Муҳандислар қаерда малака оширишсин?

70

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги «Ўзбекис­тон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида «Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини яратиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида низом» тасдиқланган.

Низомда ташкилотларда идоравий бўлинмалар сони, фаолият хусусиятлари, касбга оид хавф-хатар даражаси ва ходимлар сонини ҳисобга олган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ташкил этилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши ёхуд хизмат вазифаларини бажариш махсус тайёргарликка эга ходимга юклатилиши белгиланган.
Ҳозирда ушбу низом талаблари асосида аксарият корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хизматлар жорий қилинган бўлиб, бу ходимлар меҳнатини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинмоқда.
Ушбу низомда хизмат ходимлари белгиланган тартибда ва муддатларда малака ошириши ва аттестациядан ўтиши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Меҳнатни муҳофаза қилиш зарур билим ва кўникмаларни талаб қилгани боис ушбу шартнинг киритилиши айни муддао, албатта. Аммо бугунги кунда вилоятларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг малакасини оширувчи марказлар йўқ. Бунинг учун пойтахтга боришга тўғри келади. Чекка вилоятлар аҳолиси учун бу осон эмас. Йўл, меҳмонхона харажатлари, малака ошириш учун тўловлар дегандек…
Тўғри, низомда меҳнат муҳофазаси ­бўйича мутахассис малака оширишда чиқимдор бўлмаслиги белгиланган. Лекин ҳамма иш берувчилар ҳам мутахассисларнинг малака оширишлари учун зарур ­маблағларни топиб бериш имконига эга эмас. Улар бу ­маблағни меҳнат муҳофазасининг ўзига сарфлашдан кўпроқ манфаатдор.
Вилоятларда, айтайлик, Хоразмда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари малака ошириши учун шарт-шароитлар яратилса, аввало, ходимнинг вақти, жамоанинг маблағи тежаб қолинган бўларди. Бизнингча, буни ташкил қилиш ортиқча қийинчилик туғдирмайди. Ҳудудларда кўплаб касб-ҳунар мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Мономарказларда ҳам ташкил қилиш мумкин. Ёки малака оширишни масофавий йўлга қўйиш имконияти ҳам бор.
Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташкилий-ҳуқуқий ­шаклларидан қатъи назар, ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини мувофиқлаштириш ва услубий таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган. Амалда эса вазирлик меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларига услубий ёрдам бериш ўрнига, «вақтида малака оширмаганини, сертификати йўқлигини» сабаб қилиб, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни жаримага тортиш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Кошки эди, жаримага тортиш билан масалага ечим топила қолса?! Ундан кўра вазирлик ўз ваколатларидан келиб чиққан ҳолда, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари вакилларининг малака оширишлари учун шарт-шароитлар яратиш­лари мақсадга мувофиқ ва фойдалироқ эмасми?

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»