Ўзимиз ўтирган шохга урилаётган болта

54

Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳридаги Чилонзор кўчасида йўлни кенгайтириш мақсадида камида 7 та дарахтга шикаст етказилган. Умумий 99 та дарахтда шикастланиш хавфи аниқланган. Бунинг учун қурувчи ташкилотга 261 миллион сўм жарима белгиланди. Лекин азим дарахтларга етказилган зиённи тиклаб бўладими? Табиий савол туғилади, наҳотки, ўлкамизда ёз ҳавосининг ўта исиб кетиши, қум, чанг бўронлари сиз-у бизга сабоқ бўлмаётган бўлса?

– Йўлни кенгайтириш билан тирбандлик муаммосини ҳал этиб бўлмайди. Жамоат транспортига устунлик бериш керак. Дунё тажрибасига қаранглар. «Ақлли светофор»лар ўрнатиб, йўл ҳаракатини онлайн бошқариб, кўчаларнинг ўтказувчанлигини ошириш зарур, – деганди давлатимиз раҳбари бундан бир неча ой аввал.
Аслида, Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси бор-йўғи – 21 фоизни ташкил этади, тизимда қарийб 400 та автобус етишмайди. Йўллар пиёда ва велосипедда юриш учун ноқулай, бунинг оқибатида йўл транспорт ҳодисалари кўп содир бўлмоқда.
Лекин, минг таассуфки, шаҳри азим Тошкентда муаммога «креатив» ёндошилиб, дарахтларнинг илдизини ковлаб, қуритишдан иш бошланди.
Ҳар куни эрталабдан кўча тўла, енгил машиналар тирбандлигига гувоҳ бўламиз. Аммо ўзимизнинг соғлиғимиз, қолаверса, шаҳримиз об-ҳавосининг софлиги учун фойдали бўлган велосипедчилар ҳаракатини кўрмаяпмиз.
Шунингдек, кўп йиллик дарахтлар ­ҳаётига «суиқасд» қилаётган йўл қурувчилари ҳам сиз-у биз билан бир ҳаводан нафас олаётган ўзимизнинг одамлар. Улар наҳотки, ўз оёғига болта уришаётганини тушунишмаса? Бундан чиқди, экологияга оид билимларимиз ҳам ҳаминқадар. Ёки бу соҳада тарғиботлар кўпчиликка етиб бормаяпти? Ушбу соҳага масъул бўлган Экологик партия фаоллари нега бонг уришмаяпти?

Анваржон ҲАЛИМОВ,
«ISHONCH»