Марҳамат тумани “Алитепа” маҳалласидаги туман Ахборот кутубхона марказини зиё кошонаси дейиш мумкин. Кошона бўлганда ҳам ажиб зиё кошонаси. Бундай муҳташам бинода фаолият юритишни нафақат вилоят, балки пойтахтдаги кутубхона ходимлари ҳам ҳавас қилишади.
Ахборот кутубхона маркази катта ва ёруғ зали 3 қаватдан иборат. “Келажак нури” масъулияти чекланган жамияти томонидан фойдаланишга топширилган мазкур кутубхонада 50 минг китоб фонди бор. Шунингдек, 300 мингдан ортиқ электрон китобдан фойдаланиш имконияти яратилган.
– Тумандаги аксарият маданий-маърифий тадбирлар бизнинг янги кутубхонамизда ўтказилади, – дейди кутубхона раҳбари Зулфира Давлатова. –Эски бинода фаолият юритганимизда 9 минг китобхон қатнови бўлганди, ҳозир уларнинг сони 14 мингтага етди. Вақти келганда қўшни Асака туманидан ҳам китобхонларнинг буюртмаларини қабул қиляпмиз. Эътиборли жиҳати, марказимизнинг “Ёш китобхон” клубидаги “Бувижоним эртаклари” қўғирчоқ театрида намойиш этилаётган саҳна кўринишлари ҳам бевосита китоблар билан боғлаб олиб борилади. Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва бошланғич синф ўқувчилари ўртасидаги ушбу тарғибот ўзининг яхши самарасини бермоқда. Қолаверса, “Оилавий китобхон” лойиҳаси асосида корхона, ташкилотлар ишчи-ходимлари ҳам мутолаа завқидан баҳраманд бўлмоқдалар. Кутубхона ходимлари ижтимоий тармоқларда ҳам турли мавзулардаги китоблар тарғиботини мунтазам олиб боришади.
Анваржон Ҳалимов,
ishonch.uz
