Бемаслаҳат пиширилган ош каби

45

ёхуд ҳужжатлар ижросида нега оворагарчиликлар юзага келмоқда?

Зарбдор тумани «Ойбек» маҳалласи ҳудудида янги деҳқон бозори қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу савдо мажмуасини Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги «2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаларини қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан барпо этишда қатор чигалликлар юзага келди.

Биринчидан, Зарбдор тумани ҳокимининг 2019 йил 30 октябрдаги 4428-сонли қарорига асосан, деҳқон бозори фойдаланишга қабул қилинган. Бироқ ушбу қарор билан «Навоий» маҳалласи ҳудудидаги эски деҳқон бозори фаолиятини тўхтатиш ҳам белгиланган.
Иккинчидан, 2019 йилнинг 16 нояб­рида туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш баёни асосида эски деҳқон бозори ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни янги қурилган деҳқон бозори ҳудудига кўчириш юзасидан чора-тадбирлар белгилангани билан ижроси таъминланмаган.
Шу пайтга қадар фаолият юритган деҳқон бозоридан атиги 500 метр узоқликда жойлашган замонавий бозор қурилиши якунлангач, «Зарбдор деҳқон бозори» МЧЖ катта таваккалчилик билан банк кредити эвазига уни сотиб олишни рад этади. «ZAREX MARKET GROUP» МЧЖ эса эски деҳқон бозори фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорига ишонган ҳолда, «Зарбдор деҳқон бозори» МЧЖнинг 49 фоизли таъсисчиси сифатида банкдан 16 фоизли жами 3,4 миллиард сўмлик кредит олади. Бозордаги қурилиш ишлари тўлиқ якунига етмагани учун банкдан яна 22 фоизли 1 миллиард сўм кредит олишга мажбур бўлади. Айни пайтда 180 ўринли янги деҳқон бозори ва унинг атрофидаги 45 та савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ярмидан кўпи бўм-бўш. Натижада тадбиркорнинг банкдан олган 4,4 миллиард сўмлик кредитини қайтара олмаслик хавфи тобора ортиб боряпти.
Ҳолатни ўрганиш мобайнида фаолияти тўхтатилиши белгиланган бозордаги шароитлар билан ҳам танишдик. Унинг ҳудудидаги ягона бўлган пиёдалар ­ерости йўлида савдо-сотиқ ишлари қизғин. Аммо биронта тадбиркор ёки сотувчи савдо қилиш ҳуқуқини берувчи ёхуд тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтгани тўғрисидаги ҳужжатни кўрсата олмади. Эски Зарбдор деҳқон бозори атрофида расталар тикланган. Аниқланишича, бозор ўрнида «Зарбдор тайёрлов» МЧЖга қарашли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун енгил конструкцияли расталар ташкил этилибди.

Хулоса эса шундай, ҳар қандай қарор чиқаришдан олдин унинг натижасини кўра билиш лозим. Мазкур ҳолатда ҳам бозорни, аввало, қаерда қуриш лозимлиги хусусида халқнинг, тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиб, бамаслаҳат иш юритилганида бу каби оворагарчиликлар бўлмас эди. Тадбиркор ҳам эндиликда катта миқдордаги кредит маблағини қандай ёпаман деб ўйга ботмаган бўларди. Зарбдор тумани ҳокимлиги, мутасаддилар «Етти ўлчаб бир кес..» деган халқ мақоли бежиз айтилмаганини унутишган, чамаси…

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»