«Мен сизни яхши кўраман!»

145

Оила Яратганнинг ­инояти билан насллар давомчиси бўлмиш фарзандлар дунёга келадиган, улар униб-ўсадиган, азалий қадриятлар авлодлардан авлодларга мерос бўлиб ўтадиган муқаддас гўшадир. Диний ва дунёвий мезонлар асосида қуриладиган оила эр-хотиннинг ҳамжиҳатлиги, руҳий яқинлиги, қарашлари муштараклиги сабабли гуллаб-яшнайди. Машойихлар айтганидек, яхши эр-хотинда қалб иккита бўлса ҳам истак битта бўлади. Якдил ва аҳил-иноқ оилаларда комил фарзандлар улғаяди ва улар жамият кўркига, халқ бахтига, умидбахш эртанинг ишончи ва таянчига айланадилар.

Шу ҳақда сўз очилганда, ҳадислардаги «Бир-бирингизга муҳаббатингизни изҳор этиб туринглар», «Қачонки, эр ўз хотинига, хотин эрига қарашса, Аллоҳ Таоло ҳам уларга раҳмат назари билан қарайди, борди-ю кафтини кафтига қўйса, бармоқлари орасидан гуноҳлари дув-дув тўкилади» деган битиклар ёдга тушади. Бу демак, эр-хотиннинг бир-бирига муҳаб­батини изҳор этиб туриши диний таълимда ҳам маъқулланади. Чуқур мулоҳаза қилсангиз, самимий дил изҳори аёлнинг ҳам, эркакнинг ҳам кўнглини кўтаради, қалбларни яқинлаштиради, дилларни пок­лайди, турмушдаги ҳар қандай ­қийинчиликларни енгиб ўтишда мададкор бўлади. Шундай мулоҳазалар билан ўзим таниган-билган бир қанча зиё­­ли ва ижтимоий фаол эркак-­аёллардан «Турмуш ўртоғингиз сизни яхши кўришини айтиб турадими?» деб сўрадим.
– Ўттиз беш йилдан буён бирга яшаймиз, лекин ҳали хўжайинимдан бунақа гапни эшитмаганман, – деди улардан бири. – Борди-ю, мендан шундай гапни эшитсалар, «Тинчликми?.. Бирор нарса олиб беришим керак шекилли», дея ажабланадилар.
– Аёл зоти умр йўлдоши яхши кўришини билиб қолса, талтайиб кетади, – деди эркак ҳамкасбларимдан бири ҳазиломуз оҳангда. Кейин ростига кўчди. – Аёлимни жуда кўраман, аммо буни ўзига ҳеч қачон ошкора айтмаганман.
– Биз ўзаро севишиб оила қурганмиз, – дейди ёшроқ уй бекаси. – Икки фарзандли бўлдик. Турмушимиз маромида, иззат-ҳурматимиз ­жойида. Эрим тўйдан олдин мени севишини бот-бот айтарди. Кейин эса бундай дил изҳорини бирор марта ҳам эшитмадим. Сабабини сўрасам, «Ҳа, энди, муҳаб­бат деганлари тўйгача-да», деб кулиб қўя қолади. Мен эса «Наҳотки, энди мени севмай қўйган бўлса?» деган нохуш ўйларга толаман…
Жуда қизиқ ҳолат. Умр йўлида йўлдош, қалбига сирдош, турмуш «юки»ни тортишда қўлдош, энг асосийси, фарзандларига она, ўзининг атрофида парвона, яхши-ёмон кунларида ҳамхона, бетоб бўлганида гирёна жуфтига гоҳ-гоҳида «Мен сизни яхши кўраман!» деган гапни айтиб туриш, наҳотки, шунчалар қийин бўлса?!. Ахир, тош юракни-да эритиб, меҳр-муҳаббатни ўн чандон, юз чандон оширгувчи бу каломлар фақат ва яна фақат эзгуликка хизмат қилади-ку!..
Бир файласуф айтганидек, турмуш сўқмоқларининг ўнқир-чўқирларини шу ширин сўзлар текислаб турса, пойи қадамлар озор топмайди. Бундай эътибордан қувват олган, ўзининг, ўғил-қизлари ва невара-­эваралари хонадонларини-да гуллатиб яшаганлар ва яшаётганлар кўплиги учун бизнинг Ўзбекистонда файз бор, барака бор. Мисол тариқасида биргина далил келтирмоқчиман.
Қўштепа туманининг Марғилонга туташ «Эшонгузар» маҳалласида Қодир бобо билан Нуринисо момо салкам саксон йил бир-биридан меҳр-муҳаббатини дариғ тутмай ҳаёт кечирдилар. Бир умр эл дардида яшаган бобо Рамазони шариф кунларида 105 ёшида боқий дунёга рихлат қилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 97 ёшли малҳамижон момо ҳам омонатини топширди. Уларнинг ортидан олти ўғил, икки қиз, қатор-қатор невара-чеваралар, боғ-роғлар, ҳозирга қадар тарҳи бузилмаган равон кўчалар, ариқлар, кўприклар, уруш даврида ва ундан кейинги йилларда қийналганларнинг бошини силаб, уйли-жойли қилган одамлар, уларнинг авлодлари ва эзгу амаллари қолди.
Оила дея аталмиш муқаддас қўрғоннинг мустаҳкамлиги, эр-хотин қўша қариганининг асл сабаби, менимча, бир-бирини яхши кўриб, авайлаб ва қадрлаб, одамларга ва эл-­улусга яхшилик қилиб яшаш билан боғлиқ. Кексаликда ажиб ҳикмат борлиги эса Ҳадиси шарифдаги алоҳида битикда ўз ифодасини топган. Унда таъкидланишича, улуғ ёш шарофати ўлароқ нафақат кексаларнинг, балки фарзанд­лари, жон-жигарлари, қўни-қўшнилари, хеш-ақраболарининг ҳам гуноҳлари афв этиларкан. Умр карвони узоқ йиллар кўзларни қувнатиб, йўлларида гул-у чечаклар, боғ-у бўстонлар яратиб, ёруғ манзилларга бехатар етиши, авлодларга ибрат бўлиши учун унинг сарбони аҳли аёлига нисбатан меҳр-муҳаб­батли, жўмард, иймони бут, жуфти ҳалоли эса садоқатли, сабр-бардошли бўлса, кифоя. Афсуски, бугун бу олижаноб фазилатлар кимлардир учун ниҳоятда қаҳат бўлиб қолди. Оилавий ажримлар борган сари оддий ҳолатга айланаётганининг боиси ҳам шундан.
Алқисса, меҳр-муҳаббат ҳам сайқалталабдир. «Мен сизни яхши кўраман!» деган гапдан жуфти ҳалолингиз руҳий озуқа ва мадад олиб, умрига умр, қадрига қадр қўшилади, оила қўрғонини бахтли, бардавом, файзли-баракотли қилиш учун ўзида куч топа олади. Меҳр-муҳаббатни сайқаллаб туриш эса иймони бутун инсонгагина хос улуғ фазилатдир. Нафақат эр-хотин, балки уларнинг яқинлари ҳам бир-бирларига меҳрларини икки оғиз ширин сўз ила изҳор этиб турганига нима етсин?!.
Хўш, сиз нима дейсиз, азизим, меҳр-муҳаббатингиз юзига йиллар ғубори қўниб, «таъмирталаб» бўлиб қолмадими? Агар шундай бўлса, унга оро ва сайқал беришга ошиқинг. Бу сиздан ортиқча меҳнат, вақт, ҳиммат ва харажат талаб қилмайди. Фақат маънисиз ғурурни синдириб, чин қалбдан, самимий ­айтган, керак бўлса, ҳар куни ­такрорлайдиган тўрт сўздан иборат «Мен сизни яхши кўраман» деган гапингиз билан чиннидай мусаффо бўлади. Ниҳоятда шахсийдек туюладиган бу каломлар оила ва жамият бахти, Ватан тинчлиги, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги, фарзандларимиз камолига дахлдор эканлиги эсингиздан чиқмасин, азиз замондошим.
Қисқаси, мен сизни яхши кўраман!

Хадичахон КАРИМОВА