ёхуд мурожаатлар билан ишлашда ишчи-ходимлар манфаати доим ҳам устуворми?
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгашига шу йилнинг ўтган олти ойида келиб тушган 245 та мурожаатнинг катта қисми Самарқанд шаҳри, Пастдарғом, Пахтачи ва Иштихон туманларидандир.
– Аризаларни тегишлилик даражасида тармоқ касаба уюшмалари ўрганмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши «Мурожаатлар билан ишлаш» бўлими мутахассиси Санобар Жафарова. – Касаба уюшмаларига тааллуқли масалалар тезда ечим топяпти. Аммо 70га яқин номада шундай дардлар битилганки, уларга ойлаб вақт сарфланса ҳам ҳал этиш қийин.
– Маблағ билан боғлиқ мурожаатларнинг барчаси ишсиз фуқаролар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тааллуқли, – дейди вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Муҳими, касаба уюшмаларига мурожаат билан келган бирор кишининг раъйини қайтараётганимиз йўқ. Масалаларни ижтимоий шериклик тамойили асосида ҳал этишга уриняпмиз.
Самарқанд шаҳрида яшовчи Райҳона Абдураҳмонова катта умид билан касаба уюшмаларига келди. У қизининг никоҳ тўйини ўтказишга қийналаётганини билдирди. «Дарғом» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи бу оиланинг шароитлари ўрганилди. Касаба уюшмалари томонидан ёшлар бахтига раҳна солаётган моддий қийинчилик бартараф этилди. Самарқанд шаҳри бўйича тасдиқланган «Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар» дастурига мувофиқ кўмак кўрсатилди.
– Касаба уюшмалари ҳеч кимдан кўмагини аямайди, – дейди вилоят кенгаши «Мурожаатлар билан ишлаш» бўлими бош мутахассиси Зоҳид Янгибоев. – Аммо кейинги пайтларда «штатли» мурожаатчилар ҳам пайдо бўляпти. Улар касаба уюшмаларидан маблағ ундиришнинг турли услубларидан фойдаланишга интилмоқда. Жумладан, бир она ва унинг меҳнатга лаёқатли қизи ана шу йўналишда устаси фаранг. Гоҳ она, гоҳ қиз номидан аризалар ёғилади. Баъзан пул, баъзан даволатиш, дори-дармон, озиқ-овқат, хуллас, барча имконият ишга солинмоқда. Нима ҳам дердик, инсофни ўзларига берсин.
Ҳар қандай ҳолда ҳам касаба уюшмалари ўз фаолият тамойили – ишчи-ходимларнинг манфаатларини таъминлашдек устувор вазифага содиқ бўлиб қолаверади.
Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»
