Асосий ставка пасайди, кредит фоизлари ҳам камаядими?

68

Марказий банк шу йилнинг июль ойида асосий ставкани 16 фоиздан 15 фоизга туширди. Бу ўзгарувчан меъёр бўлса-да, иқтисодий муносабатларда сезиларли ўзгаришларга олиб келади.

Марказий банкнинг асосий ставкаси ­инфляцион таргетлаш режими доирасида пул-кредит сиёсатини юритишнинг асосий воситаси бўлиб, Марказий банкнинг тижорат банклари билан амалга оширадиган пул-кредит операциялари бўйича мўлжал фоиз ставкаси ҳисобланади. Марказий банк ушбу фоизда тижорат банкларига пул ажратади. Ставкани ўзгартириш билан иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун зарур пул-кредит шароитлари белгиланади.
Асосий ставканинг 1 фоизга камайиши пул-кредит операцияларига қандай таъсир қилади, тижорат банклари кредитларида фоизлар камаядими?
Шу ва унинг теграсидаги саволларга Марказий банкнинг Матбуот хизматидан қуйидагича жавоб олдик.
– Асосий ставканинг ўзгариши билан пул-кредит операциялари таъсирида банклараро пул бозоридаги депозитлар бўйича фоиз ставкалари ҳам 1 фоиз бандга пасаяди. Кейинчалик ушбу ўзгариш депозитлар ва кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг ҳам пасайишига олиб келади. Яъни, тижорат банклари ҳам кредит фоизларини камайтиради.

– Асосий ставканинг пасайиши яна қандай иқтисодий муносабатларга таъсир ўтказади?

– Инфляция даражаси, инфляцион кутилмалар пасайиб бориши билан асосий ставка ҳам пасайтирилади. Бу, ўз навбатида, банклараро пул бозорида пул маблағларини жалб этишнинг арзонлашишига, кейинчалик эса аҳоли ва тадбиркорлар учун кредитлар фоиз ставкаларининг маълум бир даражада пасайишига сабаб бўлади. Демак, асосий ставка инфляция даражасига боғлиқ. Инфляция пасайса, ставка пасаяди, инфляция кўтарилса, ставка кўтарилади.
Бу кўрсаткичлар аҳоли ва бизнес субъектларининг истеъмол, жамғариш ва инвестиция (сармоя киритиш) бўйича қарорларига ҳам таъсир қилади.

– Маълумки, чет эл валюталари курсининг ўзгариб туриши савдо-сотиққа, аҳолининг турмуш даражасига бевосита таъсир қилади. Валюталар курсининг ўзгариши нималарга боғлиқ?

– Ўзбекистон Республикасида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича операция­ларда валюта курси чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бозор механизмлари орқали белгиланади. Яъни чет эл валютасига бўлган талабдан валюта нархи шаклланади.
Чет эл валюталарининг курси турли омилларга асосан белгиланади. Булар – савдо-ҳамкор давлатлардаги иқтисодий вазият, улардаги алмашув курсининг ўзгариши, инфляция даражаси, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган экспорт товарларига талаб, импорт товарлари нархлари, трансчегаравий пул ўтказмалар, хорижий валютадаги пул оқимлари чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифни белгиловчи муҳим омиллардан ҳисобланади.

– Миллий валютамиз мустаҳкамланишига нималар тўсиқ бўляпти?

– Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистон Рес­публикасида валюта курси чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бозор механизмлари орқали белгиланади. Шунингдек, иқтисодиётда рақобат муҳитининг янада яхшиланиши, инфляция даражасининг барқарорлашиши, ташқи савдо жараёнларининг янада эркинлаштирилиши каби омиллар миллий валютамизнинг янада ­мустаҳкамланишига ёрдам беради.
Шу ўринда, сўнгги йилларда миллий валюта алмашув курсининг барқарорлашганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, 2021 йилда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси қадрсизланиши 3,4 фоизни, охирги беш йилда эса ўртача йиллик 7,5 фоизни ташкил этди. Яъни, 2 йил ичида алмашув курсида катта фарқ сезилмаган.

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
тайёрлади