Бахт бойлик билан ўлчанмайди

68

ёхуд бугунги кунда совчиларни ташвишлантираётган жиддий муаммо

Яқинда қадрдон дугонам ўғлини уйлантириш ниятида эканлигини айтиб қолди. Шу мақсадда биргаликда совчиликка боришимни илтимос қилди.

Хуллас, икковлашиб келин қидиришга киришдик. Таниш бир аёлдан қўшнисининг суқсурдеккина қизи борлигини эшитиб, у айтган манзил томон йўл олдик. Етиб боргач, дарвозага ўрнатилган қўнғироқ тугмачасини икки-уч марта босдик. Зум ўтмай, уйнинг очиқ деразасидан бир қиз мўралаб, биз билан мулойим­гина саломлашди-да, онаси ҳозир чиқишини айтди. Мен бир кўришдаёқ уни ёқтириб қолдим. Дугонамга «Келин қилсанг, арзийди. Хушмуомала, ҳусни-жамоли ҳам ўзига яраша экан», деган маънода боқдим. Унинг ҳам юраги жиз этди шекилли, мамнуният ила кулиб қўйди.
Бир оздан сўнг эшик очилиб, қаршимизда қизнинг онаси пайдо бўлди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, келишимиз сабабини айт­дик. Ажабки, у бизни уйига таклиф қилмади ҳам. Ҳали тўй қилиш нияти йўқлигини айтиб, рад жавобини берди. Мен дугонамнинг авзойи бузилганини сездим-у, дарҳол вазиятни юмшатишга ҳаркат қилдим.
– Опажон, йўқ дейишга шошилманг, – дедим аёлга юзланиб. – Олдин бир-икки суҳбатлашиб, яқиндан танишайлик. Бир-биримизнинг кўнглимизга йўл топсак, кейин ёшлар ҳам бир учрашса…
Хонадон бекаси бу гапдан сўнг андак хаёлга толди. Сўнг 3-4 кунлик зарур иши борлигини, бир ҳафтадан кейин қайта келишимиз мумкинлигини билдирди.
Иккинчи сафар совчиликка борганимизда эса бундан-да ғалатироқ ҳолат рўй берди. Ўша аёл бизни кўчада узоқ куттирди. Кейин виқор билан олдимизга чиқди-ю, дарвоза эшигини тарақлатиб ёпди.
– Нега яна келдинглар? – деди юзларини буж­майтириб. – Ахир мен қизимни ҳали узатмаймиз дегандим-ку. Бундан ташқари, ўтган гал сизлар «Мatiz»да келган экансизлар. У дарвозамиз тепасидаги кузатув камерасига тушиб қолибди. Хўжайиним кўриб, «Йўқ, булар билан қуда бўлмаймиз», дедилар.
Кутилмаган совуқ жавобдан дугонамнинг ҳам, менинг ҳам ҳафсалам пир бўлди. Чунки бояги аёл «Тенг тенги билан, тезак қопи билан» деган маънода гапираётганини англаб етдик. Аслида эса дугонам ҳам ўзига тўқ оила бекаларидан саналарди. Турар жойи «бой аёл»никидан-да ҳашаматлироқ бўлиб, «Lacetti» ва «Malibu» русумли енгил автомобиллари ҳам бор эди. Фақат дугонамнинг «айби» – камтарроқ бўлишга интилгани эди. Зеро, ўтган сафар иккимиз совчиликка менинг турмуш ўртоғимнинг «Мatiz»ида боргандик. Афсус, бу ишимиз ҳамма нарсани, ҳатто ўз дилбандининг бахтини ҳам пул ва бойлик билан ўлчайдиган ота-онага ёқмабди.
Начора, зоримиз бору, зўримиз йўқ, деганларидек, индамайгина ортга қайтдик. Мен бир жиҳатдан бундан хурсанд ҳам бўлдим. Кейин боядан бери ёнимда хомуш ҳолда ўтирган дугонамни юпатишга уриндим: «Улар ўзларига синов учун берилган бойлик сабаб қайси йўлдан юришни билмай, фақат кибрдан завқланаётган бўлсалар керак. Бу фоний дунёда ўзганинг дилини оғритиш, унга беписанд муомалада бўлиш инсонийликка мутлақо хос амал эмаслигини билишмагани туфайли шундай жавоб қайтаришди. Сени бундай кимсалардан йироқлаштиргани учун Яратганга шукрона келтир!»

Албатта, совчи бўлиб келган томонга кенг ҳовли-жойи ёки машинаси бор-йўқлигини, оилада кўпчилик бўлиб яшаши каби инсон кўнглини вайрон қиладиган бошқа баҳоналарни рўкач қилиб, рад жавобини бериш жуда ачинарли ҳолат. Чунки бахт бойлик билан ўлчанмайди, меҳрнинг чеки бўлмайди, бўлажак келин-куёвнинг бир-бирига севги-муҳаббати ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Кимлигидан ва касб-коридан қатъи назар, ҳалол меҳнат қилган ва ззгу мақсади сари дадил интилган киши эса оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топади. Биз бу оддий ҳақиқатни ҳамиша ёдда тутишимиз керак!

Раъно МАҲКАМОВА,
«ISHONCH»