Фарзандларингиз кўнглини ўкситманг!

59

Болакайнинг кулиб турган юзлари камолга етаётган муҳити қандайлигидан далолат беради. У, аввало, ўзи улғаяётган оилада хотиржам ва бахтли бўлади, ота-онасига, бобо-бувисига эркаланади. Улар ҳам бола «подшоҳ» эканлигини тушуниб, кичкинтойнинг кўнглига қарайдилар, истакларини бажо келтириш пайида бўладилар, ҳатто бирор нарсани синдириб қўйса, ичаётган сувиними ёки овқатини бехосдан тўкиб юборса ҳам қаттиқ койимайдилар. Ахир у ҳали ёш бола-ку, бу ишни атайлаб қилмайди-ку?

Бироқ тинч-осуда ва фаровон юртда яшаб, ўзини бахтсиз ҳис қилаётган, мунчоқдек кўзларидан шашқатор ёшлар тўкилаётган кичкинтойлар ҳам бор. Улар ота-­онаси тирик бўла туриб, етимлик ­жабрини тортаётган болалардир…
Яқинда зарурат туфайли ёш келин-куёв ажрашаётган судда қатнаш­дим. Аёл болаларини хонага олиб кириши биланоқ улар отасини кўриб, қувониб кетдилар. Югуриб бориб, унинг қучоғига отилдилар. Улар ўзларича жуда бахтиёр эдилар, негаки, отасини кўрдилар ва ундан «Энди уйга кетамизми?« деб сўрай бошладилар.
Афсус, эр-хотиннинг розилигига ва суд қарорига кўра, болалардан бири отаси билан, иккинчиси онаси билан бирга яшайдиган бўлди. Ташқарига чиққанимиздан сўнг норасидаларнинг хатти-ҳаракатлари ва гап-сўзларидан кўнгиллар бузилди, кўзларга ёш қалқди. Улар бир-бирларидан ҳам, ота-оналаридан ҳам ажралгиси келмасди. Бироқ бирини отаси қўлидан маҳкам ушлаганча, машинаси томонга етаклади, иккинчисини эса онаси бекатга судради. Эр-хотин ўзларича бир нимани қойиллатиб қўйиб, «Сен эмас, мен зўрман!» деяётгандек туюлар, болаларнинг кўз ёшлари учун бир-бирларини айблашар, аслида эса жаҳл отига миниб, ақлсизлик қилишаётганини, бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдиришаётганини хаёлларига ҳам келтиришмасди.
Хўш, эртага уларнинг тақдири нима бўлади? Эҳтимол, иккаласи ҳам бошқа биров билан турмуш қурар, ҳаётини ўнглаб олгани учун хурсанд ҳам бўлар. Бироқ болалар-чи? Улар бир умр кўнгиллари ўксиб яшамайдими? Дил жароҳатига даво топиб бўларканми?!
Афсуслар бўлсинки, бугунги кунда бунақа воқеалар бот-бот рўй бермоқда. Ораларидан салгина гап қочса, ажрашишга чоғланадиган, оила аталмиш муқаддас қўрғонни осонликча барбод қилишга шайланадиган эр-хотинлар тобора кўпаймоқда.
Бир ҳикояда ўқигандим: уч фарзанд­­ли ўғил хотини билан ажрашмоқчи бўлганида отаси унинг юзига тарсаки тортиб юборади.
– Мени нега урасиз, ота?!. Ахир, хотинимнинг феъл-атворига чидаб бўлмайди, у билан бошқа яшай олмайман, – дейди ўғил жон аччиғида.
Шунда ота оғир ўйга толади. Анчадан сўнг мулойим оҳангда дейди:
– Сен, яъни якка-ю ёлғиз ўғлим етим бўлиб қолмасин, деб мен онанг­нинг қилиқларига қирқ йилдан буён чидаб келаяпман. Сенинг эса уч нафар фарзандинг бор. Хотининг билан ажрашсанг, улар кимнинг эшигига бориб сарғаяди? Шу ҳақда бир ўйлаб кўрдингми, болам?..
Отанинг бу гапи ўғил учун катта сабоқ бўлади. У болалари етим бўлиб қолмаслиги учун турмушнинг ҳар қандай қийинчиликларига дош беришга аҳд қилади. Турмуш ўртоғи билан ярашиб, бахтли ҳаёт кечиради. Мени эса бошқа нарса ажаб­лантиради: ҳозир фарзандларига тўғри йўл кўрсатадиган шунақа ота-­оналар, ақлли-ҳушли қайнота-қайноналар йўқми? Бўлса, нега кўпинча, айниқса, қалтис дамларда уларнинг ўрни сезилмаётир?..
Айтар гапим шу: бола кулса, олам кулишини унутмайлик! Болалар оилада ва ўз ота-оналари бағрида ўсиши ҳақида қайғурайлик. Мабодо, улар бизнинг хатоларимиздан озор чексалар, орадан йиллар ўтиб, ножўя қилмишларимиз азобини ўзимиз ҳам тортамиз.

Меҳрибон ТИЛЛАЕВА