Ҳадемай ёзги таътил тугайди. Ўқувчилар қатори ўқитувчилар ҳам янги ўқув йилини соғинишган, албатта. Бу соғинч касб тақозосидан бўлиши ҳам мумкин.
Бахмал туманидаги 68-умумтаълим мактабида ишлайман. Гарчанд мактабимиз катта сиғимга мослашмаган бўлса-да, ўқувчи-ёшларнинг сифатли таълим-тарбияси учун зарур шароитлар яратилган. Айниқса, спорт зали, фаоллар зали, лаборатория, кутубхона ва ошхонани кўриб кўзингиз қувнайди. Шунингдек, ҳудудда мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар парвариш қилинмоқда.
Таълим масканимизда 30 нафар педагог 210 нафар ўқувчига илм-у маърифат сабоқларини бериб келмоқда. Ўтган ўқув йилида ўқитувчиларимиз сафи олий маълумотли, салоҳиятли ўқитувчи-кадрлар билан янада кенгайди. Таълим сифатини яхшилаш, дарс машғулотларида янги интерактив усуллардан фойдаланиш, назария ва амалиётни узвийликда олиб бориш, таълим бериш баробарида ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаш, шунингдек, мактаб моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга доим катта эътибор берилади.
Иш бор жойда камчилик бўлади. Иш фаолиятимиз мобайнида йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш борасида ҳам амалий ишлар мунтазам ташкил этилмоқда.
Энг муҳими, жамоамиз аҳил, бирдамликда фаолият юритмоқда. Зеро, келажак авлод билимини юксалтириш, уларни тўғри ҳаёт йўлига йўналтиришдек масъулиятни бажаришнинг ўзи бўлмайди.
Юлдузхон СИРОЖОВА,
Бахмал туманидаги 68-умумий
ўрта таълим мактабининг
математика фани ўқитувчиси
