ёхуд тутундан азият чекаётган аҳоли дардини ким эшитади?!
Қора меҳнат билан топилган ҳалол пул
Йўлчи Очилов Шароф Рашидов тумани “Ғозғонтепа” ҚФЙда истиқомат қилади. Ёши 31да. Бир нафар фарзанднинг отаси. Оила боқиш учун қилмаган иши қолмаган. Бугун у тумандаги “Тоза ҳудуд” ДУКга қарашли марказий чиқинди полигонидан темир, баклажка, целлофан йиғиб, иккиламчи хомашё учун топширади. Йўлчи қатори яна 5-6 нафар йигит шу ерда тирикчилик қилиб келади.
—Ҳар куни эрталаб келиб, чиқинди титишга мажбурман, — дейди Йўлчи Очилов. –Боиси, шу иш билан оила боқаман. Кунига 50-60 килограмм темир, 20-25 килограмм баклажка, 5-10 килограмм целлофан йиғаман, баъзида шу ҳам бўлмайди. Темирнинг килосини 1000, баклажканинг килосини 3000 сўмдан олишади. Кунлик даромадим – 70-80 минг сўм атрофида. Лекин топаётган пулимиз бу ерда ютаётган заҳримизга арзимайди. Аммо наилож, эгри йўл билан топилганидан кўра, қора меҳнат билан топилган ҳалол пулни афзал кўраман.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузуридаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасига қарашли Шароф Рашидов туманидаги марказий чиқинди полигонининг жами майдони 26,5 гектарни ташкил этади.

—Жамоамиз 10 кишидан иборат, 3 та техникамиз бор, — дейди марказий чиқинди полигони раҳбари Аброр Сайфиддинов. — Бу ерга кунига 350-400 тоннага яқин чиқинди олиб келинади. Чиқинди полигонида ишлаётган йигитлар иккиламчи хомашёни Бунёд Сарибоев исмли тадбиркорга топширади.
Ёзганингиз билан фойдаси йўқ
Марказий чиқинди полигони Зарбдор туманига олиб борадиган йўл ёқасида жойлашган. Ушбу серқатнов ҳудудда тутун ҳиди димоққа урилиб, кўнгилни беҳузур қилади. Айрим кунлари тутундан кўз очиб бўлмай қолади. Бу эса атрофда яшайдиган аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
—Шу ерда ишлаганимиз учун тутуннинг заҳрини ютишга мажбурмиз, — дейди Йўлчи Ўролов. – Бу эса соғлиғимизга зарар етказиши табиий. Қолаверса, зарарли тутундан ҳаво ҳам ифлосланаётган бўлиши мумкин.
—Мухбир ука, ёзганингиз билан барибир фойдаси йўқ. Юқори ташкилотларга шикоят қилавериб чарчадик, — дейди Шароф Рашидов тумани “Халқобод” МФЙда истиқомат қилувчи Фарида Умматова. – Фарзандларимизнинг бир томондан товуқхона ҳидини, бошқа томондан тутун ютиб улғайиши уларнинг ҳозирданоқ нафас йўллари билан боғлиқ бирон касалликни орттириб олишига сабаб бўлмасайди, деб қўрқамиз.
Аҳолининг сўзларига қараганда, тун чўкиши билан чиқинди полигонидан олов кўринади.
—Полигонда тахминан 15 метрлик чуқур бўлиб, у ерга йиллар давомида тўкилган ахлат остида газ йиғилган. Шу туфайли ўз-ўзидан туташ, чақнаш ҳолатлари кузатилади, — дея ҳолатни изоҳлайди марказий чиқинди полигони раҳбари Аброр Сайфиддинов. — Бироқ чиқиндиларни ёқишга йўл қўймаймиз. Бу ердан кўринган олов эса чуқурликда йиғилган газнинг шамол туфайли чақнаши натижасида юзага келган бўлиши мумкин.

Шамол, шабада – табиат ҳодисаси. Унинг кундузи ёки кечаси бўлиши инсониятга боғлиқ эмас. Шундай экан, юқоридаги важни шунчаки баҳона сифатида қабул қиламиз. Ваҳоланки, кечаси кичик чўғдан олов чиқишига сабаб бўлган шамол кундуз куни ҳам эсади. Лекин нимагадир олов айнан кечаси алангаланар экан. Майли, шундай бўлсин ҳам. Демак, марказий чиқинди полигонида ёнғин чиқиш хавфи юқори. Ушбу вазиятда эса ёнғинга қарши кураш учун зарур буюмлар ва техника хавфсизлиги талаб даражасида бўлиши шарт эмасми?
“Тағинам билмадим, гумон иймондан айиради…”
Қайд этилишича, полигонга Жиззах шаҳри ҳамда Шароф Рашидов тумандан кунига 400 тоннадан зиёд чиқинди олиб келинади. Афсуски, полигонда чиқиндиларни жойлаштириш ва санитария талабларига риоя этиш етарли даражада йўлга қўйилмаган. Полигонга келтирилган чиқиндиларни пешма-пеш кўмиш керак. Афсуски, шу куни келтирилган чиқиндилар кўмилмасдан уйилиб ётибди. Бироқ бу ерда уч дона махсус техника “қоққан қозиқдек” турибди. Сабабини сўраганимизда, полигон раҳбари Аброр Сайфиддинов техникалар таъмирда эканини айтди.
Қизиқ, қандай қилиб бирданига учта техника бирданига бузилиши мумкин? Бу баҳонами, ёки… Юқоридаги фикримиздан сўнг “Шум бола” фильмдаги Қоравойнинг бир гапи ёдимга тушди: “Тағинам билмадим, гумон иймондан айиради…”
Топшириқ қоғоздами?
Энди масалага бироз жиддийроқ ёндашсак. Мутахассисларнинг таъкидлашича, маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хомашё ҳисобланади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси унинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Шимолий Европада аллақачон чиқиндиларни алоҳида йиғиш йўлга қўйилган. Натижада қоғоз, пластик, алюминий каби хомашёнинг каттагина қисми қайта ишлашга юборилади. Бу жараённинг экомуҳитга ижобий таъсири жуда катта. Чиқиндиларни қайта ишлаш энергия ва хомашёни сезиларли даражада тежайди.
Статистик маълумотларга кўра, Японияда резина ва кабель буюмларининг 34 фоизи, шиша буюмларининг 43 фоизи, қоғоз ва картоннинг 54 фоизи чиқиндини қайта ишлаш эвазига олинаркан. Бу борада Хитой тажрибаси янада ҳайратланарли. Улар алюминий, темир, мис каби металлардан ясалган буюмларнинг 33 фоизини, жун, ипак, чарм-атторлик буюмларининг 34 фоизини турли чиқиндиларни қайта ишлашдан олади.
Бугун дунё мамлакатлари чиқиндиларни саралаш ва уларни қайта ишлаш борасида ижобий натижаларга эришяпти. Жанубий Корея чиқиндилардан биогаз, Швеция эса электр энергияси ишлаб чиқараётган бир пайтда, ўз юртимизда бу борада бирон-бир ижобий ўзгариш кўзга ташланмаса?
Жорий йилнинг 2 февраль куни Президентимиз ўтказган видеоселектор йиғилишида “Чиқинди корхоналари негизида ҳар бир вилоятда 1 тадан тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш маркази ташкил этилади” дея топшириқ берган эди. Тиббиёт чиқиндилари атроф-муҳит ва унинг деярли барча элементлари – сув, ҳаво, тупроқ, озиқ-овқат маҳсулотларининг ифлосланиши сабабли аҳоли орасида нафақат тўғридан-тўғри, балки билвосита инфекцион ва ноинфекцион касалликларнинг тарқалиши хавфини туғдиради. Шунинг учун мазкур муаммога жиддий ёндашиш зарур. Афсуски, чиқиндихоналар қошида ҳалигача утилизация қилиш марказлари ташкил этилмаган. Бироқ вилоятда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 26 апрелдаги 259-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом талабларидан келиб чиққан ҳолда, “MEGA ELSHODBEK GROUP” МЧЖ ҳамда “Maxsus tibbiy utilizatsiya” МЧЖ фаолият олиб боради. Ваҳоланки, вилоятдаги тиббиёт муассасаларида бир йилда ўртача 1023 тоннадан зиёд тиббиёт чиқиндилари ҳосил бўлар экан.
Қарор қабул қилинди, навбат ижрогами?
Мақоламиз тайёрланаётган бир пайтда Ўзбекистон Президентининг “Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2023 йилда Жиззах вилояти Зомин туманида 10 гектар майдондаги 36 747,0 тонна чиқинди рекультивация қилинади.
Шунингдек, 2023 йилда Жиззах шаҳрида 18 та янги чиқинди тўплаш шохобчаси қурилади. Қолаверса, 2023 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани “Бахт” МФЙ ҳудудида майдони 5 гектарлик, 2024 йилда эса Шароф Рашидов тумани “Ғозғонтепа” МФЙ ҳудудида 5 гектар майдонда қурилиш чиқинди полигонлари қурилиб, жиҳозланади.

2022-2023 йиллар давомида Жиззах вилоятида умумий ҳисобда 929 та янги чиқинди контейнери ўрнатилади.
Президент қарорида 2023 йилда Жиззах вилоятида тиббиёт чиқиндилари утилизация қилинадиган 3 та, шундан 2 таси инсинератор ва 1 таси автоклав участкаси қурилиб, 4 та махсус техника ажратилиши ҳам белгилаб қўйилган.
2023-2024 йилларда Жиззах вилоятида 26 352 та қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта юклаш станциялари ташкил этилади.
Шунингдек, 2024 йилда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов, Ғаллаорол, Зомин туманларида, қаттиқ маиший чиқинди полигонларида чиқиндиларни саралаш ускуналари ўрнатилади.
Сўнгги сўз ўрнида
Экологик муаммолар чегара билмайди. Табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳар бир инсоннинг виждон ишига, чинакам бурчига айланмагунча, экологик масалаларга ечим топиб бўлмайди. Кейинги йилларда табиатдаги кескин ўзгаришлар уни асрашга эътиборни янада кучайтириш, омма эътиборини экологик муаммоларга қаратиш, инсонларнинг экологик билим ва маданиятини бойитиш, уларнинг экологик тафаккурини, онгини янада юксалтириш мақсадида зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, изчил ва самарали тарзда амалга оширишни тақозо этмоқда. Бу каби лойиҳалар юқоридаги муаммоларнинг бартараф этилишига сабаб бўлар. Янаям билмадим. Ўша вақтлар келаверсин-чи…
Муқимбой Исмоилов
