Оқтовнинг нарисида, Қоратовнинг берисида

345

Оилапарвар сойкечарликлар

Чор атрофи баланд тоғлар билан ўралган Нурота ва Қўшработ кенгликларининг табиати ўзига хос. Унда йилнинг тўрт фасли жилвакор – баҳори ва кузи сўлим, ёзи жазирама, қиши ўзига яраша қаҳрли. Энг муҳими, бу тоғлар бағрида қаерда булоқ бўлса, аждодларимиз ўша ерда қўним топиб яшаб қолишган. Улар барпо этган қишлоқлар ҳам булоқлар номи билан аталган: Сойкечар, Кўкбулоқ, Жомбулоқ, Сувлиқ, Бўронбулоқ…
Ўтмишда Қоратов бағридан жилғаланган Ахчобсой суви доимо Сойкечар атрофидан оқиб турган. Тўй-маъракаларга борадиганлар сувнинг саёз жойларидан ўтишган. Ахчобсой кейинчалик қурғоқчилик туфайли янада саёзлашган. Аллазамонлар маҳаллий аҳоли ҳозирги Урганжи қишлоғидан Нурота шаҳрига қадар ҳашар йўли билан кориз қазиб, сув келтирган ва деҳқончилик қилган. Бинобарин, ирригация фани ривожланмаган пайтларда ҳам ота-боболаримиз обиҳаётдан самарали фойдаланишни билишган.
Сойкечар қишлоғида узоқ йиллик тарихга эга 14-умумтаълим мактаби бор. Унда 367 ўқувчига 48 нафар ўқитувчи дарс беради. Охирги сафар бу даргоҳга борганимда, Халқаро оила куни муносабати билан ўтказилаётган тадбир устидан чиқдим. Бир гуруҳ ўқувчилар «Келинлар қўзғолони« спектаклидан парча ижро этишди. Мен улар орасидан келгусида иқтидорли адабиёт ва санъат вакиллари етишиб чиқишига ишонч ҳосил қилдим. Чунки Нурота кенг­ликларида кўплаб бахши шоирлар яшаб ўтишган.
Ёшлар ўртасида ҳарбий-спорт беллашуви ҳам бўлиб ўтди. Ўқувчилар яккама-якка олишув, ўт устидан сакраш, чўғланиб турган ғиштни синдириш машқларини маҳорат билан бажаришди. Сўнгра намунали оилалар вакиллари шеър-қўшиқлар айтиш ва бошқа номинациялр бўйича беллашдилар. Қувонарлиси, намунали оила вакилларининг барчаси мактаб ўқитувчилари экан. Шундан билдимки, муаллимлар қишлоқда оилапарварлиги, одоб-ахлоқи, юриш-туриши, фарзандлар тарбияси борасида ҳам кўпчиликка намуна. Мусобақаларда Отабой Холдоров, Турдиниёз Тоғаев, Нурмурод Маматов, Баҳодир Очилов, Музаффар Ўрозбоқов каби педагоглар фаоллик кўрсатишди ва турли совғалар билан тақдирланишди.
– Мен Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини битиргач, 45 йилдан зиёд ўз ихтисослигим бўйича ишладим, – дейди Отабой Холдоров. – Шундан 30 йилини педагогик жамоага раҳбарлик қилиш билан ўтказдим. Бу мактабларни ўша кезлар асосан ҳашар йўли билан қурганмиз. Устига-устак, дарслик­лар етишмас, куз фаслида пахта теримига ҳам чиқардик. Лекин мен ҳеч қачон қийинчиликлардан нолимадим, доимо муаллимлик шарафли касб эканини унутмаган ҳолда иш юритдим. Худога шукур, собиқ ўқувчиларим ҳозир турли соҳаларда самарали фаолият юритишмоқда. Улар орасида нуфузли олий ўқув юртларида ёшларга сабоқ бераётганлари ҳам кўп. Чунончи, ўзимнинг катта ўғлим Азимжон иқтисод фанлари доктори сифатида Оксфорд университетида ишламоқда. Қолаверса, охирги пайтлар юртимизда ўқитувчи ва мураббийлар мавқеини янада юксалтириш чоралари кўрилмоқда. Янги авлод ўқитувчилари эса инновацион ва коммуникатив билимларни билиш­лари, таълим-тарбия ишларини жаҳон андозалари даражасида йўлга қўйиш лаёқатига эга бўлиш­лари керак…
– Миллий армиямизга эътибор кучайгач, ёшларимиз орасида Қуролли кучлар сафида хизмат қилишга ҳавасмандлар кўпайди, – дейди ЧҚТ фани ўқитувчиси Азамат Абдуллаев. – Аммо шу кунга қадар бу фанга ­эътибор кам эди. Президентимиз жорий йил 11 майда имзолаган «Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда эса «қизил» тоифага кирган умумтаълим мактабларида ватанпарварлик дарсларини замон талабига мос тарзда ўтиш, полигонларда 2 кунлик ҳарбий дала машғулотларини ташкил этиш, ўқувчиларни миллий чавандозлик мактабларига жалб қилиш, ҳарбий қисм вакиллари билан жонли мулоқотлар уюштириш зарурлиги тилга олинди. Натижада, бу фан қанчалик долзарб ва ҳаётий аҳамиятга эга эканини кенг жамоатчилик жуда яхши англаб етди. Қарорда тилга олинган масалалар биз муаллимларга ҳам кўтаринки руҳ бағишлади. Давлатимиз раҳбари бошчилигида яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам соҳани рақамлаштириш, инклюзив таълим, янги авлод дарсликларини яратиш ва бошқа бир қатор долзарб масалалар тилга олинди. Бу талабларга жавоб бериш учун эндиликда муаллимлар ҳар куни, мунтазам равишда ўз устиларида ишлашлари лозим.

Совуқбулоқ қишлоғи ўгайми?

Мен анча йиллар бурун бу қишлоққа оддий бир қаламкаш сифатида боргандим. Ўшанда шифтидан сув сизиб турган мактаб залида ўқувчи ва ўқитувчиларга газетада чиққан шеърларимни этим жунжикиб, ўқиб бергандим. Мендан кейин Россияда таҳсил олган филолог Эргаш Ёрбеков рус тилида ёддан шеър ­айтди. Даврадагилар иккимизнинг чиқишимизни қарсаклар билан олқишлашди.
Ҳолбуки, ўша пайтлар муаллимлар ойлаб маош олмас, турли комиссиялар уларнинг вақтини ўғрилаб, безор қиларди. Боз устига, қишлоқда ҳафталаб электр токи бўлмасди. Қисқаси, ўқитувчи ўз устида ишлаши, телевизор кўриши, кечқурун газета ўқиши тўғрисида ҳеч ким қайғурмас эди.
Бугунги Совуқбулоқ анча ўзгарган, халқнинг турмуши фаровонлашаяпти. Мактаб директори Абдувоҳид Аҳмедовнинг айтишича, 46-умумтаълим мактаби замонавий кўринишда янгидан барпо этилибди. Аммо туман марказидан 70, Навоий шаҳридан 150 километр олисда жойлашган бу билим даргоҳида ҳали бартараф этилмаган муаммолар ҳам бор. Масалан, мактабда инглиз тили муаллими етишмаслиги туфайли Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидан Дилмурод Иброҳимов, Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидан Феруз Холмўминов келиб, шу фандан дарс ўтишмоқда. Бундан ташқари, мактаб атиги 4 та хонадан иборат, дарслар икки навбатда ўтилади. Спорт машғулотларига мўлжалланган бино йўқ. Мактабнинг эски иморатини таъмирлаш тугалланмай қолиб кетган. Баҳона – маблағ танқислиги ва ҳоказолар.
Кейинги пайт­­да оммавий ахборот воситаларида мактабларга эътибор кучаяётгани, янги ўқув бинолари барпо этилаётгани ҳақида кўп сўз юритиляпти. Янги халқ таълими вазири олис туманлардаги мактабларга бораётгани тўғрисида бот-бот эшитиб ва ўқиб турибмиз. Бироқ у киши Ўзбекистоннинг олис, муаммоли қишлоқлари дислокациясини билмайдими ёки маҳаллий ҳокимлар ва туман халқ таълими бўлими бошлиқлари вазирни атай намунали мактабларга олиб боришадими?..
Хўш, инсон қадрига тобора кўпроқ эътибор қаратилаётган бугунги кунда Совуқбулоқдаги муаммолар нега узил-кесил ҳал этилмаяпти? Аслида бу юмушлар катта маблағ талаб қилмайди-ку…

Омон Ҳайитовнинг деганлари

Совуқбулоқ қишлоғидан чиқиб, ўн чақиримча юрилгач, қўшни Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани Жомбулоқ қишлоғи бошланади. Унинг атрофларида вилоят марказидан 170-185 километр олисда жойлашган Мижғон, Бўронбулоқ, Бошмон, Дўлана, Чалғир, Тошбулоқ, Кўкқовға, Қорабоғ қиш­лоқлари мавжуд. Уларда яшайдиган болалар ҳудуддаги замонавий услубда қад ростлаган 21-, 66- ва 84-умумтаълим мактабларида ўқийдилар.
«Адолат» социал-демократик партиясининг Қўшработ тумани кенгаши депутати Омон Ҳайитовни эса кўпчилик эл-юрт ғам-ташвиши билан яшайдиган куюнчак зиёли сифатида яхши танийди. В.Решетов номидаги республика рус тил ва адабиёти институтини битирган бу инсон узоқ йиллар мактабларда дарс берган, турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Ҳозир пенсияда. Мен у кишининг уйида бир неча йиллик босма нашрлар тартиб билан йиғиб қўйилганини кўриб қувондим. Яна бир қанча китоблар чанг­лари артилиб, тахлоғлик турибди. Мактаб тарихи билан боғлиқ бошқа маълумотлар, марҳум педагог-ўқитувчилар суратларигача сақлаб қўйилган.
– Бултур «Обод қишлоқ» дастури доирасида қиш­лоғимиздаги 3,7 километр йўл асфальтланди, – дейди Омон Ҳайитов. – Замонавий спорт зали барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, мактаб­гача таълим муассасалари фаолият юрита бошлади. Мен ҳам уйимда хусусий болалар боғчаси ташкил этдим. Оила аъзоларимизнинг барчаси зиёли. Турмуш ўртоғим Раъно Ҳайитова рус тили муаллимаси, ўғлим Жамшид мактаб директори, келиним Маҳлиё бош­ланғич таълим бўйича мутахассис. Оилавий боғчамиз эса 25 ўринли. Ҳозир қишлоғимизда яна иккита шунақа муассаса очилган.
Албатта, биз қишлоқ ободлиги ва ривожи учун баҳоли қудрат ҳисса қўшишга шаймиз. Аммо бизга боғлиқ бўлмаган муаммолар ҳам бор. Масалан, бизни Урганжи қишлоғи билан боғлайдиган 14 километрлик ўнқир-чўнқир йўлни асфальтлаш бир неча йилдан буён пайсалга солинмоқда. Ҳолбуки, бу иш амалга ошса, одамларга катта қулайлик яратилади, аҳолининг турмуш тарзи яхшиланади. Ҳатто олис ҳудудларда ҳам туризм­ни ривожлантириш масаласи ижобий ечим топади. Чунки бизнинг қишлоқдан бир неча километр нарида қадимий Жиловдор бобо зиёратгоҳи жойлашган. У ерда сўгал касаллигини даволайдиган тошлар макони бор. Уни бутун Ўзбекистондан излаб келишади ва беморлар шифо топишади. Агар холис таклифларимиз инобатга олиниб, бу тош­ларнинг шифобахшлик хусусиятларини мутахассислар илмий жиҳатдан исботласа, ўша ерда шифохона очиш мумкин. Темирқовуқ ва Жиловдор бобо қиш­лоқларидаги қадимий ҳайвон ва одамлар суратлари туширилган, шунингдек, мўғуллар диёримизга бостириб келган даврга оид маълумотлар жамланган тошбитиклар эса тарихчи олимларимиз ўрганишлари лозим бўлган, илм-фан учун янада кўпроқ янгиликлар кашф этишга фойдаси тегадиган манбалар ҳисобланади.
Сўнгсўз ўрнида. Бу менинг Оқтоғ ва Қоратоғ қувонч-ташвишлари ҳақидаги тўртинчи мақолам. Авваллари аҳволи ночор ва ҳимоясиз қиш­лоқ муаллимларининг муаммолари тўғрисида ёзсам-да, ёрдам беролмагандим. Боиси – у пайтлар вазият бош­қача эди. Бугун эса астойдил ишлаб, бошқаларга ўрнак бўлаётган фидойи устоз­лар ва мураббийлар миллат қаҳрамонига айланишяпти. Қолаверса, шу йил 11 майда Президентимизнинг «2022-2026 йилларда халқ таълимини ривож­лантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Буни буюк маънавий ғалаба дейиш мумкин. Шу боис бу сафар «Қаддингизни тик тутинг, зиммангиздаги залворли юкни ҳис этинг, Сизнинг муаммоларингиз, албатта, ижобий ечим топади, азиз устозлар!» дегим келади.

Ўлжабой ҚАРШИЕВ,
журналист