлат божхона қўмитасидан олинган маълумотга қараладиган бўлса, қоғоз нархлари ўртасидаги тафовут яққол кўзга ташланади.
Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, ўтган йилнинг беш ойига нисбатан жорий йилнинг шу даврида импорт миқдори ошган. Аммо нарх кўтарилгани боис қийматда анчагина фарқ бор.
Хўш, қоғоз нархининг ошишига сабаб нима?
Ҳаммага маълумки, Украинадаги воқеалардан сўнг Россияга бир қатор санкциялар жорий этилди. Натижада қоғоз саноатида ишлатиладиган кимёвий моддалар, эҳтиёт қисмлар ва бош­­қа муҳим материаллар импорти бўйича чек­ловларга дуч келинди. Тахминларга кўра, энди «российский» қоғозлар сарғиш рангда (оқартирилмаган) бўлиши ҳам мумкин. Чунки қоғозни оқартиришда ишлатиладиган «химикат» Россияга асосан Европа давлатлари, хусусан, Финляндиядан келтирилади. Финлар ва бош­қалар эса ҳозирда санкциялар сабаб Россияни таъминотдан қисган.
Украинадаги воқеалардан сўнг Россиянинг ўзида ҳам қоғозлар қимматлашди. Масалан, офис қоғозининг нархи камида икки-уч баробарга ошди. Агар 24 февралгача 500 варақдан иборат бир пачка оқ қоғозни 250-280 рублга сотиб олиш мумкин бўлган бўлса, бир ойдан сўнг унинг баҳоси 500дан 800 рублгача кўтарилди. Қоғоз ва қоғоз маҳсулотлари тақчиллиги сабаб мамлакатдаги кўплаб дўконларда харид чекларни чиқариб бериш муаммога айланди. Чекларни тежаш мақсадида электрон тизимга ҳам ўтилди.

Гарчи юртимизда ҳам қоғоз ва қоғоз маҳсулотлари тақчиллиги сезилган ва уларнинг нархи ошган бўлса-да, ҳар тугул чеклар ҳамма жойларда муаммосиз чиқариб берилмоқда.
Халқимизда «Азага борган ўз дардини айтиб йиғлайди», деган гап бор. Шу маънода бугун даврий нашрларнинг масъуллари ҳамда ноширларни кўпроқ босма ва «газетний» қоғозлар қизиқтиради.
Маълумки, мамлакатимизга ёзув ва босма қоғозлар асосан Россия, Финляндия, Хитой, Беларусь каби давлатлардан келтирилади. Уларнинг орасида Россия сўзсиз етакчилик қилади ва умумий импортнинг 70 фоиздан ошиғи айнан унинг ҳиссасига тўғри келади.
Бир вақтлар конвертация «конк­рет» тўсиқ бўлган пайтларда ҳамма ҳам четдан қоғоз олиб келолмас эди. Ўша пайтларда асосан иккита ташкилот – «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси ҳамда «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи хориждан қоғоз келтирарди, холос. Бугунги кунда эса юртимизда фақат офсет ва газета қоғози савдоси билан шуғулланадиган «Poytaxt Group», «Union Рaper», «Baltcell Paper» каби 20 га яқин фирма мавжуд.
Асосан Россиядан қоғоз келтириб сотадиган фирмаларнинг бир нечтаси билан боғланиб, шундай хулосага келдикки, нархларнинг ошиши Россиядаги вазият билан боғлиқ. Ўзбекистонда февраль ойининг охиридан бери принтерлар учун мўлжалланган А4 форматдаги оқ қоғоз тахминан икки бараварга қимматлашди. Тадбиркорларнинг айтишича, қоғоз нархининг ошгани сабабли савдо ҳаж­ми ҳам сезиларли даражада пасайган. Одамлар қоғозни камроқ харид қилишмоқда.
Тадбиркорларнинг айтишича, айримлар фақат Россиядан қоғоз сотиб олиб келишар экан. Негаки, бошқа мамлакатлардан қоғоз келтириш улар учун бефойда бўлиши мумкин. Бизга Хитой, Туркия, Таиланд каби давлатлар ҳам қоғоз экспорт қилади. Аммо Россия уларни имкон қадар бизнинг бозорга киритмаслик учун уларникидан арзонроқ нархни таклиф қилади. Дейлик, қайсидир тадбиркор қайсидир мамлакатдан катта миқдорда қоғоз келтирди. Шунча қоғоз сотиб олингач, Россия нархни янада пасайтириши, натижада эса ўша тадбиркор хонавайрон бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳамма тадбиркорлар таваккал қилаверишмас экан.
Шу ўринда бир парадокс! Яъни, четдан қоғоз келтирувчилар сони тобора кўпая­ётгани яхши, аммо газета қоғозига бўлган эҳтиёж борган сари камаяётгани – ёмон!
Ҳеч кимга сир эмаски, кўпгина муассис ҳамда масъулларнинг газета ва журналларга бўлган «илиқ» муносабати оқибатида даврий нашрларнинг адади йилдан-йилга тушиб бормоқда. Айримлари ижара нархининг қимматлиги боис «ҳайдалиш» куйини чалмоқда, баъзилари эса, иложсизликдан (адад камлиги, маблағ йўқлиги учун) ёпилиб ҳам кетмоқда. Афсус!
Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун яна бир факт: 2000-йилларда «Шарқ»да 130 тадан ортиқ даврий нашрлар айтишга арзигулик ададда чоп этилган. Бугун эса бор-йўғи 60 тадан ошиқ газета-журнал босилади, холос. Шундан кўпчилигининг адади… ачинарли, айтмаган маъқул.
Ҳа, яқингача манзара шундай эди. Энди бундан буён ўзгарса, ажаб эмас.
Статистик маълумотларга кўра, юртимизга хориждан олиб келинадиган қоғоз маҳсулотлари миқдори 300 минг тонна атрофида экан. Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, Ўзбекистон ўтган 2021 йилда умумий қиймати 300,7 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи жами 231 минг тонна қоғоз ва картон импорт қилган.
Ўз-ўзидан савол туғилади: Ўзбекистонда қоғоз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва бунинг натижасида импортни камайтириш, қоғоз маҳсулотларига бўлган талабни қисман қондириш мумкинми?
Бу саволнинг жавоби: «Ҳа» ва «Йўқ». Йўқ, дейишга сабаб шуки, қоғоз ишлаб чиқариш учун жуда катта миқдорда ёғоч ва сув зарур бўлади. Бизда эса бепоён ўрмонлар йўқ, сув ҳам танқис. Лекин шундай бўлса-да, имкон топиб, қоғоз ишлаб чиқараётганлар ҳам бор. Фақат ёғочдан эмас, тошдан. Ҳа, айнан тошдан.
Шиддат билан ўзгараётган бу замонда кераксиздек туюлган оддий нарсадан ҳам эҳтиёж учун зарур бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин экан. Фарғона шаҳридаги «Fergana Stone Paper» корхонасида тошдан экологик тоза қоғоз тайёрланаётир.

Умумий қиймати 7 миллион долларга тенг бўлган ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган бу қўшма корхонада кунига 10 тонна қоғоз ишлаб чиқарилмоқда.

– Бу лойиҳани амалга ошириш учун уч йил изландик. Хорижий давлатларга бориб, жуда кўп нарсани ўргандик. Охир-оқибат, хитойлик ҳамкорлар билан тошдан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришдик, – дейди корхона раҳбари Жасурбек ­Ниёзов. – Айни пайтда тайёр маҳсулотнинг асосий қисмини Россия ва Туркияга экспорт қиляпмиз. Тошқоғоз маҳсулотларига дунёда талаб катта. Чунки у экологик тоза маҳсулот ҳисоб­ланади. Тошдан қоғоз ишлаб чиқариш жараёнида экологияга ҳеч қандай зарар етмайди. Масалан, ҳамма фойдаланадиган оддий оқ қоғознинг бир тоннасини ишлаб чиқариш учун 5 тонна сув керак. Бунда сув­нинг тенг ярми заҳарли моддалардан иборат бўлади. Кейинчалик уни тозалаш, йўқотиш имконсиз. Сувга ташланса, балиқлар нобуд бўлади, ерга тўкилса, ер «ўлади». Бу муаммо ҳозиргача бутун дунёда ҳал бўлган эмас. Тош­дан қоғоз ишлаб чиқаришда эса, бундай муаммоларга дуч келинмайди. Чунки сув умуман ишлатилмайди. Тошқоғознинг яна бир муҳим жиҳати шуки, ундаги ёзувлар узоқ муддат давомида ўчиб кетмайди.
Корхона раҳбарининг айтишича, тош­қоғоз ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асосий хомашёлар – тош, полипропилен, полиэтилен маҳсулотлари мамлакатимизда мавжуд бўлиб, ишлаб чиқаришда юз фоиз маҳаллий хомашё ишлатилар экан. Тош­қоғозлардан турли пакетлар, конверт, китоб, дафтар, ён дафтарчалар, газета-журнал, шунингдек, мева ва сабзавотлар солинадиган қутилар (бу картон қутилардан бир неча баробар афзал), бино ва уйларни безаш учун гулқоғозлар (обой) тайёрлаш ҳам мумкин экан.
Тан олиш керак, тошдан қоғоз ишлаб чиқариш – ҳақиқий инновация. Изланувчан, интилувчан тадбиркор билан суҳбат давомида яна шу нарсалар ойдинлашдики, корхона қоғоз етказиб бериш бўйича таҳририятлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Лекин бу таклифга «мана, биз…» ­дейдиган мард топилмаяпти.
Балки ҳозирги шароитда четникидан анча арзон бўлган миллий маҳсулот – тош­қоғозга жиддий эътибор бериб, таклифларни ўрганиб чиқиш керакдир? Шунда пул ҳам бегона бўлмасди. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
Россиялик масъуллар ва мутахассислар вазият изга тушаётгани, мамлакатда қоғоз тақчиллиги бўлмаслигини айтишмоқда. Биз ҳам шунинг тарафдоримиз. Чунки биз дунёдаги 40га яқин давлатдан қоғоз ва қоғоз маҳсулотлари импорт қиламиз. Уларнинг ичида эса, истаймизми-йўқми, бизга энг кўп қоғоз етказиб берувчи, бу – Россия!
«Ишдаги ишқ» номли бадиий фильмни деярли ҳамма кўрган, билади. Ўша фильмнинг бош қаҳрамонларидан бири бўлмиш ёш «кампир» Калугина бўлажак «чоли» Новоселцевнинг ишдан кетиш ҳақида ёзган аризаларини қайта-қайта йиртиб ташлаб, билдирилган эътирозга жавобан «…Муаммо йўқ, ташвиш чекманг, ёзинг, ёзаверинг, қоғоз саноатимиз яхши ишлайди» дейди.
Очиғини айтганда, бугун қоғоз билан боғлиқ ҳолат ташвишланарли, муаммолар бор. Аслида, қоғоз тақчиллиги бугун пайдо бўлгани йўқ. Адашмасам, бундан бир неча йил аввал қоғозни иқтисод қилиш, уни исроф қилмасдан тежаб ишлатиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинган эди. Шундан сўнг кўпчилик ёзув қоғознинг иккала томонидан ҳам фойдаланишга ўтишганди.
Ҳа, оқ қоғознинг иккинчи томонидан маълум вақтдан сўнг яна фойдаланса бўлади. Аммо «газетний» қоғозни босмахонада (қийқимларини ҳисобга олмаганда) иккинчи марта ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун кўпчилик офсет ва газета қоғозларининг «учинчи томони» ҳақида ўйлашарди. «Учинчи томон» деганда, қоғознинг қиммат ва тақчил бўлмаслигини таъминлаш учун юқори даражада ҳуқуқий ҳамда амалий ёрдам, четдан офсет, газета қоғози келтирадиганларга божхона божи бўйича имтиёзлар ва бош­­қа енгилликлар назарда тутилган, кутилган эди.
Мана, бир неча кундирки, кўнгилга тас­кин ва умид берадиган муҳим ҳужжат қабул қилинди. 2022 йил 27 июнь куни, яъни матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида байрамга совға сифатида давлатимиз раҳбари «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Матбуотчиларнинг ҳам кўнглига малҳам бўлувчи мазкур қарорда 2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар ­оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйи­­ча тўлаши (рек­лама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно) белгилаб ­қўйилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилиши ҳам барчани бирдек қувонтирди.
2023 йилдан бошлаб тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда бошқа муассасаларга 110 нусха даврий босма нашрлар ва 67 нусха китоб маҳсулотларининг мажбурий бепул нусхаларини юбориш амалиёти бекор қилиниши, улар томонидан босма маҳсулотларни харид қилиб олиш тартиби жорий қилиниши (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бундан мустасно) ҳам катта енгиллик бўлди. Эндиликда нашрларни тегиш­ли давлат органлари томонидан харид қилиб олиш учун Давлат бюджетидан маб­лағ ажратилади.
Бюджет ташкилотларига улардаги «кутубхона фонди» орқали даврий босма нашрлар обуна бўлиш учун ҳам маблағ йўналтиришга рухсат берилди. Насиб қилса, энди обунада ҳам ўзгариш бўлади.
Ҳа, мазкур қарор қоғоз билан ишловчиларга ҳам катта енгиллик яратди. Қувонч­лиси шуки, эндиликда КИТОБ ва ўқиладиган МАТБУОТ вақтида, муаммосиз чиқиб туришига ишонч бор!

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»