Логопеднинг ойлиги қанча бўлиши керак эди?

338

Фарғона вилояти руҳий-асаб касалликлари шифохонасида логопед вазифасида ишлаб келаётган Люсик Исакова маоши нотўғри ҳисобланиши оқибатида ойлик иш ҳақи бир неча ойдан буён кам чиқаётганидан норози бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашидан ҳуқуқий кўмак сўради.

Ушбу мурожаатни Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ ­инспекторлари ўрганишди.
Маълум бўлишича, Фарғона вилояти руҳий-асаб касаллик­лари шифохонаси бош шифокори К.Каримовнинг 01.04.2020 йилдаги №23к-сонли буйруғи билан Люсик Исакова 2020 йил 1 апрелдан бир ставка логопед вазифасига асосий ходим сифатида ўтказилган. Шу буйруққа асосан Л.Исакова бир штат логопед ходим учун белгиланган иш вақти нормасида ўз вазифасини бажариб келган ва унга 2022 йилнинг январь ойигача иш берувчи томонидан бир штат бирлигига тенглаштирилган иш ҳақи тўланган. Бироқ…
2022 йилнинг январ ойидан бошлаб ҳеч қандай асоссиз ходимларнинг иш ҳақи табелида Л.Исакованинг иш ҳажми 0,5 штат бирлигига ўзгартирилиб, унга 2022 йил январь, февраль ойларига ярим штат бирлигига тенглаштирилган иш ҳақи тўланади.
Мазкур ҳолат бўйича касаба уюшма инспекторлари мурожаатчи Люсик Исакованинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва жорий йилнинг январидан бошлаб нотўғри ҳисоблаб тўланган ойлик иш ҳақларини қайта ҳисоб-китоб қилиб бериш бўйича Фарғона вилояти руҳий-асаб касаллик­лари шифохонасига ёзма кўрсатма киритди.
Унда қайд этилганидек, ­Л.Исакованинг ҳуқуқлари бузилиши иш берувчи Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори талабларини тўлиқ тушуниб етмагани оқибатида келиб чиққан. Ваҳоланки, ушбу қарорнинг 4-иловасида логопед ходимларнинг бир ҳафталик иш соати 18 соат этиб белгиланган. Иш берувчи эса ушбу қарор талабларига амал қилмасдан ходимдан ҳафтасига 36 соат ишлашни талаб қилган.
Аммо кўрсатма талаблари бажарилмади. Иш судгача борди. Суднинг ҳал қилув қарори билан Л.Исакованинг иш ҳақлари белгиланган тартибда тўланишига эришилди. Шунингдек, унинг фойдасига 1 миллион 500 минг сўм маънавий зарар ҳам ундириб берилди.

Зафаржон ҚУРБОНОВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари
касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори