Мутасаддилар эса «Менга нима, сенга нима» қабилида бепарво
Илгари буғдойдан бўшаган майдонларга тунда ўт қўйиб юборилар эди. Энди эса куппа-кундуз куни ҳам сомонлар ёқиб юборилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Шу даражага борилдики, қишлоқ жойлардаги ҳовлиларга сомон куйиндиларининг учиб келиши одатий ҳолга айланиб қолди. Қолаверса, сомон ёқилиши оқибатида пайкаллар атрофларидаги ипак қурти учун зарур озуқа бўлган тут дарахтларига ҳам зиён етяпти.
Афсуски, бу қилмишимиз оқибатида атмосферага, ернинг унумдорлигига, саломатлигимизга қанчалар зиён етказаётганимизни тушуниб етмаяпмиз. Эколог олимлар аниқлашларича, атмосфера ернинг ҳимоя қатлами бўлиб, тирик организмларларни турли ультрабинафша нурлар ва зарарли зарралардан сақлайди.
Инсоннинг яшаши тоза ҳавога боғлиқ. Аксинча, ҳаво ифлосланиб, унинг кимёвий таркиби ва физик хоссалари ўзгариши билан ҳар бир организмнинг физиологик ҳолати ўзгаради ва турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.
Тиббиёт соҳасида олиб борилган тадқиқотлар натижасида одамларнинг салкам 85 фоизи тутун туфайли соғлиғида муаммо сезиши аниқланган. Шунингдек, тутун оқибатида 76,8 фоиз кўзларда, 44,8 фоиз бурунда ва 45,5 фоиз томоқда хасталиклар пайдо бўлар экан.
Амалдаги қонунчилигимизда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун, яъни далаларда сомон, хазон ва шох-шаббалар ёки ўсимлик қолдиқларини ёқиб юбориш орқали атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантирганлик учун фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробаридан беш баробаригача, мансабдор шахсларга эса беш баробаридан ўн баробаригача жарима солиниши белгиланган.
Қонунлар фақат уларга риоя қилинганидагина ишлайди. Наҳотки, экология ва табиатни муҳофаза қилиш мутасаддилари куппа-кундуз куни катта йўл ёқаларидаги далаларда сомон ёнаётганини кўришмаётган бўлишса? Ёки улар «Менга нима, сенга нима» қабилида бепарвоми? Аслида, табиатни муҳофаза қилиш соя-салқин биноларда ўтказилган мажлису йиғилишларда эмас, сомон ёқилишидан қовжираб куяётган табиат бағрида олиб борилиши керакмасми?
Анваржон ҲАЛИМОВ,
«ISHONCH»
