Ўтган ҳафтада Канаданинг Галифакс шаҳрида пара каноэ бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда икки нафар вакилимиз Касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг пара каноэ буйича спортчилари финал баҳсларида стартга чиқди. Жумладан, аёллар ўртасида ҳамюртимиз Шаҳноза Мирзаева, эркаклар ўртасида эса Ҳайтмурод Шерқўзиев жаҳон биринчилиги медали учун баҳс олиб борди.
Шаҳноза Мирзаева финал беллашувида яхши иштирок этган бўлса-да, бир неча сонияларга рақибларидан ортда қолди. 48,29 сонияда маррага 5-ўринда етиб келгани боис, совриндорлар сафидан жой ололмади. Ҳайтмурод Шерқўзиев эса 47,92 сония натижа билан маррага 3-бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлди.
***
Жорий йилнинг 27 июль – 8 август кунлари Владивосток шаҳрида еттинчи “Осиё болалари” Халқаро спорт ўйинлари мусобақаси бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақада спортнинг турли йўналишларида 173 нафар ёшларимиз иштирок этди. Улар орасида Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бокс бўйича Ўзбекистан миллий терма жамоа аъзоси Фаррух Тўлаганов ҳам қатнашиб, учта жанг ўтказди. Спортчимиз барча жангларда ғолиб бўлди ва мусобақанинг олтин медалини қўлга киритди.
Кичик маълумот: Фаррух Тўлаганов 16 ёшли ёш ва умидли боксчиларимиздан бўлиб, у шу пайтгача 6 марта ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, 2019 йилда Осиё чемпиони, 2021 йилда Ҳамдўстлик давлатлари ёшлари ўртасидаги мусобақада олтин медал соҳиби бўлган. 2022 йилда эса Осиё ўйинлари мусобақасида кумуш медал совриндори деб топилди. Россияда ўтган навбатдаги мусобақада у Новосбирск, Владивосток, Сибирь ва Якутаядан келган рақибларини доғда қолдирди. Устози, олий тоифали спорт устаси Фарҳод Бакиров бўлиб, у ҳам икки карра Жаҳон чемпиони, Олимпия ва Осиё уйинлари совриндоридир. Мураббийнинг ёш спортчидан умидлари катта.
Зебо НАМОЗОВА,
“ISHONCH”



