Инсон яралибдики, мудом гўзалликка интилади. Аммо, гўзаллик шунчалар кенг тушунчаки, осонликча ўрганиб ва охирига етиб бўлмайди. Унинг мезонлари даврга, ёшга, миллатга ва бошқа жиҳатларга қараб ҳар хил бўлади.
Масалан, Африка халқлари учун гўзал ҳисобланган нарса биз учун унчалик гўзал бўлмаслиги мумкин ёки аксинча. Бундан ташқари, ўсмир билан катта ёшли одамнинг ёки турли хил касб эгаларининг ҳам бу борадаги тасаввурлари ҳар хил бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Қандайлигидан қатъи назар, ҳар ким ўзича чиройлидир ҳамда ўз гўзаллигининг ижодкори ва яратувчисидир. У ибратли хулқи, мулойимлиги, инсонпарварлиги, самимийлиги, очиқ кўнгиллилиги, виждонлилиги ва бошқа фазилатлари билан Аллоҳ томонидан ўзига берилган ташқи гўзаллигини янада бойитади.
Кимнинг қалбида ёвузлик, адоват, маънавий қашшоқлик, очкўзлик, бефарқлик, мақтанчоқлик, иккиюзламачилик бўлса, уни гўзал дейиш амримаҳол. Бу янглиғ иллатлар энг чиройли юзни ҳам хунуклаштиради. Камтар, аъло даражада гўзал бўлмаган, лекин соф ва самимий қалб эгаси эса, шубҳасиз, гўзалдир. Яхши хулқли инсон ижобий фазилатлари ва фойдали ишлари орқали ҳар қандай чеҳрани гўзал қилишга қодирдир. Зеро, файласуф Цицерон айтганидек, «Чеҳра қалб кўзгусидир».
Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлмоғи керак. Яъни, тана билан қалб, ўйлаб қилинадиган ишлар ва интилишлар билан ҳаёт тарзи ўртасида доимий мутаносиблик бўлиши лозим. Шундагина инсон том маънода гўзал ҳисобланади. Қалб гўзаллигига эришмоқ учун эса, аввало, уни эзгу ниятлар билан тўлдирмоқ керак. Зеро, яхши ният бир уруғдирки, у униб чиқиб, қандай мева бермоғи барчамизга яхши аён.
Кўпчилик кўриниши чиройли киши билан муомала қилишни истайди. Лекин ўша одам маънан қашшоқ бўлса, гўзаллик ўрнида бефарқ бўшлиқ пайдо бўлади. Аслида инсонни улуғлаб, шарафлайдиган нарса маънавий гўзалликдир. У одамнинг жисмоний чиройига ҳусн қўшади, ҳатто ташқи қиёфасидаги баъзи нуқсонларни ювиб юборади. Айрим шахсларда учрайдиган маънавий тубанлик, нодонлик, калтафаҳмлик, шарм-ҳаёсизлик эса тананинг ташқи гўзаллигига путур етказади, ён-атрофдагилар нафрати ва ғазабини қўзғатади.
Шарму ҳаё – аёл ҳусни. Аёл нечоғлиқ хушсурат ва мафтункор бўлмасин, шарму ҳаёси бўлмаса, ўзгалар кўзига хунук кўринади.
1771-1815 йилларда яшаб ўтган немис ёзувчиси Маттиас Клаудиус гўзаллик ва иффат ҳақида фикр юритаётиб, «Тана гўзаллиги нима?» деган саволга қуйидагича жавоб берган:
– У, биринчидан, бамисоли чақмоқ чаққандай бир нарса. Чақмоқ қанчалик тез сўнса, у ҳам шунчалик тез сўнади. Унда фазилат бўлмайди. Гўзалликни қизларнинг ўзлари ижод этмаганидек, уни олиб ҳам қолишолмайди. Иккинчидан, унинг уй ишларига фойдаси йўқ. Негаки, чеҳра гўзал бўлгани билан пиширилаётган овқат лаззатли бўлиб қолмайди. Кўз шаҳло бўлгани билан бола тарбияси яхшиланмайди, кийими ювилмайди. Эр-хотин ўртасида вужудга келган муносабат яхшиланмайди. Қолаверса, гўзаллик покиза муҳаббатни яратмайди.
Кўриб турганингиздек, ташқи гўзаллик узоққа бормайдиган, рўзғорда фойдаси тегмайдиган ва соф севгига алоқаси бўлмаган бир нарсадир. Киши ташқи кўринишидан гўзал, лекин маънан қашшоқ бўлса, биз уни хулқий жиҳатдан хунук деб қабул қиламиз. Ёки аксинча, ташқи кўриниши кўримсизроқ, аммо ўзи мард, одоб-ахлоқли, қалби гўзал ва меҳр-муҳаббатга тўла кишиларнинг хунуклигини бутунлай унутиб, гўзал инсон сифатида кўрамиз.
Энг ачинарлиси, ташқи гўзаллик жуда беқарордир. Аввало, организмнинг қариш жараёни ўз ишини қилади. Иккинчидан, тана гўзаллиги қалб гўзаллигига уйғун бўлмаса, кишини қўрқувга соладиган даражада даҳшатли ўзгаришларга учрайди.
Бизнинг халқимиз азал-азалдан гўзаллик шайдоси, ҳозир ҳам ҳамиша унга интилиб яшайди. Табиат, ҳаёт, бутун борлиқ гўзал бўлиши йўлида тиним билмайди. Меҳнат эса бутун борлиқни ҳам, инсонни ҳам гўзаллаштиради. Одамзод турфа гуллар чиройидан, уларнинг хушбўй ҳидларидан, сўлим боғлардаги булбул навосидан, созанданинг сози-ю, хонанданинг сеҳрли овозидан баҳра олади. Ҳаёт ва табиат гўзаллиги унинг руҳиятининг нозик торларига таъсир қилиб, ўзига хос ва ички кечинмаларга бой янги бир ижодий гўзалликни кашф этади.
Ёши улуғ, аммо ҳануз чиройини йўқотмаган бир аёлдан бундай натижага эришиш учун нималардан фойдаланиш зарурлигини сўрашибди. У шундай деб жавоб берибди:
– Лаблар жилоси учун – ҳақиқат, овоз майинлиги учун – дуо, кўзлар чиройи учун – ҳаё ва марҳамат, қўллар гўзаллиги учун – саховат, вужуд бирдамлиги учун – ҳалоллик, қалб нурафшонлиги учун – муҳаббат ва шафқатдан фойдаланаман. Муҳими, бу пардоз воситаларини пулга сотиб олишга эҳтиёж йўқ. Фақат битта шарти – улар билан ижобий натижага тезроқ эришиш учун ҳар қўллаганда миқдорини оз-оздан ошириб бориш керак!
Баъзи кишилар «гўзаллик» ва «чиройлилик»ни бир хил тушунча деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, улар орасида муайян тафовутлар бор. Чиройлилик нарсаларнинг ташқи кўриниши ва ҳолатини, бирор ҳаракатдаги ўзаро уйғунликни билдиради. Чинакам гўзаллик эса инсоннинг ахлоқий ва маънавий етуклиги билан белгиланади. Гўзалликни қалби ва фикри гўзал инсонларгина ярата олишади.
Бинобарин, гўзаллик инсонга эстетик ва ахлоқий завқ берувчи фазилатлар жамламасидир. Ҳақиқий гўзалликка эришиш, уни том маънода идрок этиш учун инсон муайян комиллик соҳиби бўлмоғи лозим. Инсонни гўзаллик сари етаклайдиган йўл енгил-елпи туйғулар орқали ўтмайди, у бағоят мураккаб бўлиб, сабр-матонат талаб қилади.
Инсон – барча хилқат ичида энг юксаги, энг қудратлиси, энг идроклиси ва гўзаллик яратувчисидир. Гўзалликни яратиш ва идрок этиш эса соф виждон, олижаноблик, очиқ кўнгиллилик, хушмуомалалик, илмлилик ва юксак эстетик дид билан боғлиқдир.
Зеро, инсоннинг қўли билан яратилган гўзаллик уни доимо қалб гўзаллигига чорлаб туради. Модомики, шундай экан, сиз ҳам гўзалликка ошно тутининг ва қалбингизни у билан тўлдиринг!
Элбек БОЛТАЕВ,
шифокор-невропотолог
