Пилла етиштириш меҳнати жуда оғир ва ўта масъулиятли иш эканини ҳамма ҳам билавермайди. Аммо бу жараёндан сал бўлса-да хабардор одам заҳматкаш пиллачиларга таъзим қилиши шубҳасиз.
Соҳани билмаган ўқувчиларда тасаввур уйғотиш учун «қурт жондин кечиб, ипак бўлгунича» муддат оралиғидаги сермашаққат вазифаларга озроқ чизги беришга тўғри келади.
Аввало, қурт боқиладиган уй дезинфекция қилингач, деворлари оҳак билан оқланади. Сўнг хонага сўкчак (сўри) қурилади. Уруғ жойлангач, парвариш чоғида ҳаво ҳарорати мўътадиллигини сақлаб туриш учун печка қурилади.
Қуртнинг озуқаси – тут баргини етказиб келиш ва белгиланган меъёрда бериб бориш осон иш эмас. Биринчидан, ҳар куни тонгги соат 4:00 ларда камида икки киши тутзорда шудринг оралаб, новдаларни кесиб, жамлаши керак. Ёмғир ёққан кунлари бу иш янада қийинлашади. Албатта, кесиб, буталган шох ва баргларни қурт боқилаётган уйга келтириш учун ҳам техникага эҳтиёж туғилади. Парваришнинг дастлабки даврида баргларни ихчамроқ, кейинги кунлари эса мутаносиб равишда йирикроқ қирқиб беришга эътибор қаратиш зарур.
Барг туну-кун бир хил вақт оралиғида – ўртача ҳар икки соатда берилади. Шу боис кимдир ширин уйқусидан воз кечишига тўғри келади.
Хуллас, қурт то пиллага айлангунга қадар оила аъзолари кечаю-кундуз тиним билмайди. Ҳосил буюртмачига етказиб берилгани билан ҳам иш тугамайди: пилла тутилган хонадаги ҳидни кетказиш учун яхшилаб шамоллатилади, оқлаб-бўяб, таъмирланади.
Ана энди бўёғини эшитинг. Шунча заҳмат чекиб етиштирилган ҳосилнинг ҳар килограмми учун кластерлар томонидан ўртача 24 минг 700 сўмдан тўлов белгиланмоқда. Тўғри, бу нарх «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси томонидан кластерларга тавсия сифатида берилган, яъни қайсидир буюртмачи пиллачига бу миқдордан кўпроқ ҳақ тўлаши ҳам мумкин. Аммо амалиётда бирор ҳудудда қурт боқувчининг кўнглини кўтарадиган даражада ҳақ тўланаётганининг гувоҳи бўлмаяпмиз. Аксинча, тўлов тарози устида ҳисоб-китоб қилиниши белгиланганига қарамай, айрим кластерлар бу юмушни бир неча ойдан сўнг оширмоқда (қўлимизда Андижонда жорий йилги ҳосил учун ҳамон ҳақ тўланмагани, ҳар килограмм пилла учун 5 минг сўмдан қўшимча тўланиши кўзда тутилган субсидия ҳужжатлари ҳам расмийлаштирилмагани билан боғлиқ ҳужжатлар бор). Ҳолбуки, бугун бир килограмм хом ипак жаҳон бозорида 45-55 доллар атрофида баҳоланмоқда. Бу – бир килограмм пилла камида 16-17 доллар даромад келтиради, дегани.
Дўппини бошдан олиб, бир ўйлаб кўрайлик-а энди: бугунги шароитда пиллачининг меҳнати 24 минг 700 сўмга арзийдими? Мисол учун, Андижондаги умумий овқатланиш жойларида бир порция лағмоннинг нархи тахминан 20 минг, уйғурча лағмон эса ўртача 25 минг сўм туради. Нарх-наво овқатланадиган масканнинг мижозлари кўплиги ва таомнинг сифатига қараб 28-30 минг сўмгача белгиланмоқда.
Шундан келиб чиқилса, қурт боқиб, рўзғорини бутлашга интилаётган, деҳқончиликдан бошқа даромад манбаи бўлмаган пиллачи оила аъзолари билан талабгирроқ кафеда тушлик қилиш учун чўнтагидан дадил пул чиқара олармиди?
Умуман, пиллачиларнинг иқтисодий манфаатини ошириш бўйича қачон амалий ишларга қўл урилади?
Нурилло НЎЪМОНОВ
«Ishonch»
