Кейинги пайтда Алишерни (исм-шариф ўзгартирилган) кўпчилик газлама сотадиган тадбиркор сифатида таний бошлаганди. Чунки у қўшни давлатдан газлама олиб келиб, сотиш билан шуғулланаётганди. Бу «тадбиркорлик» ортида бошқа мақсад борлиги эса кейинчалик маълум бўлди.
…Катта йўлдан машинани учириб бораётган Алишер бир килодан ошиқ заҳри қотилни кўзланган жойига етказишига ишончи комил эди. Чунки у йўлга чиқишдан олдин «юк»ни иккига бўлган, бир қисмини ҳаво ҳайдовчи мосламанинг ичига, яна бир қисмини қўл телефонининг орқасига – ғилоф орасига жойлаштирган, ўзича хавфсизликни таъминлаган эди. Шу сабаб машинани ишонч билан бошқариб келарди.
Аммо Ғузор туманидаги Пачкамар қишлоғига кираверишда турган йўл патрул хизмати ходимининг тўхтатиш ишорасини кўрди-ю, ўзини йўқотиб, ҳаяжонлана бошлади…
Ҳайдовчидаги бу безовталик ҳамкорликда тунги рейд олиб бораётган ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборидан четда қолмади. Автомашина ҳужжатларини тақдим қилаётган шахснинг ўзини тутиши, берилган саволларга аниқ жавоб беролмаслиги, уларнинг шубҳасини кучайтирди. Шундан сўнг холислар иштирокида автомашинани кўздан кечиришга қарор қилинди.
Тезкор гуруҳ салон ичига ҳаво ҳайдовчи мосламани кўздан кечираётганда Алишер ниҳоятда бесаранжом бўла бошлади. Унинг ходимлардан бирига «чеккага ўтса, зарур гапи борлиги» ҳақида шипшиши ҳуқуқ тартибот органлари ходимларини яна-да ҳушёр торттирди. Кўздан кечириш вақтида яширилган заҳри қотиллар аниқланди ва ҳужжатлаштириб олинди.
Тергов-суриштирув жараёнларида Алишер Тожикистон Республикасида яшовчи «Хуршид» ва Сурхондарё вилоятида яшовчи «Жўра» исмли шахслар билан қўшни давлатдан «опий» ва «гашиш» гиёҳвандлик моддаларини контрабанда йўли билан олиб ўтиш ва келгусида юртимиз ҳудудида сотиш тўғрисида олдиндан тил бириктиргани маълум бўлди.
Яъни у Хуршидга 500 грамм «опий» учун буюртма беради. Ўз навбатида, Хуршид «дори»ни айланма йўллар орқали унга 1000 АҚШ доллари эвазига етказади. Бундан ташқари, Алишер термизлик Жўрадан яна 506 грамм «гашиш»ни 30 миллион сўмга олади-да, Қашқадарёга шошади. Аммо ҳаммаси у ўйлаганидек бўлиб чиқмади…
Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани судининг очиқ суд мажлисида Алишернинг барча қилмишларига қонуний баҳо берилди. Унга 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судда Алишер қилмишларини тан олди, енгиллик сўради. Аммо айни дамда 33 ёшни қарши олаётган Алишер шу пайтга қадар бир эмас, икки маротаба суднинг қора курсисига ўтиришга улгурган ва қилмишлари учун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Бир гал амнистия, яна бир гал эса шартли равишда муддатидан аввал озод қилинган эди.
Ҳар икки ҳолатда ҳам унинг оилавий аҳволи эътиборга олинган, ҳаётда тўғри йўлини топиб кетишига катта умид қилинганди. Афсуски, ишонч оқланмади. Алишер навбатдаги катта жиноятга қўл урди.
Албатта, у қонуний тартибда жазосини олди. Лекин бу воқеалардан ҳар биримиз тўғри хулоса чиқариб, бундай ишлардан йироқ бўлишимиз керак. Ана шундагина жамиятда жиноятчиликнинг олди олинади.
Лазиза РАСУЛОВА,
Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани суди раиси
