Ушбу роман билан танишиш асносида бадиий ижод ғайб ҳодисаси эканига тўла имон келтирдим. Негаки, Луқмон Бўрихонни адиб сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам бир қадар биламан. Унинг дунёқараши, қизиқиш доираси, ўқимишлилик даражаси, ижодий кредосидан унча-мунча хабардорман ҳам. Шу туфайли у тўлиғича шаръий баҳс-мунозарага асосланган фалсафий-ақидавий асар ёзиши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтира олмасдим. Чунки Луқмон, гарчи, насабига кўра, илоҳиётчилар сулоласига мансуб бўлса-да, ҳаёт тарзи ва эътиқодига кўра, тўлиғича дунёвий мақомдаги одамдир.
Шу сабаб Луқмон Бўрихоннинг янги романини ўқишга катта хавотир билан киришган эдим. Унча-мунча илоҳиётчиларнинг ҳам тиши ўтавермайдиган мавзуда унинг ўз айтар гапи бормикин, деб ўйлагандим. Ўқиш натижасида хавотирларим бекор экани, адибимиз ўта чигал, мураккаб ва қалтис мавзуни ўзига хос бетакрор маҳорат билан ёрита олганига таниғ бўлдим.
Юртимиз эгаманликка эришганидан бери турли муносабатлар билан турли даражаларда Абу Мансур Мотуридий ҳақида кўп гапирилади. Унинг фикҳ илмига қўшган ҳиссаси борасида ҳайрат билан сўзланади. Лекин бу улуғ шахсиятнинг қарашларидаги ўзига хослик нимадан иборат экани тўғрисида кишида қониқиш уйғотадиган тушунарли бир асар яратилмаган эди.
Аввало, романда Мотуридий тирик бир одам сифатида хато-камчиликлари билан тасвирлангани кишини ром этади. Унинг ташқи жиҳатдан кўримсизлиги, аслидан салобатлироқ кўринишни хаёлига ҳам келтирмаслиги, дунё молига мутлақо интилмаслиги, ундаги бу олижаноб сифатлар аёли ва фарзандларида бир олам норозиликлар пайдо қилиб, алломанинг ҳаётини азобга айлантиргани романда жуда ишонарли акс эттирилган.
Ғоят чигал ва мураккаб фиқҳий муаммолар билан шуғулланадиган уламолар орасидаги тушуниш ўта қийин бўлган муносабатлар тасвирига бағишланган асар жуда қалтис ҳаётий тўқинишлар устига қурилгани туфайли характерлар драматизми ўқирман юрагини ҳаприқтирадиган йўсинда тасвирланади.
Муҳими шундаки, романда ўқирман туйғуларини жумбишга келтирадиган манзаралар қизиқарли ва қалтис воқеалар эмас, балки ўт чақнайдиган фикрий тўқинишлар асносида ғоят қизиқарли тасвирланади. Бу ҳол ёзувчининг бадиий маҳоратидан белгидир. Чунончи, ислом душманлари томонидан динни кучсизлантириш учун турли фирқаларга бўлиб юбориш ниятида мўътазалийларнинг ташкил этилиши, уларнинг, ўзларини чин мусулмон ҳисоблаган ҳолда, барча ақидавий ҳукмларни ақл ва мантиқ қолиплари доирасида изоҳлашга уриниши динга зарар экани Мотуридий томонидан асослаб берилгани романда ҳаққоний кўрсатилган. Тушуниш ва тушунтириш мумкин эмаслиги пайғамбарларга ҳам айтилган руҳнинг моҳиятини мўътазалийларнинг мантиқ билан изоҳлашга интилиши, албатта, куфрга олиб келишини Абу Мансур кундалик тирикчиликдан оддий мисоллар ёрдамида асослагани асарда жуда ишонарли тасвирлаб берган.
Асарда одам деб аталмиш яратиқнинг чигал, тушунарсиз ва ўзгарувчанлиги, баъзан ёмон кўрган одаминг кутилмаган яхшиликлар қилиб, сен учун жонини фидо қилиши керак бўлган кимсалардан адоқсиз ёмонликлар келиши мумкинлиги жонли образлар ҳаёти мисолида ўта ишонарли кўрсатиб берилган.
Мотуридий шахсиятидаги қолипга тушмайдиган йўсиндаги эркинлик ва улуғворлик туғма хусусият экани унинг кейинчалик ашаддий душманга айланган болалик дўсти Восиқ ибн Қосим тилидан «Муҳаммадда шак-шубҳасиз дарвешона феъл-атвор бор эди. Гоҳо сабоқларга қатнашмас, гоҳо анчагина кечикиб келарди. Не тонгки, унинг шу юриш-туриши ҳам устозларга, афтидан, катта фазилат янглиғ кўринар, бошқалар дарсга келмаган, кечиккан кезлари қаттиқ танбеҳ берадиган муаллимлар Муҳаммадни алланечук хайрихоҳлик ила қарши олар эдилар» тарзида тасвирланади.
Бутун асар давомида қаҳрамони табиатини ёритишда ана шу сифатларга таянган ёзувчи Мотуридийни кўр-кўрона мақтаб тасвирлаш йўлидан бормайди, балки ундаги даҳоликни ҳалоллик, тўғрилик, топқирлик, тафаккур кучи, билим чуқурлиги, Яратганга ишончнинг чексизлиги сингари жиҳатлар таъминлаганини ҳаққоний акс эттиради. Эътиборлиси, ақидавий масалаларга мантиқ билан ёндашмасликни талаб қилган Мотуридий қарашларидаги мантиқнинг бетакрор қудрати ёзувчи томонидан жуда табиий йўсинда акс эттирилади. Чиндан-да мантиқ ҳаётдаги барча нарса-ҳодисани детерминизм, яъни сабаб ва оқибат муносабатлари доирасида изоҳлашга уринади. Ҳолбуки, Яратувчи зотнинг асл сифат ва азаматлиги инсоннинг ақли ва тасаввурлари дош беролмайдиган даражада чексиздирки, буларни ҳам мантиқ билан изоҳлашга интилиш кишини куфрга етаклаши аниқ. Бу ҳолдан Мотирудий: «…калом илмига таяниб ақидадан сўз айтмоқ, бу Аллоҳ субҳана ва таолонинг зоти, сифати борасида сўз юритмоқдир» тарзида огоҳлантиргани ўринли тасвирланган.
Ёзувчи билимдонлик, холислик, бағрикенглик, ҳақиқат йўлидаги фидойилик сингари сифатлар Мотуридийнинг ақидавий қудратини таъминлаганини ишонарли кўрсатади. Романда ҳазратнинг топқирлиги ва ҳозиржавоблиги сарой амалдорининг кибр билан: «Биз Қалъаи қаср мулозимларимиз, наҳотки пайқамадинг?» дея берган саволига: «Ҳа пайқадим, пишқириқларидан пайқадим» тарзидаги жавобида намоён бўлади. Мулозим Мотуридийдан менинг борлигимни пайқамадингми, деб қайта сўраганда, у: «…аммо мен фақатгина жониворларнинг пишқириғини эшитиб эдим» тарзидаги жавоби алломанинг ҳар қандай ўткир суҳбатдошни қуролсизлантириб қўядиган даражадаги фикрлаш йўсинидан дарак беради. Яъни Мотуридий амалдорга емланган отга ўхшаб пишқиравермай, одамдай гаплашиш кераклигини шу тариқа англатади.
Ёзувчи қаҳрамон миназидаги бу жиҳатни бутун асар давомида ғоят ишонарли тарзда тасвирлай билган. Асарда Мотуридий қудратини таъминлаган жиҳат унинг мунозараларда юксак масалалар ҳақидаги фикрини ўта маиший мисоллар кўмагида тушунарли ифодалай билишида экани акс эттирилади. Чунончи, Мотуридийнинг Ворис ибн Қосимга қарата: «…кўзни каттароқ очинг, эшак, эшак ҳозир сизни тепиб юборади», дегани тасвирида ҳазрат ақлининг чақмоқдай ёрқинлиги, йилдиримдай тезлиги аён бўлади. Бу жиҳат унинг Камтар ибн Аъзам ҳамда бўйни йўғон номсиз талабанинг атай ва келишиб берган қитмир саволларига жавобларида ҳам кўзга ташланади. Ўта синчков ва сезгир Абу Мансур саводи чалароқ Самарқанд ҳокими Холиднинг билимдон аёли томонидан зимдан бошқарилаётганини ҳам пайқаб қолади ва бунга ҳукмдорга малол келмайдиган тарзда нозик муносабат билдиради.
Мотуридийнинг шариат амалларини чуқур билиши Ворис Лаълийга қарата: «…киши амалларидан аввал ҳам имонли бўлиши мумкин. Амаллар эса, уни тўкис сифатли мўминга айлантиради» тарзидаги қарашларида кўзга ташланади.
Қизиғи шундаки, ҳазрат Мотуридийнинг тўхтамлари роман қаҳрамони табиатига хос қирраларни кўрсатишга хизмат қиладиган эстетик миссияни бажарибгина қолмай, мўмин ўқирманларга ҳам бир қатор шаръий ҳақиқатларни билиб олишдай амалий аҳамиятга ҳам эгадир. Алломанинг рақиби Лаълийга қарата: «…Гуноҳ амалларни қилишлук имондан чиқармайди, балки қатъий ҳаром саналмиш амални ҳалол деб эътиқод қўйиш, ҳаромнинг ҳаромлигини инкор этиш кишини имондан чиқаради ва бундай киши кофир бўлади» йўсинидаги қараши асар қаҳрамонининг сийратини кўрсатиш билан бирга ўқирман учун ҳам амалий сабоқ бўлади. Бошқа ўринда ҳазратнинг: «…Савоб бериш Ҳақ таолонинг фазлидир, азоблаши эса айни адолатдир. Мақтул, яъни ўлдирилган киши ўз ажали билан ўлгандир. Яъни урдилар, шунинг учун ўлди, демак жоиз эмас, ажали етди, ўлди, бунга пичоқ ёки ўқ сабаб бўлгандир, қабилинда сўйламоқ мақсадга мувофиқдир. Ажал биттадир. У қайта-қайта келмагай» сингари қаноатлари фақат бадиий қиймат касб этибгина қолмай, улкан маиший-амалий таъсир кучига ҳам эгадир.
Мотуридий инсон ақли ва мантиғи Аллоҳнинг азаматини қамраб ололмаслигини ўз таълимотида ҳар жиҳатдан исботлаб бера олган тенгсиз аллома экани романда жуда ишонарли кўрсатилган. Чунончи, олимнинг: «У Зот қадимдир, яъни бизнинг таъбиримизча, аввали бўлмаган ва охири бўлмайдиган бир зоти жалили аълодир. Аллоҳ таоло моҳият ва кайфият билан васф қилинмас. Бирор маконга муҳтож эмас. У зот учун замон, вақт ўтмагай, унга ҳеч нарса ўхшамас. Илмидин ва қудратидин ҳеч нарса камаймас ва кетмас» тарзидаги ишончи ўқирманга-да таъсир кўрсатади.
Асарда Мотирудийнинг, умуман, илм, хусусан, мантиқни бутунлай инкор этмаслиги, уни ўрганишга қарши эмаслиги, билъакс, ўзи ҳам чуқур билиши ҳаққоний кўрсатилган. Бу жиҳат унинг талабаларга айтган қуйидаги гапларида ёрқин намоён бўлган: «Фалсафа ҳам, мантиқ ҳам маъқул ва манзур илм. Фикрни чархлагай, тасаввурни кенг қилгай. Аммо аларга зиёда рағбат, ортуқ ошуфталук ножоиз, меъёрни сақламоқ лозим …баъзи фирқалар ҳаддан ошмишлар. Мантиқни яроғ айлаб, Аллоҳ субҳана ва таолонинг зоти-сифатини тафтиш этмоққа урингайлар». Романда буюк алломанинг мантиқ ва фалсафа илмларининг ана шундай нотўғри мақсадларда қўлланишидан хавотирланиши ҳаққоний акс этган.
Ҳазрат Мотуридийнинг мантиқ илмини қўллаб бўлмайдиган ҳолатлар борасидаги фикри романда оддий ўқирман учун ҳам тушунарли ифодаланган. Унингча, мантиқни: «Энг аввало, ақида борасида қўллаш мутлақо ножоиз. Чунки эътиқоддаги барча масалалар қатъий далиллар ва натижани талаб қилади. Кўп ҳолларда мантиқий далил ва натижалар эса қатъий эмас, балки гумондир. …Иккинчи қўллаб бўлмайдиган ҳолат фақат шаръий далилларгина асос бўладиган амаллар, яъни гуноҳ, савоб, фарз, ҳаром, мубоҳ каби далили фақат Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан ижтиҳод қилиб олинадиган масалаларда. …учунчи ҳолат бу мантиқни барча нарсаларнинг моҳиятига етишликнинг ягона асоси қабилидаги қоидага таянмоғдир».
Мотуридий миназига хос бағрикенглик, адолат ўзининг ашаддий душмани, унга бир дунё ёмонликлар қилган қозикалон Идрис Шомий шошма-шошарлик билан ўлдирилганда ҳокимга қарата айтган: «Идрис Шомий бу ён тиғ ўқталиб келмади. Анинг яроғи фикр эди, ғоя эди. Фикрни фикр ила, ғояни ғоя ила даф этмоқ, буни аҳли илм, аҳли қалам бажармоғи лозим эди» гапларида яққол намоён бўлади. Кўринадики, ҳазратнинг бу қарашлари орадан ўн бир аср ўтиб ҳам ҳаққонийлиги ва долзарблигини йўқотган эмас.
Ёзувчи Мотуридий табиатидаги турғун қирраларни шу қадар аниқ тасвирлайдики, аёли Мастонбибининг ўлим олдидан қилган: «Дуо қилғайсиз, илтижо этгайсиз, жаннатларда бирга бўлай деб», тарзидаги сўровига ўзига хос йўсиндаги: «Мен …ахир андоғ кўп нарса сўрай олмасмен», деб жавоб беради. Бировдан бир нарса сўрай олмаслик қаҳрамон миназидаги бош сифат экани жуда ишонарли кўрсатилади. Шундай кўрсатиладики, Мотуридийнинг бу жибиллий хусусияти ўлим тўшагида ётган аёлини ҳам кулишга мажбур қилади.
Асарда бир-биридан мустақил ва айни вақтда барчаси бир тасвир ўзанига келиб қўшиладиган бир неча сюжет ирмоғи мавжуд. Восиқнинг мўътазалийликка ўтиши унинг дўсти Мотуридийга ҳасади сабаб бўлган бўлса, кейинчалик қозикалон Идрисга айланган халаблик зиммий Ароннинг исломни зимдан емиришга интилишига отасининг ўлдирилиши ва раҳнамоларининг юзсизларча алдови, унинг ўғли Изро билан қизи Мерта (Бибинор)нинг тақдири ҳам отасининг алданувлари давоми, Холид Халаж билан оқила ва ўқимишли Сурайёнинг, хиёнатга мойил Жавод билан Бибинорнинг, ўта устамон Али Ризо Тусийларнинг тақдирлари ҳам қайси бир йўллар биландир Абу Мансур Мотуридий тақдирига боғлиқ ҳолда кўрсатиладики, бу жиҳат асарнинг композицион яхлитлиги ва бутунлигини таъминлаган. Асарда саргузашт унсурларидан ҳам фойдаланилгани унинг ўқишлилик даражасини янада оширган.
Романдаги катта-кичик ҳар бир тимсолнинг атрофлича ва пухта ишлангани унга композицион бутунлик бахш этган. Ёзувчи битикдаги воқеалар тасвири тизгинини бир зум бўлсин қўлдан чиқармайди. Айни вақтда бирор тимсол тақдирининг табиий тасвирига зуғум ўтказмайди ҳам. Ёзувчи асардаги образларни ўзи истаган кепатага солмайди. Уларнинг ҳар бирига ўз миназидан келиб чиқиб ҳаракат қилиш имконини берадики, бу ҳол тасвир табиийлиги ва таъсирчанлигини оширади.
Асарда ҳаёт, одам ва одамлараро муносабатлар чигаллиги катта маҳорат билан кўрсатилган. Асар қаҳрамонлари ҳаётнинг ўзидаги сингари ўзгарувчан, тушуниш қийин, ҳамиша ҳам изоҳлаш мумкин бўлавермайдиган йўсинда фикрлайдиган, хатти-ҳаракатлар қиладиган бетакрор кимсалар сифатида акс эттирилади.
Асарда тарбиясиз, очкўз ва очофат Мастонбиби табиатидаги эврилишлар ҳам ишонарли ва ҳаётий акс эттирилган. Аёлнинг ўлим олдидан: «Сиз улуғ олим эдингиз, олимлар ичида тенгсиз эдингиз. Мен буни англардим. Англаганим боис сизни ҳашам ичида кўргим келарди. Мен сизни ҳашамларга, зебу зийнатларга, молу давлатга лойиқсиз, деб ўйлардим. Кейин билсам, ул арзимас матолар сизга лойиқ эмас экан», йўсинидаги иқрорида бир умр Мотуридийни қийнаб келган, ҳатто унга қўл кўтаришгача борган жоҳил, шанғи аёлдаги руҳий эврилиш таъсирли акс эттирилган. Бу ҳол эзгуликнинг ёмонлик устидан ғалабаси ифодаси эди.
Ёвқур, олижаноб ва танти Холид Халажнинг ўжарлиги, чаласаводлиги, соддалиги, Жаводнинг енгилтак ва хиёнатга мойил нағмакашлиги, Идрис Шомийнинг билимдон ва босиқлиги асарда жуда табиий чиққан. Тусий, Изро, Бибинор, Тўтиё сингари эпизодик тимсоллар ҳам бетакрор хусусиятларга эга шахслар сифатида ўқирман хотирасига муҳрланиб қолади. Бу тимсолларнинг барчаси асарда ўз мантиқий ечимини топган ҳолатда тасвирлангани туфайли содир бўлади.
Роман тили Луқмоннинг кўпчилик асарлариники сингари халқона, мусиқий, жозибали ҳамда энг мураккаб фикру туйғулар ҳам кўпчиликка осон етиб борадиган йўсинда ифодаланган жуда таъсирли ва гўзал ўзбек тили экани билан одамни ўзига жалб қилади. У тарихий романни тарихда ўтиб кетган одамлар учун эмас, балки бугунги чоғдош ўқирманлар учун ёзаётганини бир зум бўлсин унутмаган. Шунинг учун ҳам унинг битганлари қизиқиш билан енгил ўқилади, осон тушунилади. Чунки ёзувчининг фикрлаш йўсини аниқ, сўз қўллаш истеъдоди юксак.
Луқмон, бутун ижодида бўлгани каби, ушбу романида ҳам табиат ҳолатини нозик дидли бир рассом нигоҳи билан кўради ва тасвирлайди. Романдаги ҳар бир табиат тасвири тимсоллар руҳий дунёсига теранроқ киришга хизмат қилади. Табиатнинг айни бир манзараси у ёки бу тимсолнинг кайфиятини ёки шу кайфиятнинг зиддини кучайтириб кўрсатишга хизмат қилади. «Борлиқни оқ-ойдин ёғдуларга кўмиб, ҳоким улашган сап-сариқ динордек тўлин ой баланд тераклар ортидан хижолатомуз мўралаб турарди» тасвири ҳукмдор томонидан тақдирланган кишининг назарини акс эттиради. «Кўклам кўркини кўз-кўз қилиб турган кўркли кунларнинг бири эди» тасвири энди юз берадиган кўнгилсизликни кучайтиришга хизмат қилади. «Офтоб кулранг кигиз бурдалари каби булутлар орасидан аҳён-аҳёнда оқ доғдай кўриниб қоларди» манзараси ҳазрат Мотуридий умри ниҳояси яқинлашиб бораётганини акс эттиришга қаратилганди. Бу тасвирлар образлар руҳий ҳолатининг ифодаси эканидан ташқари, товуш аллитерацияси борлиги билан ҳам лавҳага таъсирчанлик бағишлайди.
Ҳаёт қаттол душман энг яқин дўстлар орасидан чиқишини кўп бора кўрсатган. Бу асарда ҳам ёзувчи болаликда бир-биридан айрила олмайдиган дўстлар Муҳаммад билан Восиқнинг кейинчалик ашаддий рақибларга айланиши сабабини Восиқ тилидан: «…иқрор бўлдики, бутун таҳсил йилларини Муҳаммаднинг оғзини пойлаб ўтказибди. У тўғри дея санаган фикрга қўшилиб, қайтганидан қайтибди. Илло, ич-ичидаги ғайирлик шул сабаб жумбишга келган бўлса, ажабмас» йўсинида тасвирлайди.
Романнинг моҳияти Мотуридийнинг устози ҳазрат Иёдий томонидан унга айтилган: «…олимнинг фароғати диннинг ҳалокатидур» гапи, шунингдек, Мотуридийнинг аҳли илмга қарата: «Унутмангки, тан фароғати ғафлатга, ғафлат ҳалокатга бошлагай» тарзидаги қаноати эса ҳам бош қаҳрамон шахсининг, ҳам асарнинг моҳиятини ёрқин ифода этган. Битик журнал вариантида «Ҳаловатда ҳалокат бор» деб номланган эди ва шу номда асар моҳияти ўз ифодасини топган эди. Асарда шахсий ҳаловатидан кечиш эвазига исломнинг бутунлигини ҳалокатдан сақлаган шахс тақдири бутун мураккаблиги ва серқирралиги билан акс эттирилган.
Совет даврида адабиётдан кўпроқ одамнинг ишини тасвирлашга эътибор қаратиш талаб қилинарди. Эндиликда одамнинг ўй-ю туйғулари, кафияту руҳиятини кўрсатиш муҳимроқ экани англаб етилмоқда. Бир асрлик тарихга эга ўзбек романчилигида ишқий, авантюр, илмий-фантастик, ижтимоий-сиёсий, мемуар, эссе, тарихий, маиший, ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишдаги асарлар яратилганди. Луқмон Бўрихоннинг «Имом Мотуридий» романи миллий адабиётимиздаги илк фалсафий-ақидавий роман бўлиб, унда инсоннинг эътиқоди, дунёқараши, кайфияти ва ўй-хаёлларини тасвирлашга устувор аҳамият берилди. Одам ўйлару туйғулар оғушидагина чинакам одамлигини намоён этиши ҳисобга олинди. Ушбу роман ўзбек бадиий тафаккурининг бугунги даражаси нечоғлик юксалганидан далолат беради.
Қозоқбой ЙЎЛДОШ,
педагогика фанлари доктори, профессор
