Қандай жамият ёки давлат бўлишидан қатъи назар, аввало, инсон қадр топса, ўзини эркин ҳис қилса, фаровон турмуш кечирса, ҳаётидан рози бўлиб яшаса, табиийки, у ерда тинчлик барқарор, тараққиёт бардавом бўлади.
Тафаккур қилсак, Парвардигор ўз гўзаллиги эътирофи сифатида табиатни, ўз қудратининг тимсоли сифатида инсонни яратганини англаймиз. Одамга ато этилган неъматлар аввалида унинг азизу мукаррамлиги туради. Чунки инсонга насиб бўлган ақлу тафаккур, иймон-эътиқод, меҳру муҳаббат, илму ҳикмат, ҳаё-ибо ҳеч бир жонзотда йўқ. Шундан келиб чиқиб, ҳазрат Навоий инсонни шундай улуғлаган:
Тўрт унсур, етти кўк, олти жиҳот,
Нодиру олий асоси коинот.
Барчасидан ашраф ул инсон эрур,
То камолидан ҳирад ҳайрон эрур.
Бу дунё ноз-неъматларини Яратган инсон учун бунёд этган, айни пайтда, улар она табиат маҳсули бўлиб яралган. Тараққиёт, бунёдкорлик эса ўша ақл-заковат ҳосиласидир. Шунинг учун ҳам тафаккур эгаларига бешикдан қабргача илм излаш буюрилган.
Албатта, инсон бўлиб яшашнинг ўз қонуниятлари бор. Назаримда, ҳақиқат ва адолатга бўлган кучли интилиш, мазмунли ҳаёт орзу-истаги тафаккур ривожланган жамиятларда биринчи бўлиб шаклланган. Ҳалол ва пок яшаш учун, айни пайтда, ўзининг ишончли ҳимояси учун қонун шаклидаги ҳуқуқий асослар ихтиро қилинган, одамлар, жамият, давлат амал қиладиган, бўйсунадиган қоидалар ишлаб чиқилган. Шу маънода айтсак, қонун инсон қадрининг синмас, ёнмас қалқонидир.
Қонунчилик соҳасида катта тажриба тўплаган мамлакатлар эса вақти келиб, давлат ва халқнинг ҳуқуқий паспорти, қонуний ташриф қоғози бўлмиш Конституцияни яратишга муваффақ бўлди. Бугун, ҳеч шубҳа йўқки, Бош қомус ҳар бир давлатнинг юксак юридик кучга эга бўлган асосий қонуни, барча жорий қонунларнинг пойдевори ҳисобланади.
Агар бир оз шоирона ҳаяжон билан ифода этсак, Конституциямиз – миллатимиз, халқимиз, давлатимиз қадри учун Қонун тимсолида қўйилаётган ҳайкал, янги тамаддун истиқболига ёқилаётган чироқ.
Доно халқимизда «Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ» деган пурмаъно нақл бор. Янги Ўзбекистонимизни янги имкониятлар оламига олиб чиқиш, ривожланган давлатлар сафида тенглар ичра тенг бўлиб, тараққий этиши учун Конституциямизга бир қатор ўзгартишлар киритишни даврнинг ўзи ҳам жиддий талаб этяпти. Бу муҳим жараённи Президентимизнинг халқимиз бахт-саодати ва фаровон ҳаётини ўйлаб, ҳамиша ўз вақтида киритаётган хайрли ташаббусларининг мантиқий давоми деб баҳоласак, ўйлайманки, тўғри бўлади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда таъкидлаганидек, «Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, янги Ўзбекистонни албатта биргаликда барпо этамиз».
Зеро, биз мана шундай ўзгаришларга тайёр ва асосийси, янада яхши шароитларда яшашга муносиб халқмиз.
Миллий урф-одатларимиз – миллий ўзлигимиз
Биз миллат сифатида бир жиҳатимиз, яъни миллий урф-одатларимиз асоси, тамал тоши покликка қурилгани, ҳалол ниятдан яралгани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Шу боис мен янгиланаётган Конституциямизда миллий урф-одатларимиз ва маънавий меросимизни сақлаш борасида олдимизда турган вазифаларга, миллат фарзанди сифатида бурчимизга ўз муносабатимни билдирмоқчиман.
Аввало шуни айтиш жоизки, урф-одат деганда, кундалик турмуш тарзимизга сингиб кетган, кези келганда, такрорланиб турадиган хатти-ҳаракат, аксарият аҳоли томонидан қабул қилинган хулқ-атвор қоидалари тушунилади. Фақат бизнинг халқимизга, миллатимизгагина хос бўлган гўзал ва бетакрор қадриятлар – миллий урф-одатларимиз қадимдан таркиб топган миллий анъана, одат, расм-русум, таомил, маросимларимиз силсиласида яшаб келаётир. Буюк халқларнинг азалий анъанасига айланиб қолган ҳар бир маросим миллийлик қобиғидан чиқиб, умуминсоний қадрият сифатида баҳоланади. Аслида ҳам бир одам ёки олим эзгу ниятда яратган маънавий, маърифий, илмий бойлик ўз-ўзидан умумбашар бойлигига айланади. Тили, дили, турмуш тарзи бир-бирига яқин бўлган қўшни халқларни бирлаштиради. Умумбашарий одатлар қардош миллатлар орасида бир-бирини боғловчи кўприкларни вужудга келтиради.
Албатта, бу маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаб, келажак авлодларга безавол етказиш ҳар биримизнинг ҳам инсоний, ҳам фарзандлик бурчимиздир. Аммо шуни унутмаслик жоизки, замон шиддат билан илдамламоқда. Аниқроғи, кеча янгидек ва долзарб бўлиб туюлган бирор ихтиро ёки фикр бугун қарийб ўз аҳамиятини йўқотиб, янгиланишни, бутунлай такомиллашувни талаб қилмоқда. Биз давр билан ҳамнафас одимлашни истар эканмиз, бу омилни асло унутмаслигимиз лозим. Айнан шу жойда ҳаёт биздан, боболар тили билан айтганда, «етти ўлчаб бир кесишни» талаб қилади. Шошма-шошарлик билан, енгил-елпи ўй-хаёлга бориб, қадимий урф-одатларимизни хаспўшлашимиз керак эмас. Аксинча, уни бугунги замон илму маърифати нурига йўғириб, барча давр ва умуминсоният учун заруратини англаб, келажак авлодларнинг қўлига ҳам, дилига ҳам, тилига ҳам тутмоғимиз зарур.
Зеро, миллий анъаналаримиз, қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат, Ватанга садоқат каби олижаноб туйғуларни шакллантириш, уларни «оммавий маданият» хуружларидан асраш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшаётган иқтидорли ва истеъдодли ижодкорлар, ижтимоий фаол навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий баркамол шахс бўлиб вояга етишлари, жамиятда ўз ўринларини топишлари учун кўмаклашиш билан боғлиқ моддага зарурат бордек. Бунинг амалдаги исботини Президентимиз яқинда Ёшлар куни муносабати билан сўзлаган нутқида ёрқин намоён этди. Янги Ўзбекистон ёшлари муҳтож бўлиб турган қайсики соҳа бор, бирортаси давлатимиз раҳбари назаридан четда қолмаган. У киши томонидан ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг кўлами шу даражада улуғвор.
Буларнинг эвазига Янги Ўзбекистон ёшларидан фақат бир нарса – астойдил ўқиб-изланиб, замонавий билимларни эгаллаш, қўлни-қўлга бериб, бир байроқ остида Янги Ўзбекистон қудратига – учинчи Ренессанс бунёдкорларига айланиш, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш сўраляпти.
Дахлдорлик ва юксак масъулият туйғуси
Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» китобидаги «Маънавий тараққиёт» бўлими қуйидаги сатрлар билан бошланади:
«Менинг назаримда, инсоният дунёсининг буюк бир ёритқичи – маънавият чироғи бор.
Бу чироқнинг бошқалардан фарқи шуки, у инсоннинг онги ва тафаккурини ёритади, қалби, виждонини уйғотади, одамийлик ҳиссини кучайтиради.
Ўзбекистоннинг янги уйғониш даврини яратишга киришган эканмиз, ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгида ана шундай маънавият шуъласи порлаши ва у бизни эзгу ишларга ундаб, юксак масъулият туйғуси билан яшашга даъват этиб туриши зарур».
Дарҳақиқат, масъулият туйғуси билан яшаган инсон миллатнинг бойлиги, иймон-эътиқодда мустаҳкам, маънан етук инсон тимсолидир. Шу ўринда айтиш лозимки, маънавий мерос – маънавий тараққиёт маҳсули, инсон ақл-заковати билан яралган тафаккур ёғдуси. Буюк аждодларимизнинг тафаккур ёғдуси бугун бутун оламга ва одамлар қалбига ўз нурини таратаяпти. Дилларни дилларга, элларни элларга маънавият риштаси ила боғлаяпти. Ҳушёрликка, бирдамликка чорлаяпти.
«Жаҳолатга қарши – маърифат» деган эзгу ғоя Конституциямизнинг туб моҳиятида янада кенгроқ акс этмоғи керак. «Янги Ўзбекистон стратегияси» китобида «Мамлакатимизнинг кейинги даврга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида албатта маънавий-маърифий ислоҳотларга алоҳида бўлим ажратилиши даркор, деб ҳисоблайман. Ўзбекистоннинг 2022 – 2032 йилларга мўлжалланган маънавий тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиши ва уни давлат сиёсатининг таркибий қисмига айлантиришни талаб қилмоқда», дея бежиз таъкидланмаган.
Шунинг учун ҳам айни йўналишда миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимизни тиклаш, хусусан, буюк боболаримиз ва мутафаккирларимизнинг бой меросини теран ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларини асраш ва келгуси авлодларга замонавий таъсирчан усулларда етказиш каби хайрли ишларни янада кенгроқ миқёсда амалга ошириш лозим. Буюк олимларимиз, ёзувчи ва шоирларимиз ҳаёти ҳамда илмий ва адабий меросини ўрганишга, ўргатишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Шуни унутмаслик жоизки, маънавий меросларимиз ёшлар таълим-тарбияси ёки миллат сифатидаги салоҳиятимизни эмас, балки халқимиз хавфсизлигини, тинчлигини мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ҳамда ўзаро англашув каби омиллар шаклланишига ҳам хизмат қилади.
Янгиланаётган Конституциямизда миллий урф-одатларимиз ва бой маънавий меросимизни сақлаш ҳақидаги модда борлигини инкор этмаган ҳолда, бир таклиф киритмоқчиман. У ҳам бўлса, маънавий мерослар типига буюк ёзувчи ва шоирларимизнинг дастлабки машқларидан то камолот касб этгунига қадар бўлган фаолиятига машъал тутган матбуот, яъни газета ва журналларни ҳамда бадиий ва илмий китобларни ҳам киритиш мумкин. Уларнинг ўрнини бутунлай электрон шакллар эгаллашидан, келгуси авлод китоб ва матбуотни фақат тарихий кўрсатувлар ҳамда музейларда кўришларидай аянчли ҳолатлардан сақланиш лозим. Бунинг учун янги Конституциямизга айнан матбуот ва китобларнинг тақдири, эртанги ва ундан кейинги кунлари билан боғлиқ муҳим ва аниқ модда киритиш лозим.
Шу ўринда яна Президентимизнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали анжумандаги фикрлари ёдимга тушади. Уларнинг қанчалар узоқни кўзлаб айтилган даъват эканини эътироф қилмасак, адолатдан бўлмас: «Ёшларнинг таълим олишига эътибор қаратиш билан бирга китобхонликни янада кучайтиришимиз зарур. Шу мақсадда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳар бир кўча кесимида китобхонлик танлови, «Заковат» ва бошқа интеллектуал ўйинларни йўлга қўяди. Бундай танловлар ҳар ҳафтада – маҳалла кесимида, ҳар ойда – туман миқёсида ва ҳар чоракда вилоят даражасида ўтказиб борилиши керак. Бу орқали 2 миллионга яқин ёшлар қамраб олинади.
Шу билан бирга, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар бир мактаб кутубхонасига камида мингтадан янги бадиий адабиётларни етказиб беради».
Мамнуният билан шуни айтиш керакки, Конституциямиз умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби қонуний асосларни ўзида мужассам этган ҳамда мавқеини бугун ҳам сақлаб келмоқда. Шунингдек, халқимиз фаровонлигини янада оширишнинг ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу улуғ мақсадлардан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни ҳам бермоқчи эдим:
биринчиси, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган, аммо уни мустаҳкамлаш, аҳамиятини ошириш учун имло билан боғлиқ модда ёки банд киритиш;
иккинчиси, юртимизда Наврўз, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари каби умумхалқ байрамлари сирасига Тил байрамини ҳам киритиб, ҳатто дам олиш куни сифатида белгилаш;
учинчиси, миллий урф-одатларимизнинг қайта тикланиши ва муҳофаза қилинишида, шунингдек, маънавий меросимизни асраб-авайлаш, бойитиш ва халқимизга етказишда Бош қомусимизнинг ўрни беқиёс бўлмоғи зарур.
Мухтасар қилиб айтганда, нафақат буюк аждодларимиз, балки яқин ўтмишдаги ватандошларимизнинг ҳам етти ухлаб тушига кирмаган дориламон замонда яшаш бахти бизга насиб этиб турибди. Ҳур фикрли инсон учун нимаики зарур бўлса, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий-сиёсий, маънавий-маърифий соҳада кундан кунга яхши имкониятларга эга бўлиб боряпмиз. Биздан фақат бу кунларнинг қадрига етиш, барқарор тинчлигимизни янада мустаҳкамлаш, аҳиллик, бирдамлик, эртанги фаровон ҳаётимизни таъминлашда ўз ўрнимиз, ўз қадримиз билан яшаш, янгиланаётган Конституциямиздаги инсонпарвар ғояларга содиқ қолиш, бу жараёнда фаол иштирок этишимиз, ўз келажагимизга дахлдор илғор таклифларни илгари суришимиз, ҳамиша уйғоқ ва сергак бўлмоғимиз сўралмоқда. Бу жиҳатдан давлатимиз позицияси бугунги демократик тамойилларга ҳам, умуминсоний тамойилларга ҳам тўла жавоб беришини айтиш жоиз. Дунё тарихида неча бор тамаддунларга доя бўлган маърифатпарвар миллатимиз бу залворли вазифани ҳам юксак даражада адо этишига шубҳамиз йўқ.
Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири, сенатор
