Биз дунёда демократия ва эркинлик тамойиллари кучайган бир даврда яшаяпмиз. Қаердадир, кимнингдир эрки бўғилса, бир зумда овоза бўлиб, одамлар ва давлатлар, махсус ташкилотлар ёрдамга шошилади. Аммо бундан бир аср муқаддам кўп нарса бошқача бўлган. Ватанимизга эгалик советлар қўлида бўлиб, халқимиз онгсизликка ва қулликка маҳкум этилган. Ўзлигини англаган, истиқлол заруратини тушунган зиёлиларимиз эса сургун, қулоқ қилиниб ёки қамалиб, минг бир азобга дучор бўлган.
Тарихимизнинг бу таҳликали даври ҳақида катта ва ўрта авлод вакиллари зарур маълумотларга эга. Чунки айримлари шўролар замонида яшаган ва ўша мудҳиш воқеалар гувоҳи бўлишган, баъзиларини бобо-бувилари ҳикояларидан билиб олишган. Масалан, биз улар Навоий, Бобур, Машраб асарларини, «Ўткан кунлар», «Кеча ва кундуз» романларини яширинча ўқишганини, ҳайит намозларига ҳадик ва қўрқув билан боришганини эшитганмиз.
Мустақиллик қўлга киритилган кезларда ўқувчи ёки ўсмир бўлган ўрта авлод эса радио-телевидение орқали ёки устозларидан Истиқлолга қандай эришилгани, жадидлар ҳаракатининг мақсад ва ғоялари ҳақида кўп тинглашган. Бу мавзуга бағишланган илмий-бадиий адабиётлар ҳам талайгина. Аммо лотин алифбосига ўтилаётган ҳозирги вақтда ёшларбоп бундай адабиётлар кам. Айниқса, лотин алифбосида жадидларга атаб ёзилган китоблар бармоқ билан санарли даражада.
Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан «Жадидлар» тўплами тайёрлангани ниҳоятда хайрли иш бўлди. Ихчам шаклдаги 8 та китобчада Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Чўлпон, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Исҳоқхон тўра Ибрат, Ғулом Зафарийлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўқийсиз. Шунингдек, машҳур ўзбек ва рус олимлари, зиёлиларнинг илмий маълумотларга асосланган фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.
Миллатимиз қўлига ва онгига бамисоли кишан солинган бўлса-да, ҳурликнинг аҳамиятини яхши англаган зиёлилар истиқлол осонликча қўлга киритилмаслигини яхши тушунишган. Шу боис уларнинг талай асарларида «Ҳақ олинур, берилмас!» деган чорлов тез-тез кўзга ташланади. Мунаввар қори Абдурашидхонов эса маслакдошлари билан бирга «Иттиҳоди тараққий» ва «Иттиҳоди миллий» ташкилотларини тузиб Умумтуркистон бирлиги ва мустақиллиги учун курашади. 1924-25 йилларда Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий давлат чегараланиши ўтказилгач, ушбу ташкилотлар ўрнида «Миллий истиқлол» ташкилотини тузиш орқали яширин ва махфий тарзда мустақил Ўзбекистонни қуриш учун кураш бошланади. Янги ташкилот барча ҳудудларда бўлинмаларга эга бўлгани, улар ўз олдиларига аниқ режа-мақсадлар қўйгани ва кўпчилигини амалга оширгани эса зиёлиларимиз бу даврда яхшигина бирлаша олганидан, халқимизнинг иродаси кучли бўлганидан далолат беради.
Мунаввар қори чоризм амалдорлари билан дипломатик муносабат ўрнатиш орқали уларнинг режаларидан ҳам яхшигина хабардор бўлиб борган. Шунингдек, рус амалдорларидан халқ учун зарур ёрдам сўраган, айниқса, таълим ва ишчилар масаласида миллат номидан таклифлар айта олган. Улардан айримларининг ижросига эришган ҳам. Хусусан, 1917 йили Тошкент шаҳар думасига аъзо бўлгач, дастлабки мажлисдаёқ бошқа жадид депутатлар қатори Тошкентда университет очиш таклифини киритган. Унинг ўқув дастурини ишлаб чиқишда мусулмонлар манфаати ҳисобга олиниши, хусусан, тарих ва шарқшунослик факультетлари уларга мослаштирилиши лозимлигини таъкидлаган.
У 1909 йилда ташкил этган «Кўмак» хайрия жамияти орқали мурувватли бойларнинг моддий ёрдами асосида миллат фарзандларини ривожланган мамлакатларга ўқишга юбориш борасида ҳам жонбозлик кўрсатган. Чунончи, жадидларнинг 1916 йилги йиғилишларидан бирида зиёли ёшларнинг маълум қисмини Германияга ўқишга юбориш масаласини ўртага ташлайди ва шаҳарнинг машҳур бойлари иштирокида шайхонтоҳурлик Каттахўжа Хўжаевнинг уйида навбатдаги йиғинни ўтказади. Унда Мунаввар қори иштирокчиларга қолоқликдан бизни фақат илм қутқаради, фарзандларимизни хорижнинг нуфузли мамлакатларида ўқитсаккина, ҳолимиз ўзгаради. Ёшларимизни Германияга ўқишга юборайлик, сизларнинг ёрдамингизсиз буни амалга оширолмаймиз, деган мазмунда мурожаат қилади. Маҳаллий бойлардан бири ўша заҳотиёқ унинг қўлига мўмайгина миқдорда пул тутқазади.
Хуллас, бу каби чорловлар натижасида бадавлат кишилар таълим олиш истагидаги ёшларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Тарихий ҳужжатларга кўра, Туркияда 1910 йили 50 нафар бухоролик, 1911 йили 15 нафар, 1912 йили 30 бошқа талабалар ўқиган. 1922 йилда эса Туркистон ва Бухородан 70 дан ортиқ ёшлар Германияга ўқишга юборилган. Биз истеъдодли ёш ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг «Қўрқма» асаридан ўша талабаларнинг Германиядаги ҳаёти ҳақида анча батафсил маълумотларни билиб олгандик. Қатағон машинаси бу ёшларни ҳам ўз чангалида яксон қилган ва уларнинг қисмати аянчли кечган. 1924-25 йилларда яна 56 нафар йигит-қиз Германияга ўқишга юборилгани жадид боболаримиз ўз даври ёшларининг замонавий билимларни пухта эгаллашига муҳим масала сифатида қарашганини англатади.
Бундан сал олдинроқ эса, жадидлар саъй-ҳаракати билан Тошкентда Мусулмон миллий халқ дорилфунуни ташкил этилганди. У кейинчалик ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг юзага келишида тамал тоши вазифасини ўтади ва жадидларнинг улкан орзуларидан бири амалга ошди.
Китобларнинг барчасида тарихимизнинг гоҳ аянчли-қайғули, гоҳ фахр-ифтихорли онларига рўбарў келасиз. Уларни ўқиб, ўйлайсиз ва мушоҳада юритасиз. Мен шу ўринда тўплам қаҳрамонларидан бири – кўпчилигимиз ижоди ва меҳнат фаолияти ҳақида ҳаминқадар маълумотга эга бобомиз Ғулом Зафарий тўғрисида тўхталиб ўтмоқчиман.
Ғулом Зафарий театр ривожига катта ҳисса қўшган фидойи драматург, шоир ва ёзувчи ҳисобланган. Мусиқа илмида беназир, ўзбек ва шарқ мусиқасининг билимдони эканлиги драмалари муваффақиятли чиқишига сабаб бўлган. Ўз даврида уни рус мусиқашунос олими В.Успенский «Мусиқа ҳақида кўп нарсаларни билади» дея таърифлаган. Театршунос В.Пестовский эса «Ўзбек театри тарихи» мақоласида уни «композитор Ғулом Зафарий» деб тилга олган ва истеъдодини юқори баҳолаган.
1915-16 йилларда рус, татар ва озарбайжон театршунослари таъсирида Тошкентга ҳам театр кириб келади. Беҳбудий ва Чўлпон асарлари асосидаги спектакллар орасида Ғулом Зафарийнинг «Ҳалима» драмаси энг кўп қўйилган ва томошабинларни қизиқтирган саҳна чиқишларидан бири бўлади. Шунингдек, «Ҳалима» илк ўзбек мусиқали драма спектакли сифатида тарих саҳифаларига муҳрланади.
«Жадидлар» тўпламига киритилган китобларнинг барчаси ҳақида илиқ фикрлар билдириш мумкин. Уларда тилга олинган ҳар бир жадидчи аждодимизнинг ҳаёт йўли, ижоди ва кечмишлари бугунги қайсидир тараққиёт занжирининг ибтидосига бориб тақалади. Истиқлол, мактаб, олий таълим, ёшларни хорижга ўқишга юбориш, матбуотнинг шаклланиши, театрнинг кириб келиши, драматургия… Қолаверса, булар менинг ва сизнинг – барчамизнинг тарихимиз. Уларни қанчалик кўп ўқисак, билсак ҳамда зурриётларимизга ўргатсак, ўзлигимизни шунчалик теранроқ англаймиз.
Таклифларга келсак, «Жадидлар» тўпламини ҳудудларга ҳам етказиш, улар юртимиздаги 10 мингдан зиёд мактабнинг ҳар бирига кириб боришини таъминлаш зарур. Зеро, лотин алифбосида чоп этилганининг ўзиёқ ушбу тўпламнинг асл ўқувчилари кимлигини кўрсатиб турибди. Демак, у фарзандларимиз томонидан қўлма-қўл бўлиб ўқилиши, шу тариқа уларнинг жадидлар ҳаётидан хабардорлиги янада ошиши, қалбларида истиқлолни қадрлаш туйғуси тағин-да жўш уриши керак. Аслида тўпламни чиқаришдан кўзланган мақсад ҳам шундай бўлгани шубҳасиз. Шу боис биз бу китобларни тайёрлашда қатнашган муаллифлар, муҳаррирлар ва ташкилотчиларнинг барчасини муваффақиятли лойиҳа билан табриклаймиз!
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»
