The Guardian: Ўзбекистонлик ёш шахматчилар жаҳон шахматининг келажаги

114

Дунёнинг машҳур оммавий ахборот воситалари Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва унда Ўзбекистон шахматчиларининг ёрқин иштироки ҳақида кўплаб таҳлилий материаллар ёзишмоқда, спорт соҳасининг номдор мутахассислари интервьюлар беришмоқда.
Буюк Британиянниг машҳур The Guardian нашри “Ўзбекистон шахмат олимпиадаси ўйинларида ғолиб чиқди” сарлавҳасида мақола эълон қилди. Унда шахматчиларимизнинг муваффақияти ҳақида алоҳида сўз боради.
Жумладан, Ўзбекистон шахматчилари рейтингда 14-ўринда қайд этилган бўлса-да, бу жамоа турнирда иккинчи ўриндаги Арманистон ва Ҳиндистонни ортда қолдиришга эришди, дея ёзади инглиз нашри.
180 та мамлакатни бирлаштирган Ченнай Олимпиадасининг асосий жамоавий шахмат мусобақаси ҳайратланарли натижа билан якунланди. Ўртача 20 ёшга тўлган ва бор-йўғи рейтингда 14-ўринда қайд этилган Ўзбекистон мусобақада уч карра ғолиб бўлган Арманистон ва Ҳиндистон ўсмирларини ортда қолдириб, олтин медални қўлга киритди. Аввалги ғолиблардан бири АҚШ эса медалсиз қолди.
“The Guardian” спортчиларимизнинг баҳсларига алоҳида тўхталиб, айниқса, Нодирбек Абдусатторовнинг маҳоратини эътироф этади.
Шахмат олимпиадасида 16 ёшли ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ва 17 ёшли ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов дунё шахмат чўққиларини кўзлаётган ёш истеъдод соҳиблари сифатида алоҳида ажралиб турди.
Ўзбекистоннинг шахматга ажараётган бюджети 4 миллион долларни ташкил этади ва 2026 йилда Тошкент Олимпиадага мезбонлик қилиши натижасида бу маблағ янада кўпаяди.
Ўзбекистоннинг ўсмир юлдузлари, эҳтимол, Рустам Қосимжоновнинг 2004 йилги ФИДE Жаҳон чемпионатидаги ғалабасидан сўнг шахматга илҳомланган бўлса керак. Ўшанда тай-брекда англиялик Майкл Адамс мағлуб бўлган эди.
“The Guardian”нинг яна бир эътирофи ҳақида айтиб ўтишимиз зарур. Ўзбекистонлик ёш шахматчилар жаҳон шахматининг келажаги. Улар юксак марраларни кўзлаган ва қўрқмас авлоддир, дея таъкидлайди нашр.

Дурдона Алимова тайёрлади