Саратон тафтидан фойдаланинг

70

Юртимизда ёз. Саратон. Бундай вақтда ҳамма соя-салқин жой излаб қолади. Аслида иссиқдан қочиш эмас, унга «пешвоз чиқиш» керак. Яъни иссиқдан, қуёш тафтидан фойдаланиб қолиш зарур.

Айни саратонда соат 10:00 дан ўтиб ер қизийди. Ана шу қизиган ер (тупроқ, асфальт, йўлак)нинг соғлиққа фойдаси катта, фақат буни кўпчилик билмайди. Соатлаб ялангоёқ юрилса борми… Мутахассисларнинг фикрига кўра, ялангоёқ юрганда:
– томирлар эластиклиги ошади, бу варикознинг олдини олади;
– бармоқлар орасидаги турли тошмалар, касалликлар йўқолади;
– инфекцияларни юқтириш хавфи кескин камаяди;
– тананинг терморегуляцияси ривожланади ва қишда оёқлар яхши исийди;
– оёқнинг шакли яхшиланади;
– пойабзалга ишқаланишдан келиб чиқадиган каллуслар пайдо бўлмайди;
– инсон организмидаги турли касалликлар чекинади, йўқолади;
– ақлий фаолият ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Ялангоёқ юриш – оёқ бўғимлари яллиғланишининг олдини олиш ва даволашда муҳим ўрин тутади. Оёқлардаги бўғимлар яллиғланганда суяк, лигамент, тендон ва мушак тўқималарида (артроз) бузилишлар пайдо бўлади. Оёқ бармоқлари артрози ноқулай ва тор пойабзал кийиш орқали (айниқса, аёлларда) ривож­ланади. Касалликни даволашнинг энг самарали усулларидан бири пойабзалсиз юришдир. Бу организмдаги оксидланиш жараёнларини яхшилайди, тўқималарни кислород билан тўйинтиришга ҳисса қўшади, юрак хуружи, инсульт, гипертония ва бош­­қа юрак-қон томир ­касаллик­ларининг олдини олади.
Илгари ота-боболаримиз ялангоёқ юришнинг фойдасини жуда яхши билишган ва шу сабабдан унча-бунчага оёқ кийим кийишмаган. Бугун-чи?
Кўпчилик сунъий қопламали йўлак ва майдончаларда оёқ кийимсиз сайр қилишни «одобсизлик» деб ҳисоблайди…
Маълумки, сайёрамиз манфий зарядланган ва ялангоёқ юрганимизда манфий электронларни сингдирамиз. Бу эса организм учун жуда фойдали.
Шуни унутмаслик керакки, ялангоёқ юришни канда қилмайдиган одам доимо яхши кайфиятда ва соғлом бўлади. Биз учун муҳими шу эмасми?..
Демак, саратон тафтидан фойдаланиб қолишга шошиламиз.

Диёра РАВШАНОВА
тайёрлади