Ўзбекистон Республикаси Конституциясини замон талабларига мос тарзда ўзгартириш зуруратдир.
Аслида бугунги глобаллашув шароитида бутун дунё мамлакатлари конституциявий ривожланишнинг ўзига хос моделини изламоқда. Шу билан бирга, Конституция давлатнинг сиёсий ва ижтимоий барқарорлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда. Бунда конституциявий тамойиллар қуйидагиларни кўзда тутади: биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш; иккинчидан, «жамоат ҳуқуқлари», «умумжамият ҳуқуқлари»нинг ҳимоясини мустаҳкамлаш, яъни фуқаролик жамияти институтларини мувофиқлаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, бошқарув органлари тизимини ташкиллаштириш масъулияти ва ҳисобдорлигини янада ошириш.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатни демократик йўлдан ривожлантиришнинг ҳуқуқий кафолатидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» номли китобида демократик ислоҳотларни янги сифат босқичига олиб чиқувчи жиддий вазифалар қўйилган. Улар қонунчилик ҳамда ҳуқуқни англаш ва қўллаш тизимини, жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий онгини умуминсоний қадриятлар ва барқарор ривожланиш тамойилларига йўналтиради.
Аввало, бу «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ. Бунда инсон қадри – мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаётни, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлар, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлом экологик муҳит таъминланишини, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилманинг босқичма-босқич яратилишини англатади.
Халқчил ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегияси сари қадам қўйиб, бу катта йўлда жамиятимизнинг янги қиёфасини яратишга киришдик. Юртимизда одамларни рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, ҳаётимизни ўзгартираётган тамойиллар янгича демократик ўзгаришларни талаб қилмоқда. Бу – Конституциявий ислоҳот.
Шу маънода, ана шу муҳим ҳаётий зарурат Конституциявий ислоҳотларнинг қуйидаги устувор йўналишларида белгиланган: биринчидан, аввал амал қилган «давлат – жамият – инсон» асосини янги «инсон – жамият – давлат» парадигмага ўзгартириб, конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамлаш; иккинчидан, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш. Бу халқчил давлатни бунёд этишнинг энг муҳим шартидир; учинчидан, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини, «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» тамойилини конституциявий мустаҳкамлаш; тўртинчидан, оила институтини ривожлантириш, бўлажак авлодларга анъанавий инсоний қадриятларни асраб-авайлаган ҳолда етказиш, мамлакатда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашнинг конституциявий асосларини белгилаш; бешинчидан, Конституцияда давлат ёшлар сиёсатини, янги Ўзбекистон бунёдкорлари – ёшларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини, уларнинг ҳуқуқи, манфаатлари ва мажбуриятларини акс эттириш; олтинчидан, ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва одил фуқаролик жамиятини қуриш сари илдам бораётганини ҳисобга олган ҳолда, «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилини конституциявий норма сифатида мустаҳкамлаш; еттинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш, болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлиги бор шахслар ва кекса авлод вакиллари ҳуқуқларининг ишончли муҳофазасини таъминлаш; саккизинчидан, Конституцияга махсус экологик қоидалар, глобал иқлим ўзгаришларига тегишли ҳуқуқий меъёрларни киритиш; тўққизинчидан, болалар боғчалари, мактаблар, Учинчи Ренессанс асосларининг ўзаро боғлиқ жиҳатлари бўлган олий таълим ва фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш.
Дарҳақиқат, жадал ўзгариб бораётган давр замонавий талабларга жавоб берадиган Конституцияга эга бўлиш учун мувофиқ хатти-ҳаракатлар ва ўзгаришларни талаб қилади. Конституцавий норма ва қонунларнинг устуворлиги уларнинг инсон манфаатларини кўзлаб иш тутишига ва шу доирада ижтимоий ўзаро муносабатларни мақбул ҳолга келтиришига йўналтирилгани мамлакатда барқарорликни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашнинг фуқаролик жамияти асосларини қарор топтиришнинг асосий омиллари саналади.
Саидакмал МАМАСОЛИЕВ,
«Юксалиш» умумиллий ҳаракатининг Тошкент
вилояти бўлинмаси
ёш фаоли



