Жасурбек Абдураҳмонов «Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг Гулистон шаҳар электр таъминоти бўлимида 2018 йилдан буён ишлаб келаётган эди. Аммо иш берувчининг жорий йил 8 июндаги 35-сонли буйруғига кўра, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Ходимнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгашига қилган арзи эътиборсиз қолдирилмади.
Ўрганишлар жараёнида Ж.Абдураҳмонов 2022 йил 16 май санасидан бошлаб сабабсиз ишга келмагани важи билан 8 июнда Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми, 4-бандига асосан ишдан бўшатилгани ойдинлашди. Ваҳоланки, ходим 30 майдан то 25 июнгача ўқишда бўлишини асословчи ҳужжатни 2022 йил 1 июнда кадрлар бўлимига топширган. Негадир ушбу хат орадан олти кун ўтгач, яъни 7 июнда рўйхатга олинган.
Касаба уюшмаси ходимнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб, иш берувчи номига тақдимнома киритди. Мурожаат қаноатлантирилди. Ноқонуний буйруқ бекор қилиниб, Ж.Абдураҳмоновга ўқиш таътили расмийлаштирилди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»



