Ховос тумани “Афросиёб” маҳалласидаги жоме масжиди фаолиятига ҳали ҳамон рухсат берилмаётир.
“Янги Сирдарё”-“Новая Сырдарья” газеталари таҳририятига Ховос туманидаги “Афросиёб” маҳалласида истиқомат қилаётган фуқаролардан шикоят хати келган эди. Маълум бўлишича, маҳалла аҳолиси ўзлари яшаб турган ҳудудда жоме масжиди биносини ҳашар йўли билан барпо қилишган. У ерда намозга келувчилар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, бу ҳақда туман ҳокимлиги ва барча дахлдор ташкилотлар раҳбарлари хабардор бўлсалар-да, юқори диний ташкилотдан рухсат берилмаётган экан. Натижада динга астойдил эътиқод қўйган, мусулмонлик бурчларини адо этишни шараф деб билган турли ёшдаги 100 нафардан ортиқ фуқаролар ҳафтанинг ҳар жума кунида анча вақт сарфлаб, овора-ю сарсон бўлиб, 20 километр узоқда бўлган Ховос шаҳарчасидаги “Ховос” жоме масжидига, 22 километр йироқдаги Янгиер шаҳар “Бобур” жоме масжидига бориб, қайтиб келишаётгани ҳақида ёзилган.
Шикоят хатига Собиржон Сидиқов, Ёқубжон Самадов, Илҳомжон Юсупов, Нурбек Холназаров, Темур Каримжонов ва бошқалар имзо чеккан. Бош муҳаррирнинг топшириғига биноан Ховос туманининг “Афросиёб” маҳалласи томонга йўл олдик.
Ўша куни МФЙ идораси яқинида бизни хатга имзо чекканлардан Мамарайим Душаев, Жўрақул Раҳмонқулов, Байдбек Олимов ва Алимжон Рустамов маҳалла раиси Хушбек Худойшукуров бошчилигида кутиб туришган экан. Дастлаб улар билан биргаликда бориб, жоме масжиди биносини кўрдик. Дарҳақиқат, йиллар давомида ҳашар йўли билан анча меҳнат сарфланган. Ичкарига чиройли патгиламлар ёзиб қўйилган. Алоҳида бинода намозхонлар таҳорат қилишлари учун қулай шарт-шароитлар муҳайё этилган.
2017 йилда бошланган иш 2018 йилда якунлангач, маҳалла фуқаролар йиғини идорасида ўша пайтдаги раис С.Бобожонов, “Нуронийлар” кенгаши раиси А.Холназаров, диний ташкилот таъсисчиларидан 115 нафар одам иштирокида 5 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда жоме масжидини Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи билан аташ таклифи киритилган ва бу таклиф бир овоздан қўллаб-қувватланган эди. Йиғилишда сўз олган С.Бобожонов янги барпо этилган жоме масжиди мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи, ислом динига эътиқод қўйган, Имом Аъзам мазҳабидаги мусулмонларнинг ибодат қилишларига, диний эҳтиёжларини қондиришларига хизмат кўрсатувчи диний ташкилот бўлиб қолишини таъкидлаган эди.
Йиғилишда жоме масжидининг махсус Низоми тайёрланиб, муҳокамага қўйилиши ҳамда тасдиқланиши ҳақида сўз бориб, имом-хатиб вазифасига маҳаллада яшовчи Тошкент Ислом институтини битирган олий маълумотли Илҳом Эгамқулов, мутавалли вазифасига Алимжон Рустамов тавсия қилиниб, ҳайъат аъзолари рўйхати ҳам маъқулланган эди.
2019 йил 25 январь куни Ховос тумани ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи Б.Убайдуллаев туман Архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ш.Тангировга масжид биносини қабул қилиш учун йўллаган хулосасида қурилиш-монтаж ишлари даврида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя этилишини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаганини билдирган. Шунингдек, туман архитектура ва қурилиш бўлими, Ховос тумани қурилиш бўлими бошлиғи С.Пўлатов вилоят адлия бошқармаси раҳбариятига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номли жоме масжиди шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари талабларига жавоб бериши ҳақида маълумотнома юборган.
Ўзаро мулоқотлар давомида пенсионер отахонлардан бири Мамарайим Душаев куйинчаклик билан дил сўзларини қуйидагича баён қилди:
— Агар жоме масжиди ишга туширилишига ижозат берилса, қўли очиқ, саховатли тадбиркорлар ушбу диний идора биносини янада кўркамлаштириб, ҳатто чиройли гумбазлар ўрнатиб, қўшимча безаклар билан безаб, мутлақо янгича қиёфа кашф эттиришларини айтишди. Ҳақиқатан ҳам келжакда ҳомийлар сони ортиб бориши шубҳасиз. Истагимиз шуки, бу ерда жума кунлари имом-хатиблар томонида амри маъруф тадбирлари ўтказилса. Қуръон оятлари ва ҳадислардан айтиладиган ибратли сўзлар ёшлар учун муҳим тарбиявий аҳамиятларга эга бўлади.
— Бир тасаввур қилинглар-а, ҳар куни эрта тонгдан маҳалламиз бўйлаб азон товуши янграб турса, тангрининг нурлари ёғилаётгандек бўлиб, биримизга икки қўшилади, руҳий тетикликни ҳис қиламиз. Одамлар ҳар куни саҳарда туришга одатланадилар. Ахир азалдан маълумки, субҳидамда уйғонган кишининг ризқига ризқ қўшилади, — дея ўз фикрларини билдирди Жўрақул Раҳмонқулов.
Алимжон Рустамовнинг ибратли сўзлари ҳам эътиборимизни тортди:
— Дилимизда иймонимиз бут экан, ҳаммамиз биргаликда яхши ишларга бош қўшамиз. Биз инсонларга яхшилик қилишни ўйлаб яшашимиз керак. Масжид очилишига рухсат берилса, кекса нуронийлар ва бошқа намозхонларга қўшилувчилар кўпаяди. Бу эса оилалари ажрим ёқасида турган ёшлар, ҳаёт йўлида адашганлар, билиб-билмай хато қилганларни тўғри йўлга бошлашни осонлаштиради.
Уларнинг оқилона ўгитларидан ёшлар ўзларича тегишли хулоса чиқарадилар.
Умуман олганда, жоме масжиди ишга туширилса, маҳалламизда боғча ва мактабдан кейинги тарбия маскани бўлиб қолади.
“Афросиёб”ликлар давлат масжид қуриб берсин, дейишмай, ўзларининг шахсий жамғармаларидан маблағ йиғиб, эзгу ишга қўл уришган эди. Жоме масжиди очилишига тегишли идоралар томонидан рухсат берилса, уларнинг орзу-истаклари рўёбга чиқса, нур устига аъло нур бўларди.
Ҳасан АБДУВОҲИДОВ
