Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси томонидан «Муносиб меҳнат шароитини яратиш – иш берувчининг бурчи» мавзусида ўтказилаётган туркум анжуманларнинг навбатдагиси Тошкент вилоятида ташкил этилди.
Унда уч томонлама ижтимоий шериклар – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Иш берувчилар Конфедерацияси мутасаддилари, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари қатнашди.
Тадбирда Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев сўзга чиқиб, қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси, соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар, касаба уюшмаларининг мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларига батафсил тўхталди.
Таъкидланганидек, беш миллиондан зиёд аъзоларни ўзида бирлаштирган Касаба уюшмалари Федерациясига аъзо Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасинин 5 592 та ташкилотида 1 миллион 878 минг 885 нафар киши меҳнат қилади. Тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши 18 та вазирлик, идора ва компаниялар билан меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий масалаларга оид тармоқ келишувларини имзолаган. Тизимдаги ташкилот ва муассасаларнинг барчасида жамоа шартномалари мавжуд.
– Барчамизга маълумки, корхона ва ташкилотларда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак, – деди Бахтиёр Маҳмадалиев. – Бу иш берувчининг мажбуриятига кириши меҳнатга оид қонун ҳужжатларида ҳам кўзда тутилган. Соҳада меҳнат муҳофазасини йўлга қўйиш мақсадида эса йигирмага яқин нормативлар қабул қилинган. Ҳар бир иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш учун зарур бўлган маблағларни қонун ҳужжатлари, жамоа шартномаси ёки бошқа ички норматив ҳужжатларда белгиланадиган миқдорда ажратиши ҳамда ходимлар ана шу мақсадлар учун бирор-бир чиқим қилмасликлари зарур.
Шундай бўлса-да, айрим бюджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар томонидан меҳнат муҳофазаси тадбирлари учун етарли миқдорда маблағлар сарфланмаётган ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Шу боис ҳам Агросаноат ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошланғич ташкилотларнинг меҳнат муҳофазаси ҳолатини ўрганиш жараёнида иш берувчиларга бу борада қонун талабларини атрофлича тушунтириб, тақдимномалар киритмоқда.
Таҳлил натижаларига кўра, тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг жамоа шартномаларида ходимларга меҳнатнинг соғлом ва хавфсиз шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича жорий йилга 172 990 та чора-тадбирлар режалаштирилган бўлиб, бунинг учун ажратилган маблағ 32 миллиард 722 миллион 880 сўмни ташкил этган.
Касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида қишлоқ хўжалиги тизимида ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи 315 та корхона ва ташкилотнинг 22 800 нафар ишчи-ходими Жамоа шартномалари орқали 5 миллиард 800 миллион 600 минг сўмлик, махсус кийим-бош ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминланган. Шунингдек, агросаноат мажмуи тизимидаги 690 та ташкилотда 5 990 та иш ўрни меҳнат шароитлари бўйича белгиланган муддатларда аттестациядан ўтказилган. Чунончи, тизимда меҳнат қилаётган ходимларнинг 3 909 нафари сут маҳсулотларини бепул олиш, 133 нафари имтиёзли равишда пенсияга чиқиш ва 6 443 нафари қўшимча меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга бўлганлар.
Касб касалликлари профилактикасининг энг самарали йўналишларидан бири, бу ишчи-ходимларни профилактик тиббий кўриклардан ўтказиш ҳисобланади. Худди шу мақсадларда, яъни тармоқ ташкилотларидаги ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган, пенсия ёшига тўлган шахсларни тиббий кўриклардан ўрнатилган муддатларда ўтказиш мақсадида ҳисобот даврида 390 та корхонада меҳнат қилаётган 22 320 нафар ходим тиббий-кўрикдан ўтказилди. Бу учун сарфланган маблағ миқдори 3 млрд. 900 минг сўмни ташкил этди.
Яна бир эътиборли жиҳат – охирги йилларда заҳарли кимёвий воситалардан сурункали заҳарланишнинг бирламчи тасдиқланиши сезиларли даражада камайган.
Касаба уюшма фаоллари, меҳнатни муҳофаза қилиш вакиллари томонидан ходимларнинг тиббий кўриклардан белгиланган муддатларда ўтказилишида иш берувчиларга тегишли талаблар билан мурожаат қилишлари жуда муҳимдир. Касаба уюшмалари бундай ҳолатлар юзасидан корхоналарнинг юқори ташкилотларига ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тегишли тартибда мурожаат киритиб, ижобий натижаларга эришиб келмоқда.
Тадбирда соҳа вакиллари ўз ташкилотларидаги меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими ҳолати хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба
уюшмалари Федерацияси
Матбуот хизмати раҳбари
