Туркиянинг Кизилжаҳамам провинцияси

78

           Эски номи Ябанобод, ҳозирда эса Кизилжаҳамам деб юритиладиган Анқара вилоятининг шимолида жойлашган туман, Анқара ва Истанбул, Марказий Онадўли ва Қора денгиз минтақаларини бир-бирига боғловчи автомагистраль йўлда жойлашганлиги билан ҳам маҳаллий аҳоли ва хорижлик сайёҳлар орасида анча машҳур.

Чубук, Каҳраманказан, Аяш, Гудул, Чамлидере туманлари билан Болу ва Чанқири вилоятлари ўртасида жойлашган Кизилжаҳамам, асосан тоғли ва ўрмонлик ҳудудлардан иборат бўлиб, туман жами 1712 квадрат километр майдонни эгаллайди.

Анқарани ичимлик суви билан таъминловчи Куртбоғози, Эғреккая ва Акяр тўғонлари Кизилжаҳамам туманида жойлашган.

Рим давридан бери фойдаланилгани маълум бўлган Кизилжаҳамам иссиқ булоқлари бутун Туркия бўйлаб машҳурдир. Кизилжаҳамам одатда, Соғуксу миллий боғи, булоқлари, меҳмонхоналари, минерал сувлари, тарихий жойлари ва фестиваллари билан танилган. Бу ердаги термал сувлар кўплаб касалликлар учун фойдали ҳисобланади. Анқарага яқинлиги туфайли, айниқса, дам олиш кунларида бу ерга ташриф буюрувчи саёҳатчилар сони кескин кўпаяди.

Кизилжаҳамамга ташриф буюрувчилар учун якшанба кунлари маҳаллий аҳоли томонидан табиий маҳсулотлар сотиладиган бозор ташкил этилади. Кейинги йилларда Кизилжаҳамамда қурилган кўплаб йирик меҳмонхона ва дам олиш масканлари турли конференция ва тадбирларга мезбонлик қилиши орқали, туманда туризмнинг жадал ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда.

Анқара бўйлаб тоза ҳаво, табиат ва сайр қилиш деганда ақлга келган илк жойлардан бири Сўгуксу миллий боғи ҳисобланади. Соғуксу миллий боғи шифобахш термал булоқлар, ҳаммомлар, ажойиб ўрмонлар ва табиий озиқалардан ташқари, кўплаб тарихий гўзалликларни ҳам ўз ичига олади.

Соғуксу миллий боғида шунингдек алоҳида муҳофазага олинган, Туркия ва Грециядан бошқа ҳеч бир жойда учрамайдиган қора калхат қушини учратиш мумкин. Агар ишқибоз бўлсангиз, Кизилжаҳамамга ташриф буюрганингизда «Қора калхатларни кузатиш ва озиқлантириш бўлими»га ташриф буюришингиз ва алоҳида муҳофазага олинган қора калҳат қушини яқиндан кузатишингиз мумкин. Соғуксу миллий боғида қўнғир айиқ, бўри, буғу, тилла шоқол, ёввойи чўчқа, қуён, олмахон каби ҳайвонлар ҳам табиий муҳитда яшаши билан ҳам эътиборга мoлик. Боғ ҳудудида шунингдек лочин, қирғовул, бедана, каптар каби қушларни учратиш мумкин.

Туркиянинг энг муҳим миллий боғларидан бири бўлган Соғуксу миллий боғи ўсимликларга бойлиги ва табиий гўзаллиги билан ҳам ажралиб туради.