Дўнг қишлоқнинг ташриф қоғози

131

улкан садақайрағоч соясидаги суҳбатларга не етсин?

Юртимизда давлат томонидан қўриқланадиган юз ва ундан юқори ёшга кирган 4 минг 600 тупдан зиёд улкан дарахт бор. Улардан бири Андижон тумани «Дўнгқишлоқ» маҳалласидаги улкан садақайрағочдир.

Бу дарахтнинг экилганига 68 йил бўлган. Ҳозирда унинг танаси диаметри 3 метр-у 15 сантиметр, гумбазсимон айлана диаметри эса 15 ­метрдан зиёд.
Садақайрағоч қишлоқнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланиб улгурган. Яқинда бир гуруҳ япониялик ва россия­лик сайёҳлар азим дарахтни кўргани атайин келишди.
Ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесишга мораторий эълон қилинган бўлиб, садақайрағочларни кесган шахс­ларга нисбатан жавобгарлик белгиланган.
Кейинги вақтда садақайрағоч, чинор, мажнунтол, тол, тут, кўктерак каби серсоя, ҳар қандай иссиқ, қурғоқчилик шароитида ҳам ўсадиган дарахтлар борлиги ёдимиздан кўтарилиб кетаётгандек.
Авваллари остига 3-4 та сўри бемалол сиғадиган садақайрағочлар бўларди. Ёки кокилларини соллантирган мажнунтолларни эслайлик-а.
Лекин уларнинг борлари ҳам таг-туги билан қўпориб ташланди. Катта шаҳарларимизни-ку қўяверинг, ҳатто қишлоқларда ҳам ёзнинг жазирамасида салқинлайдиган жой йўқ.
Садақайрағоч кўп йиллик дарахт ҳисоб­ланади. Авваллари кексалар бундай кўркам ва салобатли дарахтлар остида супа ёки сўриларда чойлашиб суҳбат қуришган. Чунки ёзнинг жазирамасида ҳам бу серсоя дарахт таги салқин, ҳузурбахш бўлган.
Одатда кўнгилга яқин кишиларга, «бир пиёла чой қиламиз», дея манзират кўрсатилади. Сизга ҳам айтар сўзимиз: Дўнгқишлоққа келинг, садақайрағоч соя­сида бир пиёла чой атрофида гурунглашамиз.

Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»