Илҳомжон Ботиров 2020 йилдан буён «Фарғона сув таъминоти» МЧЖнинг Марғилон шаҳар филиали мижозлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. Бироқ корхона раҳбарининг 2022 йил 11 апрелдаги 257-К сонли буйруғига мувофиқ у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми, 3-бандига асосан бекор қилинди.
Ишдан бўшатилганидан норози бўлган Илҳомжон Ботиров Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашига ҳуқуқларини тиклашда кўмак сўраб, мурожаат қилди.
Ўрганишлар давомида Илҳомжон Ботировни ишдан бўшатиш тўғрисида чиқарилган буйруқ амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларига зидлиги аниқланди.
Шундан сўнг касаба уюшмалари томонидан «Фарғона сув таъминоти» МЧЖ раҳбари номига Илҳомжон Ботировни ишга тиклаш бўйича тақдимнома киритилди. Бироқ жамият директори тақдимномага рад жавобини берди.
Иш судгача борди. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, И. Ботировни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ноқонуний деб топилиб, ходим ўз ишига тикланди. Шу билан бирга, мажбурий прогул вақти учун тўланмаган иш ҳақи ҳам ундириб берилди.
Мансуржон УСМОНОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори
